Light | 15:41 / 14.05.2021
136692
6 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг ажабтовур ва экзотик 10та ресторан

Дунёнинг ҳар бир мамлакати ўзининг диққатга сазовор жойлари билан бирга анъанавий таомлари ва ресторанлари билан ҳам ажралиб туради. Қуйида сиз исталган сайёҳни ҳайратга солувчи ва энг ноодатий ва ғайриоддий атмосферага тушиш имкониятини берувчи ресторанлар билан танишишингиз мумкин.

Саёҳат қилиш давомида дунё мамлакатларининг маданият ва урф-одатларини ўрганиш билан бир қаторда ушбу мамлакатлар ошхонаси билан ҳам яқиндан танишиш имконияти мавжуд.

Qpasa.com сайти дунёдаги энг экзотик ресторанларнинг Топ-10 талик рўйхатини эълон қилди.

The Rock Restaurant – Занзибар

Фото: diary.travel

Занзибарнинг шарқий қирғоғидаги ушбу ресторан, денгиз соҳилидан унча узоқ бўлмаган ҳудудда, сувнинг ўртасида жойлашган. Сиз ресторанга тўлқин кучли бўлган пайтда каноэда, бошқа пайтларда эса пиёда ҳам боришингиз мумкин. Ресторан лой, қум, тош, сомон, ёғоч каби табиий материаллардан фойдаланган ҳолда маҳаллий услубда қурилган ва денгиз маҳсулотларини тановул қилишга ихтисослашган.

Ali Barbour’s Cave Restaurant – Кения 

Фото: Ali Barbour's Cave Restaurant

 Сиз ғорда овқатланишни хоҳлайсизми? Бунинг учун Кениядаги Ali Barbour’s Cave ресторанига ташриф буюришингиз мумкин. Ушбу маскан ноёб оҳактош билан ўралган ғорнинг ичида жойлашган бўлиб, очиқ томга эга. Юлдузли осмон унга ўзига хос жозиба бахш этади. Ресторан Африка услубида безатилган ва кўплаб ўзига хос романтик чироқларга эга.

Soneva – Мальдив ороллари  

Фото: Pinterest

Дунёдаги энг ажойиб ресторанлардан бири Мальдив оролларида жойлашган. Ушбу ноёб гастрономик мажмуа сув устида қад ростлаган бўлиб, ёғоч устунлар таянч вазифасини ўтайди. Бу ерда сиз япон, хитой ва бошқа дунё ошхоналарида пишириладиган хилма-хил овқатларнинг танловига эга бўлишингиз мумкин.

Lumilinna Snow Castle Restaurant – Финландия

Фото: discoveringfinland.com

Финландияда 1996 йилдан буён ҳар қиш мавсумида Қор қалъаси ичида музли ресторан яратилади. Деворлари ва томлари қордан, ички қисми эса бутунлай муздан ташкил топган. Шунингдек, барча ўриндиқларлар ҳам муздан ўйиб ишланган бўлиб, кийик мўйнаси билан қопланган. Агар совуқдан қўрқмасангиз ва ҳарорат -5 даража бўлган хонада овқатланишни хоҳласангиз, бу ер айнан сиз учун мўлжалланган.

Ithaa Undersea Restaurant – Мальдив ороллари

Фото: Getty Images

Ушбу маскан дунёдаги биринчи сув ости ресторани ҳисобланиб, денгиз сатҳидан 5 метр пастда жойлашган. Агарда сизда жонли денгиз ҳаётини томоша қилиш истаги бўлса, албатта, ушбу муассасада овқатланишингиз керак. Ресторан гумбази улкан шаффоф капсула шаклидаги акрил шишадан ясалган бўлиб, зал қисми табиий аквариум билан ўралган. Бу ерда Европа ошхонасининг энг сара тоамларини тановул қилишингиз мумкин.

Ristorante Grotta Palazzese – Италия

Фото: grottapalazzese.it

Адриатика денгизи сатҳидан 22 метр баландликда жойлашган ушбу ресторан денгиз қирғоғидаги тик қояда ҳосил бўлган ўзига хос иншоот ҳисобланади. Муассаса «дунёдаги энг эксклюзив очиқ ҳаво ресторанлари ўнлиги»дан ҳам ўрин олган. Илгарилари бу ерда фақат тантанали тадбирлар ва маросимлар ўтказилган. Ресторан менюсида анъанавий итальян таомлари ва виноси, шунингдек, денгиз маҳсулотларидан тайёрланадиган овқатларни учратишингиз мумкин.

 The Salt & Sill Floating – Швеция

The Salt & Sill ҳашаматли сузувчи меҳмонхонада жойлашган ушбу маскан Швециядаги энг яхши ресторанлардан бири ҳисобланади. Бу ерда сиз машҳур «Herring Plank» таомини татиб кўришингиз мумкин. Айнан ушбу таом сабаб ресторан бутун дунёга машҳур бўлган.

Kayabukiya Tavern Япония

Фото: Facebook / World's Weirdest Restaurants

Ушбу анъанавий япон услубидаги ресторан Токио шаҳри шимолида жойлашган. Ушбу масканнинг ўзига хос жиҳати, 2та маймуннинг мижозларга хизмат кўрсатиши ҳисобланади. Биринчи маймун мижозларнинг ичимликлар учун буюртмаларини қабул қилиб, уларни ташриф буюрганлар столига етказиб беради, иккинчиси эса иштирокчиларга қўлларини ювиш учун иссиқ сочиқлар олиб келади. Япония қонунларига кўра, ҳар бир маймунга кунига атиги икки соат ишлашга рухсат берилган.

Waterfall Restaurant – Филиппин

Фото: Flickr

Филиппиндаги энг чиройли ресторан сизга шаршара ўртасида овқатланиш имкониятини беради. Бу ерда оёқларингизни совуқ сувга ботирган ҳолда ўрмоннинг салқин шабадасини ҳис қилишингиз мумкин. Ресторан менюсида анъанавий миллий таомлар ўрин олган. Овқатланишдан кейин бамбукдан ясалган рафларда сузишингиз ёки 600 дан ортиқ турдаги қушлар яшайдиган қушлар боғига ташриф буюришингиз мумкин.

Singapore Flyer (Sky Dining) – Сингапур

Фото: Area Wisata Asia

Агар сиз ҳаётингиздаги энг романтик оқшомни ўтказишни истасангиз, Marina Bay соҳилида жойлашган Singapore Flyer масканида овқатланишингиз керак. Ушбу ноодатий ресторан энг катта Ferris ғилдираги капсуласида жойлашган бўлиб, у сизга кечки овқат пайтида 165 метр баландликка кўтарилиш ва бутун Сингапурни тепадан томоша қилиш имкониятини беради. Бу ерда анъанавий Европа ёки Хитой ошхонаси таомларини истеъмол қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид