Фан-техника | 18:21 / 08.01.2021
5590
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мингдан ортиқ IT-мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашувчи лойиҳа ишга тушмоқда

11 январ куни Тошкентда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва IT-паркнинг янги қўшма лойиҳаси – Future Skills Uzbekistan’нинг очилиш маросими бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, таклиф этилаётган лойиҳа республика бўйлаб 10та йўналиш бўйича мингдан ортиқ IT-мутахассисларини тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлашга ёки ўз-ўзини иш билан таъминлашига (freelancing) ёрдам беради.

Қайд этилишича, лойиҳадан кўзланган мақсад ахборот технологиялари соҳасида кадрларни тайёрлашда профессионал тизимни такомиллаштириш, меҳнат бозорида малакали IT-мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш, шунингдек, «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини муваффақиятли амалга ошириш ва аҳолининг кундалик ҳаётига рақамли технологияларни кенг жорий этишни таъминлашдан иборат.

Лойиҳанинг очилиш маросимида меҳмонларга бўлажак IT-мутахассислари учун танланган таълим йўналишлари ҳақида тақдимот бўлиб ўтиши режалаштирилган. Future Skills Uzbekistan доирасида қуйидаги 10та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланиши кутилмоқда:

  • web-дастурлаш;
  • мобил иловаларни ишлаб чиқиш;
  • IT-хавфсизлик ва тармоқ технологиялари;
  • маълумотлар билан ишлаш;
  • мобил ўйинларни ишлаб чиқиш;
  • мобил робототехника;
  • график дизайн;
  • 3D моделлаштириш;
  • инглиз тили;
  • IT-менежмент.

Бундан ташқари, маросим иштирокчилари мамлакат бўйлаб ўқиш ташкил этиладиган барча жойлар, рўйхатдан ўтиш усули, танлов мезонлари ва тўлов механизмлари, шу жумладан, ишсиз ва иш қидираётган фуқароларга ҳамда кам таъминланган оилаларда яшовчи шахсларга ўқиш учун бериладиган имтиёзли квоталар тўғрисида батафсил маълумот олишлари мумкин. Лойиҳа тақдимотида алоҳида эътибор 9 ойлик ўқиш ва амалиётни якунлагандан сўнг бандлик ва ўз-ўзини иш билан таъминлаш (freelancing) истиқболларига қаратилади.

Очилиш маросими Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида бўлиб ўтиши, унда ташкилотчилар лойиҳага оид барча саволларга жавоб бериши режалаштирилган.

Мавзуга оид