Жамият | 15:51 / 05.04.2021
1547
3 дақиқада ўқилади

Қўқонда жиноятлар сони яна ошмоқда: секторларда махсус штаблар ташкил қилинади

2021 йилда ҳам Қўқон шаҳрида жиноятчиликлар сони яна ортиб бораётганлиги маълум қилинди. Бунинг учун Қўқон шаҳридаги тўртта секторларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича махсус штаблар ташкил этилади. 

Қўқон шаҳрида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири. Йиғилишда Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов, шаҳар прокурори Улуғбек Ҳамдамов, Қўқон шаҳар  ИИО ФМБ бошлиғи Фарход Ҳасанов, маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари, ҳудудлардаги профилактика инспекторлари иштирок этди. 

Йиғилиш аввалида шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов Қўқон шаҳрида жиноятчиликнинг олдини олиш, бу борада МФЙ раислари билан ҳамкорликда қилиниши лозим бўлган ишларга тўхталиб ўтди. Маълум бўлишича, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида эндиликда Қўқонда янги тизим ташкилланади. Секторларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган алоҳида штаблар ташкил этилади. Маҳалла раислари, профилактика инспекторлари, штабнинг аъзолари ҳар куни ўз ҳудудларидаги таълим муассасалари, нотинч оилалар, жиноят қилишга мойил бўлган шахслар билан алоҳида ишлайди. Бу бўйича штабга кунлик маълумотлар киритиб борилади.
 
Йиғилишда иштирок этган Қўқон шаҳар прокурори Улуғбек Ҳамдамовга кўра, шаҳарда кундан кунга жиноятлар ортиб бормоқда. Ҳудудларда ишлар тизимли олиб борилмаяпти. Бунга ота-оналар фарзандларини кўп бора назоратсиз қолдираётганлиги, умумтаълим мактабларида давоматларнинг камлиги, ёшларнинг бандлигини таъминлашдаги ишлар кўнгилли ташкил қилинмаётганлиги асосий омиллар қилиб кўрсатилди. 

Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи Фарҳод Ҳасанов ҳам йиғилишда сўз олиб, айрим маҳаллаларда жиноятчиликлар сони кескин ошиб кетганлигини танқид қилди. Таъкидланишича, март ойининг ўзида Қўқонда 300 тага яқин турли хилдаги жиноятлар содир этилган. Содир этилган жиноятларнинг энг кўпи шахсга тан жароҳати етказиш, ўғирлик, фирибгарлик жиноятларига тўғри келган. Шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида ҳам жиноятлар сони ошиб кетган. 2020 йилда республикада энг кўп жиноятчилик содир этилган ҳудуд – “Сунбула” МФЙдаги аҳвол эса яхшиланмаяпти. 

Йиғилишда "Сунбула" МФЙдаги барча даражадаги ходимлар фаолиятига доир хизмат текширувини тайинлаш таклифи киритилди. Таклиф маъқулланди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид