Ўзбекистон | 08:38 / 26.01.2021
23237
9 дақиқада ўқилади

Официант ёрдамчисидан сениор дастурчигача: MasterCard'да ишлаётган ўзбек йигити билан суҳбат

Саидбек Арислонов 27 ёшда. Тошкент шаҳрида туғилган. Ўрта махсус таълимни тиббиёт йўналишида олган бўлса-да, ҳозирда АҚШда MasterCard компаниясида full-stack дастурчи сифатида фаолият юритмоқда.

Саидбек «Осмондаги болалар» лойиҳасига берган интервьюсида официант ёрдамчилигидан сениор дастурчиликкача бўлган йўли, АҚШда дастурчилар қанча даромад кўриши, соҳасининг мураккабликлари ҳақида гапириб берди.

«АҚШда ҳам дарахтда пул ўсмайди»

— Ҳозирда MasterCard компаниясида сениор дастурчи сифатида ишламоқдаман. Менга Ҳиндистондан жамоа берилган. Ўз жамоам билан компания B2B платформасининг бир неча тилдаги версиясини ишлаб чиқиш устида ишламоқдамиз.

2012 йилда дадам грин-кард ютганлари учун АҚШга кетганмиз. Ўшанда 18 ёшда эдим. Бу мамлакатга келиб кўрганим шу бўлдики, дарахтда пул ўсмас экан.

Янги муҳит мен учун катта ўзгариш бўлган. Официант ёрдамчиси бўлиб ресторанга ишга кирганман. Ҳатто официант ҳам эмас, унинг ёрдамчиси. Ёрдамчининг вазифаси идиш-товоқларни йиғиштириш бўлган. Ўша йили АҚШда Сэнди тўфони бўлган ва мен ишлаётган ресторанни ҳам сув босган.

Кейинчалик дорихонага ишчи бўлиб ишга кирдим. Мижозларнинг уйига буюртмани етказиб бериш, юк ташиш кабилар вазифамга кирарди. Ўша пайтда New York Сity College of Technology'га ўқишга ҳам кирдим. 2 семестрни иш билан параллел олиб бордим. 3-семестр бошлангач, Uber'га ҳайдовчиликка ўтсанг, яхши пул ишлайсан дейишди. Ўқишим бўлгани учун дарс қиламан десам пул камайиб кетар, кўп пул топаман десам ўқишим тушиб кетарди. Иккисини ҳам яхши эплолмай, яна икки ярим йил юраманми деб ўйлаганман.

Шу пайтда Виржинияда яшайдиган акам бу штатга кўчиб келишни, бу ерда IT'ни тез ўрганиб, ишга кириб кетиш мумкинлигини таклиф қилганлар. Виржинияга кўчиб кетдим. Кечқурун пицца етказиб бериш хизматига ишга кирдим. Бешдан кечки ўн икки-биргача пицца ташиганман. Эрталаб тўққиз-ўндан бешгача фақат дарсда бўлганман.

«Бозорда «савалангач», камчиликларимни билганман»

— Бу пайтда дастурлаш ҳозиргидек жуда оммалашиб кетмаганди. Ўрганишим жуда қийин бўлган. Чунки керак-керакмас нарсаларни ҳам ўрганаверганман. YouTube'да видеоларни кўриб борганман. Бошида жуда кўп интервьюлардан йиқилганман. Ҳали яна тайёрланишим керак экан, деб ортга қайтмоқчи бўлиб турганимда бир компания ишга олган.

АҚШда ҳам дастурчиликни ўрганиш осон эмас. Талаб жуда катта, янги нарсалар чиқаётгани учун кўп талаб қўйилади. Лекин бу иложсиз дегани эмас, ҳаммаси ўрганиш мумкин бўлган нарсалар.

Ўрганиш жараёнида ўзимни қоронғи жойда кетаётгандек ҳис қилганман. The New Boston деган YouTube каналда 10–15та дарсни кўриб, бўлди, дастурлаш тилини ўргандим деб ўйлаганман. Лекин бу ҳали юздан бири экан.

