Махсус хизматлар Ўзбекистондан Туркияга FETÖ’нинг икки аъзосини қайтарди
Туркия Миллий разведка ташкилоти (MİT) операцияси натижасида Ўзбекистондан Туркияга Фатҳулла Гулен ташкилотининг (FETÖ) икки аъзоси қайтарилди.
Anadolu ахборот агентлигининг хабар беришича, турк махсус хизматлари Туркияга Гюрбуз Севилай ва Тамер Авжини қайтаришган.
ОАВ маълумотларига кўра, мудофаа саноатида фаолият юритган Севилай 2016 йил 15 июлда Туркияда амалга оширилган давлат тўнтарувига уринишдан кейин FETÖ’нинг давлат хизматидан бўшатилган юқори мансабдор аъзоларини ўз фирмасига ишга ёллаган. У, шунингдек, Гулен ташкилоти аъзолари билан 2017 йилда алоқада бўлган.
2019 йилда Севилай Курдистон ишчи партиясини ракеталар, радиолокацион ва дронларга қарши тизимлар билан таъминлаш учун Ироқ шимолига йўл олган. У Сурияга ноқонуний тарзда кириб, Ҳасакада жангарилар қурол, ўқ-дори ва транспорт воситалари ишлаб чиқарган объектларга ташриф буюрган ҳамда уларнинг етакчилари, жумладан Мазлум Кобаний номи билан ҳам маълум бўлган Фарҳод Абди Саҳин билан учрашган.
Хабарда таъкидланишича, Севилай Ўзбекистонда FETÖ аъзоларига молиявий ёрдам кўрсатиш ва Қирғизистон ҳамда Украинада гуруҳнинг давлат идораларига кириб олган аъзолари ёрдамида фирмалар очишда гумон қилинмоқда.
Тамер Авжи эса талабаларни FETÖ сафига ёллашда ва ташкилотга тегишли компанияларда раҳбарлик лавозимларида ишлашда гумон қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Туркияда 2016 йил 15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси FETÖ’га аъзо бўлган ҳарбийлар ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уринишни амалга оширганди.
FETÖ раҳбари Фатҳулла Гулен айни вақтда АҚШнинг Пенсильвания штатида яшайди. Туркия АҚШдан уни экстрадиция қилишни талаб қилиб келади.
Мавзуга оид
23:12 / 19.11.2024
Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?
11:40 / 19.11.2024
Туркияда қариндоши томонидан фоҳишаликка мажбурланган қиз Ўзбекистонга қайтарилди
17:29 / 18.11.2024
Bloomberg: Эрдўған Россия—Украина урушини музлатиб қўйиш режасини тайёрлади
21:10 / 17.11.2024