Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШдаги ҳаёт, IT имкониятлари ва келажаги ҳақида – таниқли IT тадбиркор Бобир Акилхонов билан суҳбат
18 май куни UzbekLife жамоаси Америка Қўшма Штатларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган таниқли IT тадбиркор Бобир Акилхонов билан Instagram’да жонли эфир орқали суҳбат ўтказган эди.
Бугун ушбу суҳбатнинг тўлиқ ёзиб олинган вариантини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
IT соҳасига кириб келишимга отам сабабчи бўлган
Болалигимдан уйимизда компьютер бўлиб, отам уни менга ҳам фойдаланишим учун рухсат берганди. Балки ишонмассиз, 1997-98 йилларда уйимизда интернет тармоғи бўлган. У даврларда интернет ҳақида нафақат юртимизда, балки хорижий давлатларда ҳам тушунча юқори бўлмаган.
Ушбу тармоққа уланганимиз менга катта янгилик эди. Гўёки, янги дунёни кашф қилгандек эдим. Соҳага қизиқишим кейинчалик мени курсларда таҳсил олишга ундади. 14-15 ёшлар атрофида мен кореяликларнинг Тошкентдаги IT курсларида таҳсил олдим. Кейинчалик ўзим ўқийдиган мактаб учун сайт яратиб берганман. Бу тахминан 1999 йил эди.
Зиёли оила фарзандиман
Ота-онам ҳақида одатда, кам гапираман. Отам ‒ Баҳодиржон ака. Олий маълумотли, зиёли инсон. Бир нечта университетда таҳсил олган. Маълумоти бўйича мутахассислиги ‒ муҳандис-инженер ва иқтисодчи. Мустақиллик йилларидан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келади. Ҳозирда нафақа ёшида бўлишига қарамай, доимий ҳаракатда. Онамнинг исмлари Замирахон. Улар ҳам олий маълумотли. Кўп йиллар давомида уй бекаси бўлган, фарзандлар тарбияси билан шуғулланган. Ўсмирлик даврига қадам қўйганимдан бошлаб меҳнат фаолиятини бошлаган.

АҚШга келганимда ҳамма қатори менда ҳам қийинчилик бўлган
Мен Қўшма Штатларга 2016 йилда кўчиб келганман. Ўша йиллари бу ерда ҳеч қандай танишим йўқ эди. Фақатгина океанортида яшайдиган бир-икки дўстим бор эди, холос. Бу ердаги муҳитни яхши билмасдим. Фаолиятимни бошлаганимда кўп вазифаларни ўзим бажаришимга тўғри келган. Инглиз тилини яхши билардим, аммо мулоқотларда маҳаллий аҳолининг шеваси ёки айрим терминларни умуман тушунмасдим. Билмаганларимни ёзиб олар ва ўрганишга ҳаракат қилардим. Бора-бора бу ердаги ўзбеклар орасидан ижтимоий тармоқларда танишлар орттира бошладим.
Биринчи мижоз билан ишлаганим мени шу қадар хурсанд қилганки, ўша кунни оилавий байрам қилганмиз.
Қусурлардан холи эмасман
Ёшлигимда сабр қилишни билмасдим. Сабрли бўлишни йиллар давомида ўргандим. Баъзан жаҳлим тез чиқади. Кимнидир шошиб хафа қилиб қўйишим мумкин. Вақт ўтиб, бундан афсусланаман. Яна ходимларимга жуда ҳам талабчанман. Лекин ҳеч қачон бошқаларга овозимни кўтариб гапирмайман.
Шунингдек, тез-тез китоб мутолаа қилиб тураман. Мени кўпроқ маркетинг, стратегия, психология билан боғлиқ китоблар, шунингдек, тарихий адабиётлар қизиқтиради. Сўнгги марта автобиографик ва соғлом турмуш тарзига оид китобларни ўқиб чиқдим. Бундан ташқари аудио китоблар ҳам тинглаб тураман.

Ҳар икки давлат дастурчиларининг салоҳияти деярли бир хил
IT йўналишида иш олиб бораётган иқтидорли ёшлар юртимизда ҳам, “сеҳрли диёр”да ҳам кўп. Уларни солиштира олмайман. Чунки ўзбекистонлик шундай йигитларни биламан, улар машҳур компанияларда муваффақиятли фаолият олиб боради. Айрим фарқларигина ишлаш тартиби ёхуд тажрибасида кўриниши мумкин.
Ривожланишни тўхтатиб бўлмайди
IT йўналиши ривож топа боргани сайин, ўз-ўзидан баъзи касблар барҳам топиб бораверади. Ҳа, афсуски, шундай. Бу билан ривожланишни, тараққиётни тўхтатиш иложсизлигини эслатиб ўтмоқчиман.
Эътибор берсангиз, бундан 15-20 йиллар олдин, боринг-ки, 10 йил аввал Тошкент ва юртимизнинг бошқа минтақаларида пул ва пулга оид масалаларда фақат банк ходимларига мурожаат қилинарди. Ҳозир эса шу каби юмушларимиз банкоматлар орқали битмоқда. Ёки бўлмаса, бугунги кунда хорижнинг кўплаб шаҳарларида йўл ҳаракатини автоматлашган регуляторлар, светофорлар, радарлар бажаряпти.
Яхши жамоа ‒ 99 фоиз муваффақият демак
Одатда, ходимларни ишга қабул қилишида икки жиҳатга асосий эътиборимни қаратаман: яъни соҳасини пухта эгаллаган ёки ишлайман деб астойдил ҳаракат қиладиган, рағбат кўрсатадиган инсонлар. Сабаби, улар вазифаларни аниқ, тез, хатосиз бажаришади.

Умуман яхши жамоа 99 фоиз муваффақият деса бўлади. Чунки мен ҳаммасига улгурмайман. Мен мижоз топаман, стратегия тузаман, ходимларга вақтида маошини бераман ва ҳоказо. Асосийси, жамоа билан бир бутунликда ишлаш.
Маслаҳат ўрнида
Қайсики ишни бошлаган бўлсангиз, ўшани якунлашга, ижобий тарафлама якунлашга ҳаракат қилинг. Ўзингизга вақт беринг. Танишингиз уй олса, янги, қимматбаҳо автомашина ҳайдаса ҳам, сиз шошилманг. Тўғри, сизда улар бўлмаслиги мумкин. Лекин, ҳозирча. Бир кун келиб, сиз ҳаракатларингиз, қилган сабрингиз эвазига оғайнингиз минмаган машинани минишингиз, унда йўқ уйга эга бўлишингиз мумкин. Ҳар бир одамнинг ўз йўли, ўз вақти бор. Ҳаракатда бўлинг, билимингизни оширинг. Келажакда фақат рақобат муҳитида ўз ишининг усталаригина ғалаба қозонади.
Тўлиқ видеони UzbekLife’нинг YouTube’даги каналида томоша қилинг.
Уфора Ҳабибуллаева суҳбатлашди
Мавзуга оид
11:20 / 08.02.2025
IT хизматлари экспортини 1 млрд доллардан ошириш режалаштирилмоқда
16:29 / 22.01.2025
Ўзбекистонда Cyber university давлат университети ташкил этилади
10:50 / 02.10.2024
ABBYY IT-компанияси россияликларни уч мамлакатдаги офисида ишдан бўшатди
21:25 / 13.08.2024