Спорт | 17:07 / 22.02.2021
15328
12 дақиқада ўқилади

Бузилган анъаналар. Ҳафтанинг энг эътиборли воқеалари

Фото: Getty Images

Дам олиш кунларида Европа футболи қизиқарли воқеаларга бой бўлди ва бир қатор анъаналар ҳам бузилгани билан ёдда қолди. «Манчестер Сити»нинг навбатдаги ғалабаси, Каземиро яна «Реал»ни қутқариши, «Бавария»нинг мағлубияти у қадар таъсир доираси кенг воқеалар эмас, бир қараганда, шунинг учун бу сафар, ростан ҳам эътиборга арзийдиган учрашувларга, бузилган анъаналарга эътибор қаратдик.

 «ЛИВЕРПУЛЬ» ШЎНҒИШДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

«Ливерпуль» – «Эвертон» – 0:2

Турнир жадвалининг юқори қисмида бўлган ва Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашда давом этаётган «Ливерпуль» ҳақида шўнғиш жумласини ишлатиш балки нотўғридир, аммо биз сўнгги икки йилда барқарор ва кучли ўйини билан ўргатиб қўйган «Ливерпуль» билан солиштиряпмиз.

«Ливерпуль» ўтган мавсумнинг шу даврига нисбатан 30 очко кам жамғарган – шу пайтгача ҳеч қайси амалдаги чемпион бу даражадаги фарқни бермаганди. Клопп шогирдлари яна бир қатор антирекордларни қайд этди бу турда. Жамоа қаторасига 4 марта ўз уйида мағлубиятга учради. Салкам уч йил умуман мағлубиятсиз бўлган «Энфилд» учун бу катта зарба. «Ливерпуль» Англия чемпионатида қаторасига 4 уй мағлубиятига охирги марта 1923 йилда учраганди. Дерби ғолиби «Эвертон» эса 1999 йилдан буён илк марта қўшни стадиондан уч очко билан қайтмоқда. Умуман, АПЛда «Эвертон» «Ливерпуль»ни охирги марта 11 йил олдин енгганди.

Яна битта факт – АПЛ доирасидаги сўнгги 6 уй ўйинида «Ливерпуль» атиги бир марта гол урди. У ҳам бўлса, пенальтидан. Тўғри, жамоада жуда кўп футболчилар жароҳатланишган, айниқса, марказий ҳимоядаги муаммолар тўрт ойдан бери давом этмоқда. Лекин бунчаликмас-да, энди?

«КАДИС» – ГРАНДЛАР КУШАНДАСИ, «ЛЕВАНТЕ» ИНТРИГАНИ ҚАЙТАРДИ

«Атлетико» – «Леванте» – 0:2, «Барселона» – «Кадис» – 1:1

Турнир жадвалида ўзини анча қулай ҳис қилиб келган ва чемпионликни нишонлаш худди вақт масаласидек туюлган «Атлетико» уч кунда «Леванте» билан икки марта ўйнади ва атиги 1 очко олди. Валенсияликлар мана шу тарзда унутилаёзган интригани Ла Лигага қайтаришди. Эндиликда, Симеоне шогирдлари «Реал»дан атиги 3 очко олдинда. Тўғри, яна бир захира ўйини ҳам бор, аммо келаси турда «Атлетико» айнан «Реал» билан ўйнашини эътиборга олсак, босим янада ортиши турган гап.

«Леванте» ўз йўлига, Испанияда бошқа бир зўр жамоа бор – «Кадис». «Барселона» билан ўйин олдидан ўтган 4 ўйинда жамоа 4 марта мағлубиятга учраган ва 15та гол ўтказиб юборган. Охирги уч ўйиннинг ҳар бирида 4тадан гол ўтказилган. Агар «Атлетико» очко йўқотган бўлса, орадаги масофани қисқартириш учун идеал рақиб, шундай эмасми?

Йўқ. Айнан «Кадис» бу мавсумда «Реал» ва «Барселона»нинг кушандасига айланяпти. Мана шу тўртталаб гол ўтказиб юрган ҳимояга «Барселона» атиги бир марта пенальтидан гол ура олди. Бунинг устига ўйин охирида гол ўтказиб, 1:1 ҳисобига рози бўлди. «Кадис» биринчи даврада ўз майдонида «Барселона» устидан ғалаба қозонгани, шунингдек, «Сантьяго Бернабеу»дан уч очко билан қайтганини ҳисобга олсак, саволлар янада кўпаяди – қандай қилиб?

Бу ўйинда «Барселона» учун «қора ҳафта» давом этган бўлса-да, Месси навбатдаги рекордни ўрнатди - «Барселона» сафида ўтказилган ўйинлар сони бўйича Хавини ортда қолдирди - 506-ўйин. Қолаверса, бу жамоанинг яна бир фахрий футболчиси Бускетс учун юбилей 400-ўйин эди. Месси рекордини гол билан нишонлади - «Кадис» Мессидан Ла Лигада гол ўтказган 38-жамоа, барча турнирлар доирасида Мессидан жабрланган 81-жамоа бўлди. Шунингдек, Месси 11-метрлик жарима зарбасини голга айлантириш орқали Криштиану Роналдунинг Испания чемпионатида «нуқта»дан гол уриш бўйича рекордини такрорлади - пенальтидан 61-гол.

ПОЧЕТТИНО ВА СОВРИНЛАР

«ПСЖ» – «Монако» – 0:2

Аввал «Эспаньол»ни, кейин Англияда «Саутҳемптон» ва «Тоттенҳэм»ни бошқарган Маурисио Почеттинони совринлар юта олмасликда кўп айблашади. Каталонияликлар билан бирор кубокни ютиш шундоғам мушкул, унинг даврида «Саутҳемптон» чемпионшипдан келиб-кетувчи жамоадан АПЛнинг ўртамиёна жамоасига айланди, «Тоттенҳэм» эса мураббий келгунча ҳам мана шундай мақомда бўлган. Аргентиналик мутахассис «ПСЖ»га ўтишга рози бўлгач, ниҳоят бу «қарғиш»га барҳам берилишига ҳамма ишона бошлади. Зеро, «ПСЖ» ҳатто мураббийсиз ҳам совринлар юта оларди. Шундай бўлди ҳам, январда парижликлар Франция Суперкубогини қўлга киритишди. Почеттино ҳам.

Аммо маълумки, Суперкубок тўлақонли турнир эмас, унинг пойдевори аввалги мураббий томонидан қўйилади. Қизиғи, Почеттино ушбу мавсум «ПСЖ» билан Франция чемпионатида ғалаба қозона олмай қолиши мумкин. Ана шунда, гап-сўз янада кўпайиши, Почеттинонинг соврин юта олмаслиги ҳақида фикрлар авж олиши мумкин.

«ПСЖ» кеча ўз майдонида «Монако»га 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйди ва «Лилль»дан 4, «Лион»дан 1 очко ортда қолмоқда. «Лилль»нинг охирги 8 ўйиндан 7тасида, «Лион» эса охирги 6 ўйиндан 5тасида ғалаба қозонганини эътиборга олсак, пешқадамлар анча барқарор, етиб олиш осон бўлмайди.

Париж жамоасининг «Монако»дан мағлубияти мавсумда олтинчиси бўлди. Ҳали мавсум тугамади, лекин «ПСЖ» қатарликлар сотиб олганидан сўнг, бирор марта бир мавсумда 6 марта мағлубиятга учрамаган эди.

 МОЙЕСНИНГ ИЛК ҒАЛАБАСИ

«Вест Ҳэм» – «Тоттенҳэм» – 2:1

Бир вақтлар Алекс Фергюсон ўзига ворис сифатида Жозе Моуриньони эмас, Дэвид Мойесни танлаганида, кўпчилик ҳайрон бўлганди. Шотландиялик мураббий «Олд Траффорд»га келгач, ушбу стадиондаги илк ўйинини Моуриньога, унинг «Челси»сига қарши ўтказганди. Ўшанда мезбон мухлислар Speсial One’га қиёсан, Мойесни Chosen One (Танланган) деб аташганди.

Ўйинда ҳисоб очилмаган ва бир анъана давом этган: Мойес ўша ўйингача ҳам, шундан кейин ҳам, Моуриньо жамоаларига қарши ўйинда ғалаба қозона олмаган. «Эвертон», «Юнайтед», «Сандерленд» ва «Вест Ҳэм» каби жамоалар ролида у Моуриньо билан 15 марта баҳслашиб, 6 дурангга эришган ва 9 ўйинни бой берган. Ниҳоят, илк марта Мойес португалиялик ҳамкасби устидан устун келди.

Нафақат устун келди, балки «Вест Ҳэм» охирги 10 ўйиндаги 8 ғалабадан сўнг, кучли тўртликка жойлашиб олди ва Моуриньонинг «Тоттенҳэм»идан 9 очко илгарилаб кетди. 2021 йилда «Вест Ҳэм» Англияда фақат «Манчестер Сити»дан камроқ очко тўплади, холос.

Кейинги турда Мойес айнан «Манчестер Сити» билан тўқнаш келади. У Гвардиолани ҳам ҳеч қачон мағлуб эта олмаган.

ЛУКАКУ БУ САФАР ҲАМ ҒОЛИБ

«Милан» – «Интер» – 0:3

«Ювентус» ўтган турда «Наполи»дан мағлубиятга учрагач, Миланнинг икки клуби учун чемпионлик янада яқинроқ ва реалроққа айлана бошлади. Шунинг учун ҳам навбатдаги дерби чемпионлик учун баҳсга айланиб кетди. Анча барқарорроқ ва тажрибалироқ кўринган «нерадзурри» ғалаба қозониб, рақибидан 4 очко илгарилаган ҳолда яққол пешқадамга айланиб олди.

Ўйин қайсидир маънода Лукаку ва Златан ўртасидаги рақобат билан ҳам интрига яратаётганди. Биринчи даврадаги ўйинда Ибраҳимовичнинг дублига Лукаку бир гол билан жавоб берган ва швециялик ҳужумчи ғолиб бўлганди. Ўтган ҳафта бўлиб ўтган кубок ўйинида эса, ҳужумчилар биттадан гол уришди ва Эриксеннинг голи «Интер»га 2:1 ҳисобидаги ғалабани тортиқ қилди. Ўша ўйин айниқса, икки ҳужумчининг салкам муштлашиб кетишлари билан ёдда қолди – айнан шу зиддият навбатдаги дербида ҳам бўй кўрсатиши кутилганди.

Ҳужумчилар ўзаро тўқнашмадилар, аммо майдонда Лукаку «Манчестер»даги собиқ жамоадошига «дарс берди». Ибраҳимович бир қатор вазиятлардан фойдалана олмаган бўлса, бельгиялик ҳужумчи ҳисоб очилган голда асосий ишни бажарди. Ўйин якунида эса индивидуал маҳорати билан ҳисобни 3:0 кўринишига етказиб, барча масалага нуқта қўйди.

«Интер» – пешқадам, Лукаку эса голлар сони бўйича Криштиануни ҳам ортда қолдириб, бу жадвалда ҳам пешқадам бўлиб олди. Ана энди нега ўз вақтида Антонио Конте Ромелуни ўзи бошқараётган «Челси»га олиб келишга бу қадар уринганини тушунишимиз мумкин. Ҳужумчи энг кучли ва сермаҳсул ўйинларини айнан Конте бошқарувида ўтказмоқда. Масалан, «Юнайтед» сафида у 66 ўйинда 28 гол урган. «Интер»да эса, 58 ўйинда 40та. Умуман, Лукаку Англиядаги фаолиятида ҳар ўйинда ўртача 0.45 гол урган бўлса, «Интер»да бу кўрсаткич 0.69 гача ошган.

ЭЛДОР «ЖЕНОА»ГА ОЧКО КЕЛТИРДИ

«Женоа» – «Верона» – 2:2

Бироз парадоксал фикр, ахир ҳар қандай гол ҳам жамоага очко келтириши мумкин, тўғрими? Лекин қизиғи, шу пайтгача Шомуродов А Серияда икки гол муаллифи бўлган ва ҳар икки ўйинда ҳам «Женоа» 1:2 ҳисобида ютқазганди. Унинг «Парма» ва «Сассуоло» клубларига урган голлари оқибатда фойдасиз бўлиб чиққан.

Қизиғи, нафақат «Женоа», балки бошқа жамоаларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, Элдорнинг охирги 4 голи якунда жамоанинг 1:2 ҳисобидаги мағлубияти билан тугаган экан. «Ростов»нинг «Маккаби» билан, Ўзбекистон миллий жамоасининг Эронга қарши ўйинлари айнан мана шундай якунига етган экан.

Шомуродов иккинчи бўлим бошида ўйинга қўшилди ва бир дақиқа ўтар-ўтмас рақиб ҳимоячисининг хатосидан кейин тўпни эгаллаб, ҳисобни тенглаштирди.

«Жаноа» – «Верона» учрашувининг 90+5 дақиқасида Милан Бадель томонидан урилган гол Элдорнинг мана шу қора анъанасига барҳам берди. Бу сафар ўзининг А Серияда учинчи голини урган ва яна жамоаси билан 1:2 ҳисобида ютқазаётган ҳужумчимиз қутқариб қолинди – 2:2. 

Мавзуга оид