Иқтисодиёт | 18:44 / 28.06.2021
10736
3 дақиқада ўқилади

Кластерлар ишга тушса, мебеллар нархи 30 фоизга арзонлашади – Мухтор Умаров

Иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаров Kun.uz мухбирига берган интервьюсида мебел саноатида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида гапирди.

Ассамблея раисига кўра, 21 июнда қабул қилинган мебел саноатини ривожлантиришга доир президент қарорида тадбиркорларга қатор имтиёзлар берилиши натижасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортади, нархлар арзонлашади ва экспорт ўсади.

«Қарорда импорт қилинаётган хомашёлар транспорт харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми давлат томонидан қоплаб берилиши белгиланган. Бу – мебелчилик соҳасида қилинган субсидиялардан бири.

Ўз навбатида, экспорт қилинадиган мебел маҳсулотлари транспорт харажатларининг 50 фоизини ҳам давлат қоплаб беради. Бу имтиёз авваллари йўқ эди.

Шунингдек, ҳужжат асосида республика бўйича 100 гектар майдонда мебел ишлаб чиқариш кластерлари яратилади. Уларнинг энг каттаси Тошкент вилоятида бўлади.

Масалан, бу вилоятда 15та мебел ишлаб чиқарувчи тадбиркор биргаликда кластерни ташкил қиляпти. Бундай самарали тизим орқали ишлаб чиқариш ҳажмини 10 баробаргача ошириш мумкин.

Бунда битта тадбиркор фақат стул, иккинчиси матрас, бошқаси мебел корпусини ишлаб чиқаради. Ва охирги тадбиркор барчасини йиғади.

Мазкур жараён харажатларнинг кескин камайишига олиб келади. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу кластерлар ёрамида мебеллар нархи 30 фоизга арзонлашиши кутиляпти.

Бундан ташқари, 2023 йилгача мебел соҳасидаги бутловчи қисмларга нол ставка қўлланилади.

Давлат ташкилотлари биноларидаги совет давридан қолган мебелларни янгилаш миллий дастури ишлаб чиқилган. Бунда буюртмалар чет элликларга эмас, ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларга берилади.

Шунингдек, миллий ўқитиш тизимини ҳам йўлга қўйиш ва йилига 1 минг 300 нафар талабани ўқитишни режалаштиряпмиз. Бу бўйича давлат грантлари ҳам ажратилиши кўзда тутилади», деди ташкилот раҳбари.

Шунингдек, Мухтор Умаров мазкур қарорнинг ўзига хос жиҳатларидан бири унинг ҳукумат ва тадбиркорлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилганида эканини таъкидлади.

«Айни пайтда Ўзбекистонда мебелсозлик ва ёғочсозлик бўйича 500 мингдан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар фаолият юритади. Улар кичик маҳаллалар ва  уйларда мебел ишлаб чиқаришади.

Агар бу соҳа ривожига зудлик билан эътибор берилмаса, шунча ишчиси бор бозоримизни чет элликларга бой бериб қўйишимиз мумкин. Шуни ҳисобга олиб, юқори органларга ташаббус билан чиққан эдик. Таклифимиз маъқулланиб, президентнинг мебелсозлик саноатини ривожлантиришга доир қарорини ҳукумат вакиллари ва тадбиркорлар ҳамкорлигида ишлаб чиқишга эришдик.

Ҳужжат кабинетларда эмас, мебелсозлик фабрикаларида тадбиркорлар билан мулоқот орқали, уларни эшитган ҳолда тузилди», деди у.

Аввалроқ, республика бўйича 5,5 мингта мебел корхонасидан 1,5 мингтаси аҳоли хонадонларида жойлашгани ҳамда 15та туман ва шаҳар мебелсозликка мослаштирилиши хабар қилинганди.

Исломбек Умаралиев
Тайёрлаган Исломбек Умаралиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид