Ўзбекистон | 14:27 / 01.02.2021
12613
2 дақиқада ўқилади

Давлат харидларида импорт товар ва хизматларни танлаш чекланди

Ўзбекистон ҳукумати маҳаллийлаштиришга доир қарор чиқарди. Хорижда ишлаб чиқарилган 529 хил маҳсулотнинг давлат харидларидаги иштироки тақиқланди.

Фото: norma.uz

«Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари тўғрисида» ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар ва хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг давлат харидларидаги иштирокини вақтинчалик тақиқлаш тизими жорий этилади.

Маҳаллий маҳсулотларга эса импорт товарлари нархининг 15 фоизигача бўлган миқдорда имтиёзлар қўлланилади.

Давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чекланган хорижий товарлар рўйхатига 529 турдаги маҳсулот ва хизматлар киритилган. (Қарор лойиҳасида маҳсулот ва хизматлар турлари сони 302 хил эди).

Тасдиқланган рўйхатга озиқ-овқат, электротехника, кимё саноати, тўқимачилик, транспорт эҳтиёт қисмлари, пластмасса, қоғоз, керамика, шиша, металл буюмлар ва бошқа турдаги маҳсулотлар киритилган.

Давлат органлари ва ташкилотларига қайси импорт-товарларни сотиб олиш чекланишини ишчи орган (Иқтисодиёт вазирлигининг Электрон кооперация портали маркази) ҳал қилади. Бунда ишчи орган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг мурожаатлари ва давлат ташкилотларининг таклифларига асосланади.

Рўйхатда келтирилган товарларни давлат харидлари асосида импорт қилиш учун давлат буюртмачиси ишчи органга ариза билан мурожаат қилиши керак.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нарх имтиёзлари тендерда (танловда) хорижий етказиб берувчилар билан бирга 2 ёки ундан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг таклифлари олинган ҳолатда қўлланилади.

Қарор билан қуйидаги 2та низом тасдиқланди:

  • Давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган хорижда ишлаб чиқарилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга (ишлар, хизматларга) преференция бериш тартиби тўғрисидаги низом.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 21 августда президентнинг «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган, унда давлат харидлари тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириш белгиланган эди.

Мавзуга оид