Янгийўл фермерларини хонавайрон қилмоқчи бўлган ким: солиқчиларми ёки ҳоким?
Давлат амалдорлари тадбиркорлардан ноқонуний пул ундиришга урингани фош бўлса-ю, мансабидан четга чиққанларга қандай чора кўрилгани айтилмаса... Қонунсизликнинг бир чети депутатларга бориб тақалса... Фермерлар кенгашидан эса садо чиқмаса... Бу нима деган гап?
Куни кеча Kun.uz Янгийўл туман солиқ инспекцияси томонидан 750дан ортиқ фермерга қўшимча солиқ тўлашлари бўйича мантиқсиз хабарномалар юборилгани ҳақида мақола чоп этганди.
Реалликка асосланмаган хатларда аслида ишлатилмаган сув, олинмаган ҳосил ва штатда йўқ ишчилар учун ҳам катта миқдордаги солиқлар тўланиши фермерлардан талаб этилган.
Бу жамоатчиликка ошкор бўлгач, Тошкент вилояти солиқ бошқармаси ҳолат юзасидан ўрганиш бошланганини билдирди.
Солиқ инспекциясининг бу мантиқсиз хабарномасини олган бир неча фермерлар Kun.uz'га мурожаат қилиб, касод қилувчи бундай ноқонуний ва ҳақиқатга зид солиқлардан, ўзларига бўлган қўпол муносабатдан норози эканликларини билдиришди.
«Солиқчилар юборган хатдаги нореал пулларни фермерлар тўлай олмайди. Ҳатто уйимизни сотсак ҳам у талабларни бажаришнинг иложи йўқ. Ёки биз Янгийўлдан кўчиб кетишимиз керакми?» – дейди «Янгиобод қалб достони» фермер хўжалиги раиси Турсунали Аманов.
Фермернинг айтишича, бу йил ер суғориш учун сув май ойида берила бошлаган. Ўтган йили фойдаланилган сув солиқлари эса тўлаб бўлинган.
«Солиқчилар сувга тўловни йил охирида олишлари керак. Лекин ҳозир йиғиб олишмоқчи. Улар «энг камида 5 миллион сўм пул тўлайсан», деб шарт қўйишди. Ўтган йил учун менга 84 минг куб сув ёзишибди. Мен канал устида турганим йўқ-ку! Кейин жанжал бошланди. Улар келиб: «Бўпти, ака, сизга 16 минг куб сув ёзиб берамиз. Келинг, келишайлик, фермерсиз, эртага ёрдам берамиз», дейишди.
Фермерлар кенгаши деган ташкилот бор. Улар фермерларнинг ҳимоячиси бўлиши керак. Амалда ундай эмас. Улар ҳокимнинг лаганбардори. Қани сайлаб қўйган депутатларимиз? Биздан хабар олишмайдими? Йўқ, улар биз томонга бормайди. Ахир, келса оёғи кир бўлиб қолади-ку!» – деди у.
«Амир Вали Файз» МЧЖ таъсисчиси Камолиддин Икромов 92 гектар ери борлигини, солиқ инспекцияси ундан қўшимча 110та одамни ишга олиши кераклигини айтгани ҳақида сўзлаб берди. У бунча одамни ишга ололмаслигини, деярли ҳамма ишларни техника бажариши, шунча одамни ишга олса, маҳсулот таннархи ошиб кетиши, керакли ишларни 4-5 ишчи билан ҳам уддалай олиши мумкинлигини айтади. Бунинг устига ўтган йили пандемияда карантин бўлгани, ҳеч ким кўчага чиқмагани ва солиқ идораси даъво қилган қўшимча 110та одамни ишлатиш умуман имконсиз бўлганини қўшимча қилди.
«Солиқчилар айтаётган норматив қонун-қоида – фармон ёки қарор эмас. Бу ўқув қўлланмага ўхшаш, яъни тавсиявий характердаги маълумотлардир. Улар бу нормативларни «қонуний» деб фермерларни қийнашяпти, нима учундир «жазолашяпти». Солиқчилар бирор фермернинг ерига бориб, «қанча сув ишлатдинг, қанча ҳосил олдинг?» деб сўрашмаган ҳам. Чунки ўзлари ҳам ўша пайтда онлайн шаклда ишлашди.
Улар бизга «кўзингни ўйиб оламан», деяпти. Ўзи шу муносабатлари ҳам кўз ўйишдан бошқа нарса эмас. «Ҳисоботларни қайта топширинглар», дейди. Биз ҳаммасини электрон шаклда топширганмиз-ку. Уни қайта топширсак, қонун-қоидани, статистик маълумотларни бузиш бўлади. Бунинг учун бизга яна жарима келади. Биз фермерларга нореал қарздорлик қўйилди. Буни ҳамма кўриб турибди. Бу ҳолатга нисбатан ҳукуматдан муносабат кутиб қоламиз», – дейди тадбиркор.
Суҳбат давомида «Фаровон ишонч боғи» фермер хўжалиги раҳбари Барно Бухарова ҳам ўзи дуч келган муаммо ҳақида гапирди.
«Бизнинг ерлар Қозоғистонга чегара ҳудудида. Ҳар ойда 4 марта мажлисга чақиришади. Доим пул сўрашади. 29 миллион сўм ҚҚС чиқарибди. Қаердан чиқаради буни? Бўлиши мумкин бўлмаган рақам-ку. Қандай қилиб ҳисоблашган, ҳайронман», – дейди у.
«Халқобод Эрали чавандоз» фермер хўжалиги раҳбари Қодир Умаров туман фермерлар кенгаши солиқ идорасига нотўғри маълумотлар бериб юборгани, янги йилгача барча солиқларни тўлаб бўлгани, аммо унинг фермер хўжалигига 47 млн қўшимча солиқ қарздорлик ёзишганини айтди.
«Фермерлар кенгашига келиб, менга нотўғри статистика берибсизлар, тўғри статистикани ёзиб беринглар», десам, ёзиб беришмади. 1 тийин ҳам қарзим йўқ эди. Қаердандир 47 миллион сўм қарз чиқариб ёзишган. У пулни мен хоҳласам ҳам тўлай олмайман. Ҳеч қанақасига имкон йўқ», – дейди фермер.
«Солиқчилар юборган огоҳлантириш хатида етиштирилмаган маҳсулот миқдори ёзилиб, ғирт туҳмат қилган. Мен солиқларни ёпганман, улар эса ҳисоботларни қайта ҳисоблатишни талаб қилишяпти», – таъкидлади у.
Kun.uz мухбири мазкур хабарномалар қанчалик қонуний эканига ойдинлик киритиш мақсадида Янгийўлда бўлиб, туман солиқ инспекцияси шуъба бошлиғи Жавоҳир Йўлдошевга мурожаат қилди. Таассуфки, солиқ ходими бу ҳаракатларнинг барчаси қонуний эканини таъкидлади.
«Танланма асосида туман бўйича 500дан ортиқ фермер хўжаликларида қишлоқ хўжалиги томонидан тақдим этилган, тасдиқланган меъёрий ҳужжатлар асосида жойларга чиқиб таҳлил ўтказдик. Натижаларга кўра, аксарият фермер хўжаликлари ходимлари сонини 2 нафар қилиб кўрсатаётгани, аслида ундан кўп одамни, керак бўлса, четдан олиб келиб кунбай ишлатаётгани, ҳатто ўзига тегишли ер майдонларини оғзаки ҳолатда ижарага бериб ишлаб келаётган ҳолатлари аниқланган.
Биз фермер хўжалигига: «Сизда 100 гектар ер майдони бор. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқлаб берилган норматив ҳужжатларга асосан, 50 нафар ишчи-ходимингиз бўлиши керак. Лекин ҳисоботингизда 2 нафар ходим кўрсатилган», деб огоҳлантириш хати берганмиз.
Шунда фермер келиб, тасдиқловчи ҳужжатлари билан, «Ҳақиқатан 100 гектар ер майдонимни мана шунча техника ёрдамида ҳайдаганман, 50 нафар эмас, 10 нафар ходим ишлатганман», дейиши керак. Ана шу ҳолатлар бўлса, биз фермер хўжаликлари далилларини инобатга олиб, таҳлилдаги суммаларни реал аниқланган ҳолатлар бўйича қайта ҳисоботларни топшириб, бартараф қиламиз», – деди у.
Аммо кўп ўтмай, солиқчининг сўзлари мутлақо асоссиз, ҳаракатлари эса қонунга зид экани ойдинлашди.
Тошкент вилояти солиқ бошқармаси ўрганишларни якунлаб, Янгийўл туман солиқ инспекцияси ходимлари хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний эканини, шунингдек, бу ишларга бош-қош бўлган масъулларга чора кўрилганини маълум қилди. Бу қандай чора кўрилгани очиқланмади.
Бироқ, Kun.uz'га келиб тушган ҳужжатга кўра, мазкур фермерларни бу тарзда «солиққа тортиш тадбири»га Янгийўл тумани халқ депутатлари кенгашининг, Янгийўл тумани ҳокими Улуғбек Ялгашев томонидан имзоланган қарори билан старт берилган.
Буни англатувчи ўша ҳужжатни қуйида келтирмоқдамиз:
Kun.uz вилоят солиқ бошқармаси билан боғланиб, айнан кимларга ва қандай интизомий жазо чоралари қўллангани бўйича изоҳ сўради. Бироқ, сўров жавобсиз қолдирилди.
Яна бир ачинарли чизги: шу фермерларнинг ҳисобига – улар тўлайдиган аъзолик бадалига фаолият юритадиган Фермерлар кенгаши ушбу вазиятда фермерларнинг ҳимояси учун ҳеч нарса қилмади. «Бизга мурожаат келиб тушмаган», дея ҳатто ҳолатга нисбатан ўз позициясини билдирмади.
Давлат амалдорлари ноқонуний ҳаракатлар билан тадбиркорлардан очиқдан очиқ пул ундиришга урингани фош бўлса-ю, мансабидан четга чиққанларга қандай чора кўрилгани айтилмаса...
Қонунсизликнинг бир чети депутатларга бориб тақалса...
Фермерлар кенгашидан эса садо чиқмаса...
Шокир Шарипов,
Исломбек Умаралиев,
Kun.uz.
Тасвирчи – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
14:59
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги таълими соҳасига Белгия тажрибаси жорий этилади
12:32
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024