Нимани билишим кераклигини ҳеч ким айтмаган. Бозорга чиққанимдан кейин, интервьюга борганимда мени ўртага олиб савол билан «савалашгандан» кейин камчиликларимни билганман, нималарни ўрганишим кераклигини тушунганман.

Ҳар бир интервьюга борганимда хато қилган нуқталаримни ёзиб олардим ва навбатдаги суҳбатга шуларни билиб ўрганиб борардим. 11-интервьюга борганимда ҳамма билганларимни сўрашган ва муваффақиятли ўтганман.

«Улар фақат дастур ёзадиган эмас, ўзи билан бирга қаҳва ича оладиган одам излашади»

— Битта компанияда узоқ ишламайман. Шартнома асосида 6 ой – 1 йил ишлайман. Чунки янги компания бу янги жамоа, янги технология, бу янги тажриба демакдир.

Тажрибамдан айтишим мумкинки, ишга киришда сизни интервью қиладиган одам 50 фоиз техник билимларингизга, 50 фоиз муомалангизга қарайди. Фақатгина техник кучингизни эмас, аввалги тажрибангиздан қанақа хулосалар чиқарганингизни ҳам инобатга олишади.

Инсонийликка ҳам катта эътибор берилади. Улар ишга олаётганда фақат дастур ёзиб ўтирадиган одам эмас, бирга қаҳва ичиб, гаплашиб ўтира оладиган одамни ҳам олаётганини яхши тушунади.

Ҳозирда менинг олий маълумотли деган дипломим йўқ. АҚШда кўпчилик олий таълимга эга бўлиш шарт эмас, деб айтади. Университетда ўргатиладиган нарсалар интернетда ҳам бепулга бор. Массачусетс технологиялар институти, Стенфорд каби нуфузли олийгоҳларнинг дарслари ҳам бор. Лекин барибир катта устозларим ўқиш кераклигини айтишади. Каттароқ лавозимга ишга ўтишда бакалавр ва магистратура керак бўлади, ўқиб қўйгин дейишади.

Умуман олиб айтганда, АҚШда сениор дастурчи бўлиш учун диплом сўралмайди. Тажрибангиз ва техник билимингизга қаралади.

АҚШда дастурчилар қанча даромад топади?

— Дастурлашни бошлаган одам 2–3 ҳафтада ўзини шу соҳада кўра олиш-олмаслигини сезади. Майда код ёзиб ўтириш, хатоларни излашга ҳамманинг ҳам сабри етмайди. Ўзини шу соҳага ураётганларнинг жуда кўпчилиги ҳозир пулига қизиқишяпти.

3 ойлик курс битирсанг, шунча даромадли касб эгаси бўласан деган чақириқлар ҳам бўляпти. Лекин одамлар фақат пулига қизиқиб боряпти. 1–3 ой зўрға битиради, аммо чуқур ўрганмаган.

Дастурлаш жуда катта сабр талаб қилади. Майда-чуйда нарсаларга бош қотириб ўтириш, битта нарсага ҳафталаб тикилиб ўтириш ҳолатлари, асаб бузилишлари бўлади. Дастурчи шунга мослашиши керак.

АҚШда сениор дастурчилар йилига ўртача 120 мингдан 150 минг долларгача олади. Силикон водийсидагиларники бундан ҳам кўпроқ, лекин у ерда нархлар ҳам шунга яраша қиммат. Бу даромад фақатгина АҚШда. Ўзбекистонда буни ваъда қилиб бўлмайди.

Дастурчиликка кириб келаётганлар қачон пул топишни бошлайман деб роса кўп сўрашади. Уларга айтмоқчи бўлганим – ризқ Аллоҳдан. Биз фақат ҳаракат қиламиз. Асосийси йўлга тушиш керак.

Масалан, ҳозирги компаниямда ишлашим жуда бемалол. Икки ҳафта учун олдиндан режа қилинади. Ишни икки кунда тугатиб қўяман. Силикон водийсида ҳам дастурчилар кунига 10–20 қатор код теришади. Бунга 10 дақиқа вақт кетади. Аммо бунақа бўлиши учун йўлга кириб олиб, озгина тажриба тўплаб олиш керак. Кейин бемалол ўтириш мумкин.

Муҳими, сўрашдан уялмаслик керак. Ҳар куни савол билан безовта қилган шогирдларим яхши ишларга киришган.

Ўзим ҳам аввал катта лойиҳани кўриб, бўшайман, ишлай олмайман деб ўйлаганман. Биринчи ишимга бориш-келишда мотивацион аудиолар эшитардим. Ҳар куни аниқ бўшайман, деб ўйлардим. Лекин келиб, ўз устимда ишлардим. Бунинг учун ҳам анча машаққат керак. Сениорликка етгунча аввал жуниор бўлганман.

«Дастурлашни болаликдан ўргатиш керак»

— Америка бозорига Ҳиндистон консалтинг компаниялари кириб олган. Буюртмаларини фақат ҳиндларга қилдиради, бегонага бермайди. Чунки компанияларнинг раҳбарлари – ҳинд. Америкада исталган IT-компанияга борсангиз, камида ярми ҳинд бўлади. Сабаби ҳиндларга кичкиналигидан математика, дастурлаш ўргатилади.

Бизда ҳам дастурлаш кўпроқ ёш болаларга ўргатилиши керак. Фақатгина президент, хусусий мактабларда эмас, энг оддий мактабларда ҳам дастурлаш ўқитилиши керак. Мактабда ўрганмаса, онлайн ўргансин. Ёшлигидан қизиқтириш керак.

АҚШда бола кичиклигидан дастурлашни ўрганаман деса ҳамма имконият бор. Ўқитиш жамоат мактабларида ҳам йўлга қўйиляпти. Бошида ўйин билан ўргатилади. Лего, роботлар ясайди. Ҳам ўйнайди, ҳам дастурлашни ўрганади.

«Битта ўйин келтирадиган даромад бутун бошли давлат бюджетидан кўп бўлиши мумкин»

— Ўзимнинг 18 ёшдаги ҳолатимни кўрганимда, «фақат ва фақат ўрганиш керак», деган бўлардим. Чунки шароит ва имконият бор. Бу пайтда рўзғор ташвиши йўқ. Фақат ўтириб ўқиш керак. Агар ҳаракатни бундан ҳам вақтлироқ бошлаганимда, балки ҳозиргидан ҳам яхшироқ бўларди.

Мақсадни катта қўйиш керак. Баъзида битта видеоўйиннинг даромади бутун бошли бир давлат бюджетидан ортиб кетиб қолади. Мисол учун, беларус ва украинлар аутсорсингга ишлайди. Беларус бюджети – четдаги лойиҳалардан келадиган пуллар. Бизда эса пахта терилади, олтин сотилади. Ундан кўра, битта IT маҳсулоти чиқарилса, ўша пул келади.

Россияга кетишади, лекин у ерда катта ойлик олишмайди. Нари борса 500 доллар ойлик. Агар дастурчи бўлса, бундан кўпини ўзимизда ҳам топса бўлади. Одам ўзи берилиб ўқийдиган бўлса, Россияга бориш шарт эмас.

Қизиғи, кадрлар иш топа олмаяпман дейишади, иш берувчилар эса кадр йўқ дейишади. Ҳақиқатан ҳам энг зўр кадрмисан, деса, ҳеч ким жавоб бера олмайди.

«Нима қилсам «ваув» деб мени ишга оласиз?» деб сўрашади. Лойиҳаларингни кўрсат, ўзинг қилган ишларни кўрсат, курслардаги сертификатингни кўрсат. Пешонасидан ўпиб ишга оламан.

Топ университетларнинг дарслари текинга турибди. Фақатгина ўз устида ишлаш керак, ҳайрон қолдира олиш керак. Ўқув марказларини битирганлар қанча. Лекин улар орасида бошқаларга қараганда ортиқча ҳаракат қилганларгина натижага эришади.

Мавзуга оид