Спорт | 14:54 / 14.03.2021
26024
4 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2022 саралаши Саудияда турнир сифатида ўтказилади. Вадим Абрамов бунинг миллий жамоага таъсири ҳақида гапирди

Футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати Қатарда ўтказилади. Пандемия сабаб Осиё минтақасидаги саралаш ўйинлари бир неча марта қолдирилди. ОФК ниҳоят саралашни қандай якунлаб қўйиш бўйича бир қарорга келди. Ҳар бир гуруҳдаги қолган ўйинлар гуруҳдаги бирор жамоанинг майдонида ўтказилади. Хусусан, Ўзбекистоннинг гуруҳидаги қолган ўйинлар июн ойида Саудияда ўтади. Бу натижаларга ва ўйинга қандай таъсир қилади? Ўйинларнинг кўчирилгани ва эндиликда тайёргарлик қандай бўлиши ҳақида Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов билан суҳбатлашдик.

Мураббий саралаш ўйинлари мезбонлигини Саудия қўлга киритганидан ҳайрон қолганини айтди. Чунки ёзда Саудияда ҳаво жуда иссиқ бўлади ва Абрамовга кўра, иссиққа кўникиб бўлмайди. Бўлар иш бўлди, энди шунга қараб тайёргарлик кўришни бошлаймиз, деди мураббий.

Иккита ўйиндаги ғалаба етарли бўладими?

Айни дамда Ўзбекистон ўзи иштирок этаётган «D» гуруҳида 5-турдан кейин 9 очко билан етакчилик қилмоқда. Саудия эса битта ўйин камроқ ўтказган ҳолда 8 очко билан иккинчи ўринда. Вадим Абрамовнинг фикрича, кўпчилик Саудияга қарши ўйин ҳал қилувчи бўлиши ҳақида гапираётган бир вақтда Ўзбекистон учун Яман ва Сингапурга қарши иккита ўйинда ғалаба қозониш ҳам етарли бўлиши мумкин. Саудия билан ўйин эса катта эҳтимол билан гуруҳ ғолибини аниқлаб беради.

Ўзбекистон Яман ва Сингапурни мағлуб этган ҳолда Саудия билан ўйинга 15 очко билан етиб бориши рақибга ҳам босим юклаши табиий. Бу орада Саудия очко йўқотиши ҳам мумкин. Гуруҳ ғолиблари билан бирга энг яхши иккинчи ўрин соҳиблари ҳам кейинги босқичга чиқишини инобатга олсак, чиндан 15 очко Ўзбекистон учун етарли бўлиши мумкин.

Вадим Абрамов саралаш мини-турнир сифатида ўтишининг яна бир ноқулайлиги ҳақида гапирди. Яъни бу вақтда легионерлар мавсумни якунлаган, маҳаллий чемпионатдагилар ҳали ўйнаётган бўлади. Достон Ҳамдамов, Жалолиддин Машапиров каби футболчилар эса саралаш ўйинларида узоқ вақт дам олмай иштирок этишга мажбур бўлади. Чунки улар Ўзбекистон чемпионати якунланиши билан БАА чемпионати жамоаларига йўл олишди ва эндиликда май ойида мавсумни якунлаб, яна миллий жамоа йиғинида иштирок этишга мажбур. Элдор Шомуродов ҳам 21 май куни мавсумни якунлаб, бир неча кун дам олади-да, миллий жамоа йиғинига қўшилади.

Вадим Абрамов миллий жамоага чақириладиган футболчиларнинг на ёшига ва на машҳурлигига қарашини айтди. Мураббий Сардор Рашидов узоқ вақтдан буён миллий жамоага чақирилмагани ҳақида гапирар экан, эндиликда «Пахтакор»да ўйнаётган футболчини кузатиш мураббий учун осон бўлишини, Сардорда ҳамма каби имконият бир хил эканини айтди.

Абрамовнинг фикрича, йиғинларда бошқа футболчиларнинг иштирок этгани, лекин асосий ўйинларда миллий жамоанинг асосий таркиб футболчилари қатнашиши, яъни асосий таркибдаги йигитлар узоқ вақт бирга ўйнамагани уларнинг ўзаро бир-бирини тушунишига халақит бериши мумкин ва бу муаммони ҳал қилиш тўғридан тўғри мураббийларнинг вазифаси.

Ўткир Жалолхонов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳаммаджон Ғаниев.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид