Жамият | 15:44 / 02.07.2021
7235
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги ёғ-мой корхоналарининг катта қисми талаб даражасида ишламаётгани маълум қилинди

Ўзбекистондаги ёғ-мой корхоналарининг катта қисми талаб даражасида ишламаяпти. Бу ҳақда «Ўзагроинспекция»нинг Пахта хомашёси ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими хабар бермоқда.

Қайд этилишича, «Ўзагроинспекция»да ёғ-мой корхоналарида назорат тадбирларини ташкил этиш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи комиссия, «Ўзёғмойсаноат» уюшмаси, «Ўзстандарт» агентлиги ҳамда «Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати» мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, назорат тадбирлари ўтказилган.

2021 йил июнь ҳолатига 514 та корхонада текширишлар якунланган. Текширилган 514 та ёғ-мой корхонасидан 303 таси пахта техник чигитни, 90 таси бошқа мойли ўсимликларни (шундан 39 таси кунгабоқар, 14 таси зиғир, 6 таси махсар, 31 таси бошқа мойли экин) қайта ишлаш, 93 таси эса умуман бошқа фаолият тури билан шуғулланиши, 28 таси ўз фаолиятини тўхтатгани аниқланган.

Техник чигитни қайта ишлашга ихтисослашган 303 та ёғ-мой корхонасининг 77 таси пахта техник чигитини қайта ишлаш учун белгиланган талабларга мувофиқ фаолият юритаётгани, 226 та корхона фаолияти қарорда белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги қайд этилган. Жумладан, 35 тасида ҳеч қандай технологик ускуна бўлмаган, 52 тасида фақат пресслаш ускунаси бўлган, 13 тасида экстракциялаш ускунаси бўлмаган, 126 тасида технологик циклларнинг иккитадан ортиқ айрим турлари мавжуд бўлган.

Қайд этилишича, аниқланган камчилик ва қонунбузилишлар юзасидан корхоналарга нисбатан жами 402 та, жумладан, 45 та огоҳнома, 350 та кўрсатма ва 7 та тақдимнома таъсир чоралари кўрилиб, ёғ-мой корхоналарига оид тўпланган 36 та материал ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Бундан ташқари, муқаддам фармон талабларига жавоб бермаслиги аниқланган 20 та ёғ-мой корхоналари техник чигитни биржадан харид қилмасдан, тўғридан тўғри харид қилиб, қайта ишлагани аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан 20 та корхоналарга оид тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга (8 таси прокуратурага, 8 таси Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ва 4 таси судларга) киритилган.

Таъкидланишича, қарорда белгиланган талабларга мувофиқ фаолият юритмаётган ёғ-мой корхоналари ҳақидаги маълумотлар Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 ноябрдаги 03/1-2355-сонли топшириғи ҳамда 2020 йил 1 декабрдаги йиғилиш баёни 6-бандига асосан Республика товар хомашё биржасига юборилган.

Мавзуга оид