Ўзбекистон | 16:54 / 14.01.2021
2103
3 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазирлиги USAID билан ҳамкорликда янги таълим стандартларини ишлаб чиқади

Фото: uz.usembassy.gov

USAID вазирликни ислоҳотларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш учун 2019 йилнинг декабр ойида тўрт йиллик “Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури”нинг ижросини бошлади. Дастур АҚШнинг Research Triangle Institute (RTI) ва унинг ҳамкорлари бўлган Флорида давлат университети ҳамда Миссисипи давлат университети томонидан амалга оширилади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар беришича, Халқ таълими вазирлиги АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда мактаб ўқувчилари учун синфлар ва фанлар бўйича ўзлаштиришнинг янги стандартларини жорий этмоқда. Ҳар бир синф даражасида ўқувчилар билимини аниқ талаблар асосида белгилаш вазирликка керакли кўникмаларни ўргатадиган ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмалар ишлаб чиқиш имконини беради. Бу Ўзбекистон иқтисодиётида муваффақиятли бўлиши учун зарур бўлган танқидий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш ва амалий кўникмаларга эга бўлган мактаб битирувчиларини етиштириб берадиган сифатли таълим тизимини яратишнинг фундаментал элементларидан биридир.

Жорий йилнинг 14 январидан 1 февралгача бўлган даврида таълим соҳасидаги 60дан ортиқ мутахассис Халқ таълими вазирлиги ва USAID томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури” билан ҳамкорликда ўтказиладиган таълим стандартларини тақриз қилиш бўйича семинарда иштирок этади. Семинарнинг мақсади вазирлик ходимларини она тили ва математика фанларидан (1-4 синфлар учун) ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанидан (1-11 синфлар учун) таълим стандартларининг лойиҳасини тақризга тайёрлашдан иборат.

«Ушбу семинар ходимларимизнинг она тили, математика, информатика ва ахборот технологиялари фанларидан таълим стандартлари лойиҳаларини пухта тақриз қилиш малакасини оширади. Аниқ стандартлар асосида ўқитиш ва билим олиш юқори сифатли таълим стандартлари асосини ташкил этади ҳамда ўқувчиларнинг билим олишдаги натижаларини янада яхшилайди», - деди Халқ таълими вазирлигининг Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов.

Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълимни тизимли ва комплекс ислоҳ қилишнинг улкан дастурини амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. USAID вазирликни ислоҳотларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш учун 2019 йилнинг декабр ойида тўрт йиллик “Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури”нинг ижросини бошлади. Дастур АҚШнинг Research Triangle Institute (RTI) ва унинг ҳамкорлари бўлган Флорида давлат университети ва Миссисипи давлат университети томонидан амалга оширилади.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид