Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Тадбиркорларга хориждан газни импорт қилиш имкониятини яратишимиз керак» – Биржа
Табиий газни бозор механизмлари асосида сотиш учун сотувчи ва олувчи кўп бўлиши керак. Бизнинг ҳозирги тизим – монопол. Яъни сотувчи фақат битта, олувчи кўп. Бу ерда бозор механизми мавжуд эмас. Бизда табиий газни жорий қилиш имконияти бор, дейди Товар-хомашё биржаси раиси ўринбосари Зулфиддин Камолов.
Товар-хомашё биржаси раисининг биринчи ўринбосари Зулфиддин Камолов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида табиий газни бозор механизмлари асосида сотишни йўлга қўйишнинг бугунги кундаги зарурияти ҳақида гапирди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Камоловга кўра, айни вақтда республикадаги табиий газ олди-сотди тизими монополияга асосланган ва бу ёмон. Эркин савдони йўлга қўйиш орқали тадбиркорлар чет элдан газ импорт қилиш имкониятига эга бўлишлари ва шу орқали мамлакат иқтисодиёти сезиларли ўсиши мумкин.
«Табиий газни бозор механизмлари асосида сотиш 2021 йилда кўтарилган масала бўлса, Европа ёки Америкада бу 20-30 йил аввал амалга оширилган. Яъни ушбу бозор механизми – Газ Hub’и дейилади.
Бу тизимни амалга ошириш учун бозорда сотувчи ва олувчи кўп бўлиши керак. Бизнинг ҳозирги тизим – монопол. Яъни сотувчи фақат битта, олувчи кўп. Бу ерда бозор механизми мавжуд эмас. Бизда табиий газни жорий қилиш имконияти бор.
Бунинг учун биринчи ўринда техник жиҳатдан газни етказиб бериш тизимини такомиллаштиришимиз ва асосий харидорларни аниқлаб олишимиз лозим. Уларга техник талаблар ишлаб чиқишимиз, қанақа ҳисоблагичлар бўлиши, қандай босимларда етказиб берилиши каби талаблар аниқ ёзилиши ва норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиши керак.
Бунда сотувчиларни ҳам бир неча турга кўпайтиришимиз зарур. Яъни битта Ўзбекистонда эмас, тадбиркорларга Қозоғистон, Туркманистон ёки бошқа давлатлардан газни импорт қилиш имкониятини яратишимиз зарур.
Буни бензин мисолида кўришимиз мумкин. Илгари бу маҳсулот Тошкент шаҳрида етарли бўлса-да, вилоятларда тақчил эди. Бозор механизми жорий қилинганидан кейин, бензин тақчиллиги вилоятларда ҳам йўқолди.
Ҳозир қайси вилоятга борсангиз газ етарли. Сабаби бензин етказиб берувчилар кўпайди. Яъни бу битта ташкилотга боғлиқ эмас, бозорга бир нечта ташкилот кириб келади. Бозорда иштирокчилар сони кўпаяди. Табиий газда худди шу нарсани ташкил қилиш керак.
Тўғри, муаммолар кўп. Газ етказиб беришда йўқотишлар бўлади. Қишнинг совуқ келиши бор. Ўша пайтда газ босими ўйнаши кузатилади.
Бу ерда газнинг ўзига хослик жиҳатлари жуда кўп. Шунинг учун ишчи гуруҳ ташкил қилганмиз. Хорижий тажрибани ҳам ўрганамиз. Чет элларга бориб келамиз. Керак бўлса, у ёқдан экспертлар жалб қиламиз. Ва босқичма-босқич шу нарсага ўтишимиз керак. Бозор иқтисодиёти шароитига келишимиз зарур. Улгуржи истеъмолчи пулини тўладими, ўз газини олиши керак. Қайси етказиб берувчи бўлишидан қатъи назар, мана шандай бўлиши лозим», – деди у.
Аввалроқ, Ўзбекистонда 2021 йилнинг 1 июнига қадар табиий газни юридик шахсларга бозор тамойиллари асосида сотиш механизми ишлаб чиқилиши хабар қилинганди. Мазкур вазифа президент фармони билан тасдиқланган 2021 йилги давлат дастурида белгилангани айтилган.
Шунингдек, UZEX биржа бош маклери Мансур Тўйчиев 2021 йилда бир қатор маҳсулотлар қатори табиий газни ҳам биржа савдоларида сотиш механизмини яратиш бўйича хорижий тажриба ўрганилаётгани ҳақида гапирган.
Мавзуга оид
12:26 / 26.05.2025
Биржага чиқариладиган олтин ҳажми оширилади
09:46 / 22.05.2025
Ўзбекистонда “чиройли” авторақам 722 миллион сўмга сотилди
20:30 / 17.05.2025
Эрдўған Қора денгизда 30 миллиард долларлик газ кони топилганини эълон қилди
12:53 / 02.05.2025