Жаҳон | 21:52 / 21.04.2021
11009
2 дақиқада ўқилади

Австралия авиакомпанияси йўловчига бир миллиард долларлик ҳисоб ёзиб берди

Австралиянинг Qantas авиакомпанияси чипталарни бронлаш тизимидаги носозлик ҳангомага ва ижтимоий тармоқларда кўплаб ҳазиллар «болалаши»га сабаб бўлди.  

Фото: REUTERS/Daniel Munoz

Австралиялик ҳажвчи Дэйв О’Нил Qantas авиакомпаниясининг Мелбурн шаҳридан Перт шаҳрига рейсига чипта бронлаш вақтида ўриндиқ олдида кенгроқ жой тақдим қилиниши хизматидан фойдаланиб, бу учун авиакомпаниядан бир миллиард долларлик ҳисоб олди.

У бу ноодатий ҳодиса ҳақида Twitter’да маълум қилди.

«Салом, Qantas! Мен истаган ягона нарса – бу Пертга рейсда оёқлар учун бироз кенгроқ жой эди. Бунга тўловни амалга оширишдан хурсандман, бироқ у кутганимдан бироз қимматроқ экан», деб киноя қилган ҳажвчи ва 987 миллион 999 минг 999 долларлик сумма ёзилган чипта суратини илова қилган.

Баъзи фойдаланувчилар О’Нил кўринишича, чипта бронлаш вақтида бир неча марта «самолётни сотиб олиш» бандини босиб юборган деб ҳазил-мутойиба ҳам қилишган.

Кейинроқ аниқланишича, чиптани бронлаш вақтида тизимда носозлик юз берган. Авиакомпанияда ушбу ҳолат тафтиш қилинмоқда.

Qantas вакилининг аниқлик киритишича, ҳажвчи фойдаланмоқчи бўлган қўшимча хизмат тури нархи аслида 70 Австралия доллари туради.

Мавзуга оид