Ўзбекистон | 18:04 / 13.02.2021
27596
2 дақиқада ўқилади

Олий таълим вазирлиги Malibu-2 сотиб олмоқда

Давлат органларидаги хизмат автомобилларига оид қарор лойиҳаси эълон қилинганига ярим йил бўлди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарийб 326 млн сўмга Malibu-2 автомобилини харид қилишга шартнома тузди. Тегишли ахборот давлат харидлари порталига жойланди.

Kun.uz мухбири вазирликда қимматбаҳо автомобилга қанчалик зарурат бўлгани билан қизиқиб, вазир ўринбосари Сарвар Бузрукхонов билан боғланди.

Бузрукхоновга кўра, шартномада кўрсатилган хизмат автомобили вазир ўринбосарларидан бири учун амалдаги хизмат автомобили техник жиҳатдан эскиргани сабабли харид қилинмоқда.

«Шу ҳақдаги хабар Давлат харидлари порталида жойлаштирилганидан кейин турли изоҳлар ёзилганини кўрдим. Аввало шуни айтиш керакки, хизмат автомобили вазир учун эмас, вазир ўринбосарларидан бири учун харид қилинмоқда. Абдуқодир Тошқулов ҳукумат берган ва барча вазирлар фойдаланадиган хизмат машинасидан фойдаланишда давом этяпти.

Хўш, нега хизмат автомобили харид қиляпмиз? Бунинг сабаби, вазир ўринбосарларидан бири 2014 йилдан буён «Lacetti-Gentra» русумли автомобилдан фойдаланиб келади.

Бу йиллар давомида ушбу транспорт воситасининг техник ҳолати эскирган. Шу туфайли у кўп харажатни талаб қиляпти. Биз мана шу харажатларни камайтириш учун ҳам уни алмаштиряпмиз», – деди Сарвар Бузрукхонов.

Унинг қўшимча қилишича, Malibu-2 автомобили аввалдан қилинган режа асосида, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан харид қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, декабрь ойида Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбари ишни Malibu-2 хариди билан бошлаганди.

Умуман, 2020 йил давомида гарчи пандемия ва у билан боғлиқ иқтисодий инқироз рўй берган бўлса-да, Ўзбекистондаги кўплаб марказий ва маҳаллий давлат органлари қимматбаҳо автомобиллар харид қилгани жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлди.

Бундан 6 ой олдин, ўтган йилнинг 12 августида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилганди.

Мавзуга оид