Ўзбекистон | 15:29 / 16.02.2021
7482
3 дақиқада ўқилади

«Mercedes Benz»даги 722 миллион сўмлик найранг иш бермади — божхона хабарлари

Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маълумот берди.

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси «Сирдарё» чегара божхона пости ходимлари томонидан қўшни давлатдан кириб келган фуқаро М.А. бошқарувидаги «Mercedes Benz 930.21» русумли юк автомобили ўрнатилган тартибда инспекцион кўрик мажмуаси ёрдамида текширувдан ўтказилди.

Натижада, автотранспорт воситасининг юкхона ва салони ётоқ қисми тагида яширилган, йўл-юк ҳужжатларида ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ҳамда оғзаки савол-жавобда маълум қилинмаган, умумий қиймати 722 295 000 сўмлик, 86 турдан иборат товарлар борлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан божхона суриштируви давом этмоқда.

Ҳужжатларда кўрсатилмаган 6 млрд сўмлик товарлар фош бўлди

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага карши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари «Чуқурсой» ТИФ божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда юк ҳужжатларида кўрсатилмаган товарларни Ўзбекистон ҳудудига олиб киришга бўлган уринишни фош этишди.

Хорижий давлатдан Андижон вилоятида фаолият юритувчи жамият номига олиб келинган юк контейнери ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, 4 турдаги товарлар жойлаштирилгани кўрсатилган мазкур контейнерда ҳужжатларда қайд этилмаган, киймати 6 млрд 202 млн сўмлик қўлқоплар, фонар, кузойнаклар ҳамда бошқа турдаги товарлар мавжудлиги аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур товарларга 2 млрд 620 млн сўм божхона тўловлари ҳисобланди. Божхона суриштируви давом этмоқда.

300 млн сўмлик «Арбидол»нинг ноқонуний айланмаси тўхтатилди

Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда олдиндан олинган тезкор маълумотларга асосан навбатдаги «ЯМА» тезкор тадбирини ўтказишди.

Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Н.га тегишли нотурар бино кўздан кечирилди.

Натижада, бинода сифати кафолатланмаган, умумий қиймати 302,4 миллион сўмлик 2520 қути «Арбидол» номли дори воситалари ноқонуний тарзда сақланаётгани аниқланди.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид