Жамият | 15:36 / 10.03.2021
34435
3 дақиқада ўқилади

Қибрайдаги ариқдан қонли сув оқаётганди. Сув қаердан келгани аниқланди

Тошкент вилояти Қибрай туманининг Ўнгқўрғон маҳалласидаги фермер хўжаликларининг ўртасидан ўтган ариқдан ҳар куни икки маҳал қонли сув оқаётгани ҳақида видео тарқалганди. Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Санитария-эпидемиология осойишталиги агентлигининг ҳудудий мутахассислари вазиятни ўрганди.

Ўрганиш давомида бу қонли сув «Обод Савдо Бизнес» МЧЖга қарашли кушхонадан чиқаётгани маълум бўлган. Корхонада жониворлар сўйилгач пайдо бўладиган қонли сув айнан видеода кўринган ариққа оқизилган. Ушбу ҳолат юзасидан 2021 йил 26 феврал куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Қибрай тумани инспекцияси тамонидан огоҳлантириш хати берилган.

Корхона томонидан «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддаси, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 18, 19 ва 99-моддаси талаблари бузилгани аниқланиб, шу асосда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 72-моддаси 1-қисми билан маъмурий жазо белгиланди.

Мазкур муаммони келтириб чиқарган ихтисослашган сўйиш корхонаси бинолари 2014 йил «Обод Савдо Бизнес» МЧЖ тасарруфига ўтган ва бу борада Қибрай тумани ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинган. Ихтисослашган сўйиш корхонаси 2018 йилда ишга туширилган, лекин ҳужжатлар сўралганда, айнан ихтисослашган сўйиш корхонаси учун тегишли ташкилотлар хулосалари тақдим қилинмаган.

Кушхона ҳудудидан чиқаётган оқова сув учун қилинган ўралар гидроизоляцияланган (бетондан ясалган), лекин оқова йиғилмасдан дала ва зах ариққа оқизилган. Оқова сув ўрадан тортиб олиниши, чиқиндиларни олиб чиқиш борасида махсус ташкилотлар билан шартнома тузилмаган. Кушхонани ювиш вақтида чиққан қон аралаш сув ва сўйилган мол ичаклари кушхонанинг орқа томонидаги далага чиқарилиши сабаб у ерда ҳам тартибсиз ҳолат юзага келган. Санитария талаблари бузилган.

Тошкент вилоят экология бошқармаси, Санитария-эпидемиология осойишталиги агентлигининг ҳудудий бошқармаси аниқланган муаммони бартараф этиш чораларини кўриш учун зарур тавсиялар берган ва вазият назоратга олинган. Айни дамда юқорида баён этилган масалаларни бартараф қилиш юзасидан кўрсатмалар берилиб, кушхонадан чиқаётган оқова сувнинг ариққа оқизилиши тўхтатилган.

Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича вакилга тақдим этиш учун тайёрланмоқда.

Мавзуга оид