Жамият | 16:38 / 03.07.2021
24701
13 дақиқада ўқилади

Ходимларга аномал иссиқда камроқ вақт ишлаш ҳуқуқини бериш керак

Кўплаб давлатларда ҳаво ҳарорати ташқарида ва офисда неча даражага етганда иш тўхтатилиб, ходимларга жавоб бериб юборилиши, қандай ҳаво ҳароратида иш вақти қисқартирилиши аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Ўзбекистон қонунчилигига ҳам бундай меъёрларни киритиш лозим.

Фото: iStockPhoto

Сўнгги кунларда ўзбекистонликлар жазирама тафти яна анча кучайганини ўз таналарида ҳис этишмоқда. Бу эса азалий саволлардан бирини яна бир марта кун тартибига чиқармоқда: ишчи-хизматчиларнинг жазирамада фаолият юритиши қанчалик тўғри?

Аномал об-ҳаво рекордлари

«Ўзгидромет» сўнгги кунларда Ўзбекистон бўйлаб кузатилаётган об-ҳаво ўртача меъёрлардан 2-4 даражага юқори экани, бироқ бу Ўрта Осиё иқлими учун, айниқса, сўнгги йилларда бу аномал ҳодиса эмаслигини билдирган.

Бироқ кўплаб ўзбекистонликлар расмий об-ҳаво маълумотларига шубҳа билан қарашади. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида расман эълон қилинадиган ҳаво ҳарорати кўрсаткичлари ҳақиқийсидан бир неча даража камайтириб кўрсатилишига ишонувчилар талайгина.

Ҳар йили ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида қайд этилган ҳаво ҳарорати акс этган термометр кўрсаткичларининг суратлари тарқалади. Улар орасида расмий об-ҳаво маълумотидан анча юқори ҳарорат қайд этилган суратлар ҳам бор. Бироқ ушбу кўрсаткичлар шу пайтгача расман тан олинмаган.

Интернетда ўзбекистонликлар тухумни қумга кўмиб ёки товада газсиз, офтоб тиғида пиширишгани акс этган видеолар ҳам учрайди.

«Ўзгидромет»нинг Kun.uz’га маълум қилишича, июнь ойидаги энг иссиқ кун 1914 йил 21 июнда Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида қайд этилган бўлиб, ҳаво ҳарорати 49,6 даражага тенг бўлган. Жазирама бўйича мутлақ рекорд Бухоро вилоятининг Оёқоғитма метеорологик станциясида 1983 йил 29 июлда қайд этилган, ўшанда ҳарорат +49.8 даражани ташкил этган.

Июнь ойи бошида Ўзбекистон ҳудудларига Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига Тошкент шаҳрида кузатилган максимал ҳаво ҳарорати деярли ўтган аср бошлари ва XIX аср охирларида ушбу кунларда қайд этилган рекордларни янгилади. Мониторинглар тарихида пойтахтда қайд этилган энг юқори ҳаво ҳарорати +44,6 даражага етган бўлиб, бу кўрсаткич 1997 йил 18 июлда кузатилган.

3 июнь куни +38,2 даража иссиқ бўлди. Бунгача ушбу санадаги энг иссиқ кун 1895 йили (+37,8) кузатилганди. 4 июнь куни +39,2 (1900 йил, +38,3 даража), 5 июнь куни +41,6 даража (2008 йили, +38,6 даража), 6 июнь куни +42,6 даража (1911 йили, +38,5 даража), 7 июнь куни эса +40,8 даража (1894 йили, +39,7 даража) ҳарорат қайд этилди. Ўзбекистонда 31 майдаги ҳарорат ҳам мутлақ максимумга етганди.

Бир сўз билан айтганда, иқлим ўзгармоқда. Ҳароратнинг кўтарилиш инфографикаларида эгри чизиқлар юқорига ва тобора юқорига томон интилмоқда. Буни Ўзбекистон шароитида барча кузатув маълумотлари таҳлилида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистонда охирги 5 йилнинг 3 йилида сўнгги 150 йилдаги энг иссиқ об-ҳаво кузатилди.

Жазирамада ишлаш қандай оқибатларга олиб келади?

25 июндан Ўзбекистонда ёз чилласи бошланди. 5 августга қадар давом этадиган чилла табиатига кўра иссиқ ва қуруқ келади. Сабаби, бу пайтга келиб, қуёш шимолий ярим шарнинг энг юқори нуқтасига кўтарилиб, заминни беаёв қиздиради. Шунга қарамасдан, бозорлар, корхона ва ташкилотлар фаолият кўрсатишда давом этади, далаларда ҳам иш қизийди.

Жазирамада ишга қатнаш ёки ишлаш салбий оқибатларга олиб келади. Ҳамма ҳам ишга кондиционерли машинада қатнамайди, қолаверса, кун бўйи муздайгина офисда ўтирмасдан, касб тақозосига кўра, асосан, офтоб тиғида юрадиганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

– Жазирама иссиқда юриш офтоб уришига олиб келиши мумкин, – дейди Тошкент тиббиёт академияси кафедра мудири, тиббиёт фанлари доктори Наргиза Нуриллаева.

Шифокорларнинг айтишича, ҳаддан ташқари иссиқ кузатилаётган пайтда юраги хаста инсонларда юрак уриши тезлашади, қон босими кўтарилади, периферик қон томирлар кенгаяди, оёқлар шишади. Бундай ҳолларда кучли жисмоний фаоллик тавсия этилмайди. Жисмоний фаолликни минимал даражага тушириш зарур. Масалан, эгилиб ёки бошни эгиб ишлаш мумкин эмас. Бундай ҳолатларда бош мияда қон айланиши бузилади. Бу эса қон босимининг кескин кўтарилиши, ҳушнинг йўқотилиши ва инсульт хавфини юзага келтиради.

Мутахассислар агар нафас сиқилиши, юрак уришидаги ўзгаришлар, ҳолсизлик, бош айланиши ёки ундан ҳам хавфлиси – кўкрак қафасида оғриқ пайдо бўлса, дарҳол ҳар қандай жисмоний фаолиятни тўхтатишни тавсия этишади.

Хўш, жазирама соғлиғи учун хавф туғдиргудек бўлса, ишчи-хизматчилар ишга чиқмасликка ҳақлими? Қонунчиликда бу нарса кўзда тутилганми? Йилдан йилга аномал ҳарорат рекордлари янгиланаётган бир пайтда ушбу масаланинг аҳамияти ҳар қачонгидан кўра долзарблашиб бормоқда.

Халқаро тажриба

Ўрганишларимиз жазирама шароитида меҳнат қилиш тартиби, меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ҳимояси кафолатлангани борасида халқаро ва миллий қонунчилик кескин фарқ қилишини кўрсатмоқда.

Чунончи, кўплаб давлатларнинг қонун ҳужжатларида ҳаво ҳарорати офисда ёки ташқарида неча даражага етганда иш тўхтатилиши ва ходимларга жавоб бериб юборилиши, қандай ҳаво ҳароратида иш вақти қисқартирилиши аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган.

Беларусь

Беларусда жазирама иссиқ деганда ҳаво ҳарорати максимал 30-34 даража бўлиши тушунилади. Республиканинг меҳнат қонунчилигига кўра, кун бўйи компьютер ёнида ўтирадиган офис ходимлари хона ҳарорати +28,5 даражага етганида бир соат кам ишлаш, ҳатто ҳаво ҳарорати белгиланган меъёрлардан юқори бўлганда ходимлар раҳбарини огоҳлантирмасдан ҳам иш жойини тарк этиш ҳуқуқига эга.

Худди шу ҳароратда машинасозлик ва металлургия корхоналарининг механизациялашган қуйиш, прокатлаш, темирчилик, термал, пайвандлаш цехларида бир қатор касб вакиллари 5,5 соатдан ортиқ бўлмаган вақт давомида иш жойларида бўлишлари мумкин. Қўлда зарб билан ишлов бериш дўконларида иш олиб борадиган ишчилар, қўлда тўлдирилган машинасозлик ва металлургия корхоналари билан қуйма корхоналарда ишловчилар эса жазирама иссиқда узоғи билан 4 соат ишлашлари кераклиги белгиланган.

Бундан ташқари, Беларусь Меҳнат кодексида иш берувчи жазирама иссиқда иш вақтини ўзгартириши, яъни ишни бир неча соат эртароқ бошлаши ёки тунги вақтга кўчириши мумкинлиги, ходимлар очиқ ҳавода ишлаётган бўлса, иссиқдан дам олиш учун махсус хоналар билан таъминлашга мажбурлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Ишчилар учун мақбул ҳарорат иш тоифасига, шунингдек, йилнинг даврига боғлиқ. Энг қизиғи, нафақат иссиқда, балки совуқда ҳам белгиланган ҳарорат меъёрлардан юқори бўлса, ходимлар белгиланган имтиёзлардан фойдалана олади. Жумладан, ёзда офис ишчилари учун ҳарорат 28 даражадан юқори бўлмаслиги керак, акс ҳолда иш вақти қисқартирилиши мумкин. Масалан, ёзда офисда ҳарорат 29 даража иссиқ бўлса, иш вақти 5 соатдан ошмаслиги керак. Агар ҳарорат 32,5 даражадан юқори бўлса ва сиз ҳушдан кетиш хавфи туфайли энди ишлай олмайман, деб ҳисобласангиз, ишлашдан бош тортишингиз мумкин.

Россия

Россия Федерацияси Меҳнат кодексининг 212-моддасида иссиқ ҳавода иш стандартлари белгиланган бўлиб, бу меъёрлар иш берувчилардан ходимларга нормал ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашни талаб қилади. Санитария меъёрларига кўра, мавсум ва ходимларнинг жисмоний фаоллигига қараб, 16 даражадан 25 даражагача ҳарорат мақбул ҳисобланади. Aгар термометрлар белгиланган чегарадан юқори бўлса, иш берувчида бир қатор мажбуриятлар юзага келади.

Хусусан, аномал иссиқ пайтида иш берувчи иш жойларида кондиционерни таъминлаши, ходимларга ишдан танаффус қилиш ва дам олиш имкониятини яратиши, тушлик вақтини узайтириши, қисқа муддатли ҳақ тўланадиган таътиллар бериши, вазиятга кўра ходимларга уйдан ишлашга рухсат бериши, ишлаб чиқариш фаолиятини қисқартириши керак.

“Саноат бинолари микроиқлимига қўйиладиган гигиеник талаблар” деб номланувчи санитария қоидаларига кўра, ёзда офисда ишлаш учун мақбул ҳавонинг ҳарорати +23-25 даража деб белгиланган. Aгар термометр 28 дан 32 даражани кўрсатса, ходимнинг иш куни қисқартирилади. Иш вақти +28,5 даража иссиқда 7 соатдан, +29 даражада 6 соатдан, +30 даражада 4-5 соатдан, +31 даражада 2-3 соатдан, +32 даража иссиқда эса 1-2 соатдан ошмаслиги керак. Агар хонадаги ҳарорат 33 даражадан ошса, қонунчиликка мувофиқ, ишчилар умуман ишламасликка ҳақли.

Жазирамада очиқ ҳавода ишлайдиганлар махсус ҳимоя кийимида бўлишлари, ҳаво ҳарорати 32,5 даража ва ундан юқори бўлганида, ҳар 15-20 дақиқада салқин хоналарда 10-12 дақиқа дам олишлари, махсус кийимдаги иш вақти 4-5 соатдан, ҳимоя кийими бўлмаганда эса 1-1,5 соатдан ошмаслиги керак. Aгар ҳарорат кўрсаткичлари 37 даражага яқинлашса, у ҳолда кўчада ишлаш тавсия этилмайди. Ҳомиладор аёллар, 40 ёшдан катта ва 25 ёшгача бўлганлар иссиқда ишлашига йўл қўйилмайди.

Беларусда ҳам, Россияда ҳам иш берувчи ходимлар ишлайдиган биноларнинг микроиқлимига оид меъёрларни эътиборсиз қолдирса, бунинг учун яхшигина жаримага тортилиши ёки фаолияти муайян вақтгача тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Германия

Германияда экстремал юқори ҳарорат кузатилганда мактаб ва корхоналарда қўшимча дам олиш куни эълон қилиниши мумкин. Жазирамада ўқувчиларнинг мактабга бормаслиги федерал даражада ҳал қилинса, корхона ва ташкилотларда иш кунининг бекор қилинишини компания раҳбарияти ҳал қилиб қўя қолади.

Германия меҳнат қонунчилигига кўра, ходимлар ишлайдиган биноларда ҳаво ҳарорати +26 даражадан ошмаслиги керак. Aгар хона ҳарорати +30 даражадан ошса, иш берувчи хонани совитиш чораларини кўриши шарт.

Aммо, шу билан бирга, иш берувчи “жуда иссиқ” тушунчаси нимани англатишини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқига эга. Иш берувчи ўз ходимларининг соғлиғи тўғрисида ғамхўрлик қилишга мажбурдир, агар жазирама ишчилар саломатлиги учун зарарли бўлса ва компания бунинг олдини олмаса, ходим шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бундай вазиятлардан қочиш учун компания раҳбарияти қўл остидагиларни уйларига қўйиб юборишлари мумкин.

Миллий қонунчилик таҳрирга муҳтож

Хорижда 33 даража иссиқда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилиши нафақат ҳаво ҳарорати, балки намлик ва бошқа кўрсаткичларга ҳам боғлиқ. Шу маънода географик жойлашуви, иқлимидан келиб чиқиб чиқиб ҳар бир мамлакат ишлаш учун мақбул ҳароратларни ўзи белгилайди. Хўш, мамлакатимизда аномал иссиқ кузатилганда ишчи-хизматчилар қандай имтиёзларга эга?

2016 йили ОАВ ва ижтимоий тармоқларда бу масала кўтарилган, ўшанда Меҳнат вазирлиги Ўзбекистонда жазирама ҳаво шароитида ходимларни ишдан озод қилиш масаласига ойдинлик киритганди. Вазирликнинг билдиришича, Ўзбекистон бош санитар шифокори тасдиқлаган ишлаб чиқариш бирлашмалари микроиқлим санитар-гигиеник меъёрларига кўра, ёпиқ биноларда амалга ошириладиган енгил жисмоний ишлар учун йилнинг совуқ ва ўтиш давридаги оптимал микроиқлим кўрсаткичлари қуйидагича бўлиши лозим:

Ҳаво ҳарорати – 20-23 даража, ҳаво нисбий намлиги – 40-60 фоиз, ҳаво ҳаракати тезлиги кўпи билан 0,2 м/сни ташкил этиши керак. Айни вақтда, ҳаво ҳарорати 19-25 даража, нисбий намлик 75 фоиздан кўп бўлмаган, ҳаво ҳаракати тезлиги 0,3м/сдан ошмаслигига йўл қўйилади.

Меҳнат вазирлиги оғир иш шароитларида, ҳаво ҳароратининг мақбул меъёрлари 4-5 даража, йўл қўйиладиган меъёрлар бўйича 6 даража паст бўлиши керак эканини, йилнинг иссиқ даврида, ҳаво ҳароратига оид меъёрлар 2-3 даражага кўп бўлишига ҳам рухсат берилишини маълум қилган.

Расмий хабарда мазкур микроиқлим меъёрларини ишлаб чиқаришдаги технологик жараён ёхуд иқтисодий жиҳатдан таъминлаш имкони бўлмаган саноат иншоотларида ишчиларнинг қизиб кетиши ёки совиб кетишига қарши чоралар кўрилиши, хусусан, ишчи атрофидаги ҳавони совитиш тизими, ҳаво души, дам олиш ва иситиш хоналари, ўта юқори ва паст ҳаво ҳароратидан ҳимоя қилувчи махсус кийим, шахсий муҳофаза анжомлари, ишдаги дам олиш вақтлари кабилар шулар жумласидан. Иссиқ уришига қарши чоралар сифатида, қурилмалар ва тўсиб турувчи қопламаларининг ташқи ҳарорати 45 даражадан ошмаслиги кераклиги таъкидланади.

Меҳнат кодексининг 219-моддасида эса, ишчи ўз саломатлиги ёки ҳаётига таҳдид солувчи ишни бажаришдан бош тортишга ҳақли экани белгилаб қўйилган бўлса-да, бу биз муҳокама қилаётган ҳолатда иш бермайдиган норма ҳисобланади. Шундоғам ишсизлар сони кўп, иш ўрни кам мамлакатда ҳодимнинг +40 даража иссиқда ишлай олмайман, бу соғлиғим учун хавфли, деб айтса, унга қандай муносабат бўлишини кўз олдингизга келтириб кўринг.

Фикримизча, халқаро тажрибада бўлгани каби миллий қонунчилигимизда ҳам офисда ва очиқ ҳавода ишловчилар учун ўртача меъёр белгиланиши, ҳаво ҳарорати неча даражага етганда иш вақти неча соатга қисқариши аниқ белгилаб қўйилиши, қайси даражадаги иссиқда ходимлар ишга чиқмаслик ҳуқуқига эга бўлиши қонун билан мустаҳкамлаб қўйилиши керак.

Бундан ташқари, жазирама об-ҳаво шароитида иш берувчиларнинг мажбуриятлари ҳам қонун ҳужжатларида аниқ акс эттирилиши, бунга амал қилмаганларга нисбатан жавобгарлик белгиланиши зарур.

Касаба уюшмалари заиф бўлган мамлакатда бу масалани бошланғич касаба уюшма ташкилотларига ёки иш берувчиларнинг виждонига ҳавола қилишдан фойда йўқ.

Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид