Жаҳон | 00:24 / 26.02.2021
3090
2 дақиқада ўқилади

Баҳрайн дунёда биринчи бўлиб Johnson&Johnson компанияси вакцинасидан фойдаланишга рухсат берди

Баҳрайн бундан ташқари, "Спутник V", Pfizer-BioNTech ва AstraZeneca ҳамда Sinopharm вакциналарини ҳам маъқуллаган.

Фото: AP

Баҳрайн ҳукумати дунёда биринчи бўлиб Johnson&Johnson компаниясининг коронавирусга қарши бир дозалик вакцинасидан фойдаланишга рухсат берди. Бу ҳақда Associated Press (AP) агентлиги хабар бермоқда.

Назорат ташкилотининг билдиришича, вакцина "коронавирус юқишидан кучли ҳимоя қилади". Экспертлар компания томонидан тақдим этилган барча ҳужжатларни ўрганиб чиқишган.

Ҳукумат вакцина аҳолининг энг заиф қатламига, хусусан кекса ёшдагилар ва сурункали касаллиги бўлган одамларга таклиф этилишини билдирди.

Баҳрайн бундан ташқари, "Спутник V", Pfizer-BioNTech ва AstraZeneca ҳамда Sinopharm вакциналарини ҳам маъқуллаган.

Агентликнинг эслатишича, ҳозирда Johnson&Johnson вакцинаси АҚШ, Европа ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида ўрганилмоқда. 

Январда Johnson & Johnson компаниянинг коронавирусга қарши бир дозалик вакцинаси самарадорлиги 66 фоизни ташкил этишини маълум қилганди. Компания 2021 йил охирига қадар 1 млрд дозага яқин вакцина ишлаб чиқаришни режалаштирган.

Баҳрайнда пандемия бошланганидан буён коронавирус юқтириш билан боғлиқ 119 858та ҳолат қайд этилган, беморларнинг 437 нафари вафот этган. Баҳрайн коронавирусга қарши эмлаш борасида дунёда етакчилар қаторида бўлиб, аҳолининг 17 фоизга яқини камида бир доза вакцина билан эмланган.

Мавзуга оид