Спорт | 11:59 / 29.06.2021
23467
8 дақиқада ўқилади

Бастилиянинг қулаши. Швейцария Францияни уйига жўнатди

Душанба куни Евро-2020нинг асосий сенсацияси рўй берди — Бухарестда кечган ақл бовар қилмас ўйинда турнирнинг яққол фаворити, амалдаги жаҳон чемпиони Франция пенальтилар сериясида Швейцарияга ютқазиб қўйди.

Евро-2020. 1/8 финал
Франция — Швейцария — 3:3 қ.в
. (0:1, 3:2, 0:0). Пенальтилар серияси — 4:5
Голлар: Сеферович, 15 (0:1). Бензема, 57 (1:1). Бензема, 59 (2:1). Погба, 75 (3:1). Сеферович, 81 (3:2). Гавранович, 90 (3:3).
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Родригес, 55 (дарвозабон).
Пенальтилар серияси: Гавранович — 0:1. Погба — 1:1. Шер — 1:2. Жиру — 2:2. Аканжи — 2:3. Тюрам — 3:3. Варгас — 3:4. Кимпембе — 4:4. Меҳмеди — 4:5. Мбаппе — 4:5 (дарвозабон).
Франция: Льорис, Варан, Кимпембе, Павар, Лангле (Коман, 46. Тюрам, 111), Погба, Рабьо, Канте, Бензема (Жиру, 93), Гризманн (Сиссоко, 88), Мбаппе.
Швейцария: Зоммер, Родригес (Меҳмеди, 87), Видмер (Мбабу, 73), Эльведи, Аканжи, Шақири (Гавранович, 73), Чака, Цубер (Фасснахт, 79), Фройлер, Сеферович (Шер, 97), Эмболо (Варгас, 79).
Огоҳлантиришлар: Варан, 30. Эльведи, 32. Родригес, 62. Чака, 76. Коман, 88. Павар, 91. Аканжи, 108.
Ҳакамлар: Рапаллини. Белатти, Бонфа (барчаси — Аргентина).
ВАР: Мартинес Мунуэра. Приэто Лопес де Сераин, Эрнандес-Эрнандес (барчаси — Испания), Иррати (Италия).
28 июнь. Бухарест. «Миллий» стадион.

Фаворитнинг кутилмаган қийинчиликлари
Европа чемпионати стартига қадар Франция яққол фаворит сифатида кўрилаётганди. Бу мантиқий эди: амалдаги жаҳон чемпионлари ўтган уч йил ичида Россиядаги триумф иштирокчиларидан ҳеч бирини йўқотмади, аксинча янада кучайди. Мбаппе улғайди, Канте фаолиятида яна бир кучли мавсумни ўтказди, Погба ҳам катта бола бўлди ва босиқ ўйнай бошлади, Бензема терма жамоага қайтди. Кузда «Уч ранглилар» Миллатлар лигаси гуруҳида осонлик билан ғалаба қозониб, «тўртлар финали»га чиқишди.

Гуруҳ босқичидан кейин Дидье Дешам шогирдларида ўзига ишонч мустаҳкамланганди. Португалия, Германия ва ҳеч қандай рақибдан тап тортмайдиган Венгриядан иборат гуруҳда французлар биринчи ўринни эгаллашди. Гуруҳ босқичидан фақат Туркия бўш ўйин кўрсатгани эвазига учинчи ўрин билан гуруҳдан чиқа олган Швейцария французларга жиддий муаммо туғдиришини ҳеч ким кутмаётганди.

Иш бермай қолган тактика
Бу шундай ҳолатки, иш бериб турган тактикани ўзгартириб бўлмасди. Дешам даврида Франция ҳеч қачон ёрқин ўйин кўрсатмаган, аммо ҳамиша сифатли ўйин ва натижа кўрсатиб келинган. Асосий сабаблардан бири — ҳамма учун тушунарли бўлган тизимда. Қарши ҳужумларга урғу берилган ўйин, майдон марказини зичлаб ёпиш, тўрт ҳимоячи қўйилган схема — муваффақиятнинг классик рецепти.

Аммо плей-офф арафасида Дешам ваҳимага туша бошлади. Бунга сабаблар бор эди: Португалия билан ўйинда қанот ҳимоячиларининг иккиси ҳам - Эрнандез ва Динь сафдан чиқди, шу туфайли мураббийлар штаби таркибда футболчилар жойини ўзгартириш орқали йўқотишлар ўрнини билинтирмасликка ҳаракат қилишди. Дешам чап қанотга Рабьони ўтказди. Баҳсли танлов, аммо изоҳласа бўлади: «Уч ранглилар» сафида чап оёқда ўйновчи футболчилар кўп эмас, «Ювентус» ҳавбеки эса Португалияга қарши ўйин охирида шу позицияда ишончли ўйнаганди.

Дешам Рабьони соф қанот ҳимоячиси қила олмасди, шунинг учун схемани 3-4-1-2 кўринишига ўзгартирди. Франция Швейцария учун одатий бўлган схемани такрорлади, ҳолбуки одатда аутсайдерлар фаворитларга қарши шундай йўл тутарди.

Тиниб-тинчимас Цубер
Уч марказий ҳимоячи билан ўйнаш — французлар учун янгилик эмас. Улар ўтган йил сентябрида Миллатлар лигаси доирасида Швеция ва Хорватияга қарши ғалабали ўйинларда шундай схемадан фойдаланишган. Футболчилар жойлашуви ўзгаришига жароҳатлар сабаб бўлди, аммо бошқа нарса ҳайратлантирди: француз нашрлари ўйин арафасида Погба схемани ўзгартиришни талаб қилгани ҳақида хабарлар чиқди — гўёки 3-4-1-2 схемасида унинг ва ҳужум чизиғидаги футболчиларнинг имкониятлари янада ошади.

Аммо барчаси чаппасига кетди: жойлашув ўзгариши туфайли французлар прессинг қила олишмади, ҳужумда яна бир ижрочи етишмади. Биринчи бўлим «Уч ранглилар» учун ҳалокатли бўлиб чиқди — улар танаффусга ҳисобда ортда қолган ҳолда чиқишди.

Биринчи бўлимдаги ягона голни Сеферович урди, Цубер яна голли узатма муаллифи бўлди. Ҳозирда «Айнтрахт» захирасида ўтирган бу футболчи Евро-2020даги энг самарали футболчилар қаторида. Бу унинг турнирдаги тўртинчи голли паси бўлди - у бошланғич таркибда икки бор майдонга тушган.

Французча назокат ва швейцарча ирода
Дешам биринчи бўлимдаги муваффақиятсизликка тўғри реакция қилди ва танаффусда барчасини ўзгартирди. Ўтказиб юборилган голда асосий айбдор бўлган Лангле ўрнини Коман эгаллади, Франция 4-4-2 схемасида ўйнай бошлади — Рабьо орқароққа қайтди, Гризманн ўнг қанот ҳавбекига айланди. Аммо, айтиш керакки, ўйинда бурилиш ясаган омил тактика эмас, индивидуал ҳаракатлар бўлди.

Биринчидан, сардор Ллорис Родригеснинг пенальтисини қайтарди.

Иккинчидан, Бензема швейцарияликлар дарвозабоннинг қаҳрамонлигидан кейин довдираб турганида ҳайратомуз гол урди — тўпни бундай нозик дид билан ўзига бўйсундиришни фақат ундан кутиш мумкин эди.

Учинчидан, французларнинг иккинчи голли ҳужуми вақтида Мбаппе товони билан нафис пас берди, яна Бензема гол урди — ҳолбуки кўплар Карим яна жамоадаги муҳитни бузишини айтиб, яхшиси уни қайтармаслик кераклигини айтишганди. Тўртинчидан, Погба турнирнинг энг чиройли голларидан бирини урди. Тўппа-тўғри «тўққизлик»ни нишонга олди. «МЮ» яримҳимоячиси голни нишонлаши эса алоҳида санъат асари бўлди.

Швейцарлар индивидуал маҳорат бобида рақибдан ортда қолишарди, аммо характерда эмас. Керакли ирода топилди — барча французлар ўйинни ҳал қилиб бўлганига ишониб қолганида Сеферович дублни расмийлаштирди, 90-дақиқада эса Гавранович ўйинни овертаймларга олиб ўтди. Бу ўйин аввалроқ якунланган Испания-Хорватия баҳсидан ҳам ўтиб тушди, бу ўйинда ҳам асосий бўлимларда шу каби сценарий кузатилганди: 0:1 — 3:1 — 3:3.

Тўғри, 90-дақиқадан кейинги сценарий бошқача кечди. Испанлар биринчи овертаймдаёқ икки гол уриб, масалани ҳал қилган бўлишса, Франция ва Швейцария пенальтилар сериясигача ҳисобни сақлаб қолишди. Мбаппе эса антиқаҳрамонга айланди: у бешинчи бўлиб зарба берди, аммо Зоммер унинг зарбасини қайтарди ва французлар майдонга йиқилди.

Швейцария сенсация билан кейинги босқичга ўтди! Мбаппе учун эса бу турнир катта сабоқ бўлади.

Бу оқшом Европа чемпионати зерикарли кечаётгани ҳақидаги таассуротларни бутунлай ўзгартирди.

Энди нимчорак финалдаги икки энг яхши ўйиннинг ғолиблари Санкт-Петербургда учрашади - 2 июль куни Крестовский оролидаги аренада Испания ва Швейцария чоракфинал йўлланмаси учун майдонга тушади.

Мавзуга оид