Жаҳон | 17:10 / 07.04.2021
16034
2 дақиқада ўқилади

Кремль Тоғли Қорабоғда топилган «Искандер» парчалари ҳақидаги саволга жавоб бера олмади

2 апрель куни Озарбойжоннинг ҳудудларни миналардан тозалаш агентлиги Тоғли Қорабоғ ҳудудида «Искандер» ракетаси парчалари топилгани ҳақида хабар қилганди.

Фото: report.az

Кремль Тоғли Қорабоғда Озарбойжон ҳарбийлари томонидан топилган «Искандер» оператив-тактик ракета мажмуасига тегишли ракета парчалари тўғрисида маълумотга эга эмас. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

 «Ракета борасида ҳеч нарса дея олмайман, маълумотга эга эмасман», — деди у журналистларнинг саволларига жавобан.

2 апрель куни Озарбойжоннинг ҳудудларни миналардан тозалаш агентлиги (ANAMA) Тоғли Қорабоғ ҳудудида «Искандер» ракетаси парчалари топилгани ҳақида хабар қилганди. Қайд этилишича, ракета парчалари 15 март куни Шуша шаҳрини миналардан тозалаш вақтида топилган.

25 февраль куни Россия мудофаа вазирлиги Арманистон Тоғли Қорабоғдаги низо вақтида Россиянинг «Искандер» ракета мажмуаларидан фойдаланмаганини маълум қилганди. Вазирлик барча ракеталар Арманистон қуролли кучларининг омборларида турганини таъкидлаганди.

Бундан аввал эса Арманистон бош вазири Никол Пашинян «Искандер» ракеталари портламагани ёки фақат ўн фоизга портлагани ҳақида айтганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид