Жамият | 22:30 / 20.04.2021
56092
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларга Қозоғистон ва Қирғизистон орқали парвоз қилиб, Россияга кириш имконияти очилди

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мунтазам авиақатнов ташкилланган ҳар қандай давлатдан Россия Федерациясига кира олади. Бунинг учун асос талаб қилинмайди.

Фото: Николай Устинов

Россия Федерацияси ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги 635-р сонли буйруғининг биринчи иловасига 2021 йил 14 апрелда киритилган ўзгартиришларга кўра, энди Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ушбу рўйхатда келтирилган ҳар қайси давлатдан асоссиз учиб кела олади.

Рўйхатда Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатлар бор. У ерлардан Россияга авиачипталар арзон. Шунинг учун энди ушбу давлатлардан бемалол Россияга арзон, қонуний йўл билан ва кириш учун бирор асос кўрсатмасдан учиб келиш мумкин. Яъни фақат Ўзбекистондан учиб келиш шарт эмас.

Аввал Ўзбекистон фуқаролари Россияга Қирғизистон, Туркия каби учинчи мамлакатлардан келиш учун ўша мамлакатларда яшаш учун гувоҳнома (вид на жительство)лари бўлиши талаб қилинар эди. Энди эса ушбу талаб олиб ташланди.

Демак, жорий йил 14 апрелдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қозоғистон ва Қирғизистон орқали Россия шаҳарларига парвоз қилиб, ҳеч қандай асос ва ҳужжатларсиз аэропорт орқали кира олади. Ҳужжат 6 кун муқаддам қабул қилинган бўлса-да, бугун, 20 апрель куни расман эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Россияга келишдан аввал коронавирусга ПЦР-тестни топшириш шарт.

Аввалроқ 15 апрелдан бошлаб 1 июнгача Россия Туркия билан авиақатновларни тўхтатгани ҳақида эълон қилинган эди.

Мавзуга оид