Спорт | 17:50 / 11.06.2021
6821
8 дақиқада ўқилади

Евро-2020 олдидан: «Скуадра Адзурра» мавқеини тиклай оладими?

Узоқ кутилган Европа чемпионати бугундан бошланади. Грандлар рўйхатидаги навбатдаги иштирокчи очилиш ўйинида майдонга тушади. Сезганингиздек, навбат Италияга. «Скуадра Адзурра» сўнгги жаҳон чемпионатида иштирок этмади. Аммо бу уларнинг Европа чемпионати фаворитлари қаторидан тушиб қолганини англатмайди. Роберто Манчини шогирдлари Миллатлар лигаси гуруҳ босқичидан чиқишни уддалашди. Квалификацияни ҳам фантастик руҳда ўтказишди.

«Манчестер Сити»даги ёрқин фаолияти билан ёдимизда қолган Манчини итальянларни яхлит кучли жамоага айлантира олди. Апеннин яримороли вакиллари сафига назар ташласак, яққол ажралиб турувчи юлдузларни кўрмаймиз. Лекин таркибдаги футболчилар Европа чемпионатини ютишга қодир бўлган салоҳиятга эга. Чизиқлардаги етакчилар билан таништириб ўтгач, ўзингиз ҳам бунга гувоҳ бўласиз.

Дарвозабон: Жанлуижи Доннарумма

«Милан»ни бир неча йиллик фаолиятидан сўнг, ниҳоят тарк этаётган Доннарумма Европа чемпионатидаги иштирокига катта эътибор қаратиши аниқ. Чунки, ажойиб ҳаракатларни амалга оширган тақдирда, грандлардан яхшироқ таклиф олишга муваффақ бўлади.

Жанлуижи Буффоннинг миллий жамоада рекорд ўрнатиши яхши. Бироқ, бунинг учун Манчини миллий жамоа натижасини таваккал қилмаса керак. Чунки, мавсум давомида Буффоннинг ёши ўтиб қолгани бир нечта эпизодларда кўриниб қолди.

22 ёшида миллий жамоа ва клуб сафида яхшигина тажриба орттириб, янги марралар сари интилаётган Доннарумма эса ўз меҳнатлари самараси сифатида Европа чемпионатини асосий таркибда ўтказишни истайди. Эътиборлиси, «Жижио» клуби сафида шу ёшгача 200дан ортиқ учрашувларда майдонга тушди ва айнан Буффоннинг рекордини янгилашга муваффақ бўлди. Кўп йиллик танаффусдан сўнг, «Милан» билан ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритишни уддалаган посбон Италия билан қитъа биринчилигида яхши натижа қайд этишга уриниб кўради.

Ҳимоя чизиғи: Леонардо Бонуччи

Бонуччи Европа чемпионатида италияликлар мудофаасининг асосий фигураси бўлиши кутилмоқда. У ва «Интер»нинг ёш ҳимоячиси Алессандро Бастони сўнгги ўйинларда «мовий гвардия» ҳимоя қўрғонида биргаликда самарали ўйин намойиш этиб келмоқда. Шунингдек, «қариялар»дан Кьеллини ҳам таркибда бор. Жамоага тажрибаси керак бўлиб қолган тақдирда, майдонда борини беришга тайёр.

Бонуччи «Юве» сафида жами 40 ўйинда майдонга тушиб, 12та «қуруқ ўйин»ни ўз ҳисобига ёздириб қўйган. Туринликлар жорий мавсумни анча оғир ўтказишди. Пирло жамоанинг юксак ҳурматга эга афсонаси бўлишига қарамай, мураббийлик бобида ҳали тажрибасиз эканлиги кўриниб қолди. Келгуси мавсум Бонуччи яна Аллегри қўл остида машғулот олиб боради. Массимилиано ушбу ҳимоячининг ўйинларини қадрлайди. Бироқ, Де Лигт ва Демирал сингари ёш рақобатчиларга асосий таркибни бериб қўймаслик учун Европа чемпионатида ўзини кўрсатиб олиши зарур.

Яримҳимоя: Николо Барелла

Италия футболи мухлислари Бареллани жуда яхши танишади ва нима сабабдан уни марказий зонанинг энг яхши футболчиси, деб топганимизни ҳам яхши тушунадилар. 24 ёшли яримҳимоячи «Интер»нинг чемпионликка эришишидаги асосий фигуралардан бири бўлди. Мавсум давомида барча мусобақаларда 46та учрашувда майдонга тушган Нико 3та гол ва 13та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган.

Кичик жуссасига қарамай, бош билан яхши ўйнай олади ва узоқдан яхши зарбалар бера олади. Тезлик масаласида бу типдаги футболчиларда муаммо бўлмаслигини яхши биласиз. Барелла жамоасининг Миллатлар лигаси гуруҳ босқичидан чиқишига катта ёрдам берганди. Энди Европа биринчилигида ҳам Манчини ундан кўп нарсаларни кутади.

Ҳужумчи: Чиро Иммобиле

Ўз бахтини излаб бутун Европани кезиб чиққан страйкер Римдан паноҳ топди. «Лацио» унинг том маънодаги уйига айланди. Ўтган мавсумда «Олтин бутса»ни Левандовскидан тортиб олган ҳужумчи ўзига имкон бермаганларга алангали саломини йўллади. Бир пайтлар Чирога асосий таркибда имкон бермай, кетказиб юборган «Ювентус» унга миллионларни тўлашга тайёрлигини маълум қилди. Аммо Иммобиле ўзини жаҳон классидаги футболчи даражасига кўтарган «Лацио»да фаолиятининг охиригача қолишини маълум қилди.

Бу мавсум барча римликларнинг салоҳиятини яхши ҳис этган ҳолда уларга қарши ўзгача тайёргарлик билан майдонга тушди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам «бургутлар»нинг натижаларида пасайиш кузатилди. Аммо шундай мавсумда ҳам 31 ёшли ҳужумчи 25та гол уришга эришди.

Симоне Инзаги «Интер» бош мураббийига айланди. Энди «Лацио»да Маурицио Сарри фаолияти бошланади. Кўрамиз, янги мураббий қўл остида Чиро қандай ўйин намойиш этади.

Мураббий ва унинг тактикаси

Италия турнир фаворитлари қаторида эканлигининг асосий сабаби Манчини ўз жамоасини тактик жиҳатдан яхши тайёрлай олгани ҳисобланади. Манчини доим гранд жамоаларнинг қайтадан шаклланишига ёрдам бериб келган. «Лацио», «Интер» ва «Манчестер Сити»даги фаолияти бу сўзларимизга исбот бўла олади. У Италияга жамоа тобора дунё грандлари қаторидан чиқиб қолаётган пайтда келди. Марчело Липпининг шонли йилларидан сўнг, Манчини «мовий гвардия»ни қайта тиклашни яхши уддаламоқда. Бу ҳақида Липпи «La Gazzetta dello Sport» нашрига «Манчини мен каби ўйлайди. У жамоа статусини ва унинг қадрини яхши ҳис қилади», дея интервью берди.

Европа чемпионати жамоа обрўсини қайтариш учун катта имконият. Миллатлар лигасида ҳам яримфинал нақд қилиб қўйилган. Октябрь ойида уларни Испанияга қарши муҳим беллашув кутиб турибди.

Тактика ҳақида ҳам бироз тўхталиб ўтсак. Роберто 4-3-3 схемасини жуда яхши кўради ва бу услубга доим содиқ. У қанотларни ўз ўрнида ишлатишни ёқтиради. Унинг жамоасида вингерларнинг қадри анча баланд. Лоренцо Инсинье, Доменико Берарди, Федерико Кьеза ва Федерико Бернардески каби футболчилар Манчини қўл остида клубдагидан ҳам яхши ўйин намойиш этишади. Марказий ҳужумда Иммобиле ва Белотти доимий алмашиб ўйнамоқда. Аммо ҳозирча мураббий ушбу икки ҳужумчини бир вақтнинг ўзида майдонга ташламаяпти. Балки, Евро-2020 да бу экспериментни ҳам кўришимиз мумкин.

Николо Заниолонинг жароҳатдан соғаймагани боис, яримҳимояда Барелла ва Локателли жуфтлигини кўриш эҳтимолимиз юқори. Италияда авлодлар алмашинуви жуда тез кечди ва сўнгги мусобақаларга қараганда, ўзгаришлар жуда катта.

Рақамлар ва анонс

Юқорида айтиб ўтганимиздек, «Скуадра Адзурра» саралаш босқичини ажойиб ўтказди. Барча 10та баҳсда итальянларнинг қўли баланд келди. 37та гол урган Манчини шогирдлари ўз дарвозаларидан бор йўғи 4тагина тўп олиб чиққан. Арманистонни ўз уйида 9:1, Лихтенштейнни меҳмонда 5:0 ҳисобида енгган Италия катта турнир олдидан яхши кайфиятда бўлиши аниқ.

Жаҳон чемпионати саралашида ҳам Литва, Шимолий Ирландия ва Болгария билан кураш олиб боришмоқда, гуруҳдаги вазият уларни буткул қониқтирадиган ҳолатда.

Бугун, 11 июнь жума оқшоми – соат 23:59да Италия Туркияга қарши Европа чемпионати очилиш учрашувида майдонга тушади. Саралаш босқичида амалдаги жаҳон чемпионлари Францияга иккита ўйинда ҳам бўйин эгмаган, биттасида уларни мағлубиятга учратган жамоадан ҳар қанча хавф кутиш мумкин. Юқоридаги фикрларимиз Манчини жамоасининг барча ўйинларини таҳлил қилган ҳолда айтилган тахминларимиз, холос. Туркияга қарши баҳс улардан турнир давомида нимани кутишимиз мумкинлигини тўлиқ кўрсатиб бериши мумкин.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид