Жаҳон | 11:47 / 06.01.2021
3379
2 дақиқада ўқилади

Араб давлатлари Қатар билан ярашув келишувини имзолади

Фото: Reuters

Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммити иштирокчилари Қатар билан ярашув ҳақидаги келишувни имзолади. Эндиликда араб давлатлари томонидан Доҳага нисбатан 3 йил давом этган блокада олинади.

Имзоланган жойи туфайли “Ал-Ула баёноти” деб ном олган ушбу келишув Қатардан блокаданинг олиниши, у билан барча чегараларнинг очилишини назарда тутади. Келишув Баҳрайн, БАА, Кувайт, Уммон, Саудия Арабистони ва Қатар томонидан имзоланган. Форс кўрфази давлатларидан ташқари, Миср ҳам Доҳа билан ҳаво алоқасини тиклашга розилик билдирган. 

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Сауд ушбу қарор араб давлатларига Қатар билан дипломатик алоқаларни тиклашга имкон беришини, бироқ Форс кўрфази давлатлари олдида турган бир қатор муҳим масалалар, жумладан террорчиликка қарши курашиш муаммосини кўриб чиқишни якунлаш кераклигини айтган.

Қатар ва бошқа араб давлатлари ўртасидаги муносабатларни яхшилаш бўйича музокараларда АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви ва маслаҳатчиси Жаред Кушнер ҳам иштирок этган. У томонлар позицияларини яқинлаштиришда ва Доҳага қўйилаётган талабларнинг юмшатилишида кўмак кўрсатган.

2017 йилда Саудия Арабистони, Миср, Баҳрайн ва БАА Қатар билан дипломатик алоқаларни узишини эълон қилган. Бунга ушбу давлатларнинг Доҳани араб давлатларидаги сиёсий вазиятни беқарорлаштиришда ва террорчи ташкилотларни қўллаб-қувватлашда айблаши сабаб бўлган. Кейинроқ бойкотга Яман, Ливия, Малдив, Маврикий, Мавритания, Комор ороллари иттифоқи ҳам қўшилган.

Ўз навбатида, Қатар ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган ва яккаланишини ўз суверенитетига тажовуз деб атаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид