Жамият | 11:26 / 23.03.2021
5895
2 дақиқада ўқилади

Фарғонадаги халқ сайлида талончилик содир этган шахслар ушланди

2021 йилнинг 21 март куни номаълум шахслар Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Яйпан шаҳри марказидаги истироҳат боғида халқ сайлини томоша қилаётган маст ҳолатдаги 31 ёшли Абдурашид С.нинг қўлларини орқага қайириб, соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар Абдурашид С.нинг чўнтагидаги нархи 150 000 сўмлик “Artel ” русумли телефон аппарати ва 260 000 сўм пулларини талончилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан қочиб кетган. 

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни 37 ёшли Озодхўжа А. ва 34 ёшли Бобоназар У. маст ҳолатда содир этганликлари, 260 000 сўм пулга спиртли ичимлик сотиб олганликлари аниқланиб, “Artel ” русумли телефон аппарати ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Озодхўжа А. ва Бобоназар У.га нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари (Талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, улар процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади маълумотда.

Жиноят кодекси нормаларига кўра, бу турдаги жиноятлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид