Ўзбекистон | 09:32 / 23.03.2021
1706
2 дақиқада ўқилади

Ичимлик маҳсулотларининг истеъмол қадоқларига ихтиёрий депозит тизими жорий этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ичимлик маҳсулотларининг истеъмол қадоқларига ихтиёрий депозит тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ичимлик маҳсулотлари истеъмол қадоқларини хўжалик айланмасига жалб қилиш механизмларини такомиллаштириш ва улар чиқиндилари ҳосил бўлиш ҳажмларини камайтириш мақсад қилинган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Ўзбекистонда ичимлик маҳсулотларининг истеъмол қадоқларига ихтиёрий депозит тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Ичимлик маҳсулотларининг истеъмол қадоқларига депозит тизимини ихтиёрий татбиқ этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Давлат экология қўмитаси ичимлик маҳсулотларининг истеъмол қадоқларига депозит тизимини ихтиёрий жорий этиш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланади.

Белгиланишича:

  • ичимлик маҳсулотларининг истеъмол қадоқларига депозит тизимини ихтиёрий татбиқ этиш, тадбиркорлик субъекти томонидан ташаббус қилинадиган депозит тизимини жорий этиш лойиҳаси Давлат экология қўмитаси томонидан маъқулланганидан кейин амалга оширилади;
  • ичимлик маҳсулотини жойлаштириш, ҳимоялаш, етказиб бериш, сақлаш, ташиш ва намойиш қилиш учун мўлжалланган, ҳар қандай материалдан тайёрланган, бирламчи (маҳсулотга тегиб турадиган) қадоқ идиш (тара) депозит тизими объекти ҳисобланади;
  • тарага депозит маркировкасини тушириш ичимлик маҳсулотини бозорга дастлабки жойлаштирувчи (муомалага чиқарувчи) тадбиркорлик субъекти томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон ҳудудида ичимлик маҳсулотини муомалага чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига истеъмол қадоқларига депозит тизимини татбиқ этиш тавсия этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид