Жамият | 15:48 / 04.03.2021
3647
3 дақиқада ўқилади

2020 йилда фермерлардан ер участкалари ноқонуний олиб қўйилиши бўйича 500дан ортиқ мурожаат келиб тушган - Бизнес-омбудсман

2020 йилда фермер хўжаликларидан ер участкалари ноқонуний олиб қўйилиши юзасидан 500дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Бизнес-омбудсман етакчи инспектори Ўктам Чориев маълум қилди.

«Бизнес-омбудсман девонига 2020 йилда фермер хўжаликларидан ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналаридан ер участкалари ноқонуний олиб қўйилиши юзасидан 511та мурожаат келиб тушган. Энг кўп мурожаатлар Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Вакил томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат ҳокимияти органларига 30та тақдимнома, судларга 36та ариза, 9та кассация ва назорат шикоятлари ва 3та хулоса киритилган. Натижада ер майдонлари фермер хўжаликларига қайтарилган», деган Ўктам Чориев.

Маълум қилинишича, Ер кодексининг 46-моддасига асосан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар фермер ва деҳқон хўжаликларни, боғдорчилик, полизчилик, чорвачилик ва узумчиликни юритиш учун берилади. Чорвачилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалиги эса камида 30 бош чорва моли бўлган тақдирда ташкил этилади.

Ер участкалари берилганда фермер хўжалиги ўз зиммасига қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги (уч йил учун ўртача йиллик ҳосил ҳисобида) қонун ҳужжатларида белгиланган норматив ҳосилдорликдан кам бўлмаслигини таъминлаш мажбуриятини олади. Бу мажбурият ер участкасини ижарага олиш шартномасида мустаҳкамлаб қўйилади.

Бизнес-омбудсман етакчи инспектори қайд этишича, фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари очиқ танлов асосида ижарага 50 йилгача бўлган, лекин 30 йилдан кам бўлмаган муддатга берилади. Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасини олишда фермер хўжалиги ташкил этилаётган жойда яшовчи шахслар бошқа тенг шартларда устун ҳуқуқдан фойдаланади. Ер участкасини ижарага олиш шартномаси фермер хўжалигининг бошлиғи ва туман ҳокими томонидан имзоланади. Фермер хўжалигига берилган ер участкаларидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланилади. Улар хусусийлаштирилиши, шунингдек, олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас. Ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи кредитлар олишда фермер хўжалиги томонидан гаровга қўйилиши мумкин. Ер участкасининг ўлчами ва чегаралари фақат фермер хўжалиги бошлиғининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.

Мавзуга оид