Жамият | 11:38 / 21.05.2021
2977
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда 11-синф йигит синфдошини дўппослаши ортидан жиноят иши очилди

Қўқон шаҳрида 17 май куни мактаб ўқувчилари ўз синфдошини калтаклаб, унга тан жароҳати етказган. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар бермоқда.

Воқеа, 17 май куни соат 11:00 ларда Қўқон шаҳридаги 4-сонли мактабнинг спорт майдонида ушбу мактабнинг 11-синф ўқувчиси 17 ёшли М.И. ва синфдоши 18 ёшли М.А. ўртасида содир бўлган. Икки синфдош бир-бирлари билан ўзаро гап талашиб жанжаллашиб қолган.
Жанжал давомида М.А. М.И.нинг қорин соҳасига қўли билан бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган.

Тайинланган суд тиббий маълумотномасига кўра, вояга етмаган М.И.да қорин олди девори тўмтоқ шикасти, жигар чап бўлаги эзилиб ёрилиши, ички қон кетиш, постгеморрагик шок оғир даражаси жароҳатлари аниқлангани кўрсатилган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу жанжалга ҳодисадан бир ҳафта олдин М.И. синфдоши М.А.га «Авторитет бўлиб кетибсанми, ўзгариб қолибсан», деган сўзларни ишлатгани сабаб бўлгани аниқланган.

Хабарда шунингдек, ҳозирда ҳолат юзасидан М.А.га Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушлангани айтиб ўтилган.

Аввалроқ, Фарғона шаҳрида 18 ёшли йигит ҳайдовчига пичоқ билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берилган эди

Мавзуга оид