Ўзбекистон | 19:23 / 03.02.2021
11699
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қанча маҳкум коронавирусга чалингани маълум қилинди

Ўзбекистондаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг 9 фоизи коронавирусга чалинган, шунингдек, 2 нафар оғир бемор муддатидан аввал озод қилинган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Албатта, жазони ижро этиш тизимида ҳам коронавирус инфекцияси қайд этилди. 2020 йил март ойида юртимизда коронавирус аниқланган бўлса, биз ССВ билан бу борада ишладик ва 4 ой мобайнида касалликни жазони ижро этиш муассасаларига киришига йўл қўймадик” – дея ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи, полковник Баҳодир Юсуповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг айтишича, жазони ижро этиш муассасаларида ҳам коронавирус аниқлангач, симптомсиз ва енгил шаклида касал бўлган маҳкумлар тизимнинг ўзида даволанган. Оғир ва ўрта оғир шакллари эса Соғликни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги 4 та карантин ҳудудларига юборилган.

«Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ўрта ҳисобда сақланаётган маҳкумларнинг 9 фоизи касал бўлиб ўтди. Лекин бирорта ҳам ўлим ҳолатига йўл қўйилмади.

Ўта оғир касал бўлган Қашқадарё ва Бухоро вилоятида сақланаётган 2 нафар маҳкум Жиноят кодексининг 75 моддаси ва Жиноят ижроия кодексининг 165 моддасига биноан вақтидан аввал озод қилинди,” – деди Баҳодир Юсупов.

ИИВ мулозими коронавирусга чалинган маҳкумларнинг аниқ сонини келтириб ўтмаган.

Аввалроқ, Ўзбекистон қамоқхоналарида 27 минг 500 нафар маҳкум жазони ўтаётгани, шунингдек, пробация бўлинмаларида 57 минг 36 нафар шахс назоратда тургани маълум қилинган эди.

Мавзуга оид