Ўзбекистон | 19:01 / 09.07.2021
9224
4 дақиқада ўқилади

Коррупционерларга нисбатан тайинланган жазолар енгиллаштирилмаслиги маълум қилинди

Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов коррупцион жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан тайинланган жазо енгиллаштирилмаслиги, амалдаги қонун ҳужжатларига бу борада тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кутилаётганини маълум қилди.

«Жиноят кодексимиз либераллиги билан танилган. Айтайлик, жиноят содир қилган шахсга нисбатан тайинланган жазо жиноятнинг оғирлик даражаси, ижтимоий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, жазонинг муайян муддатини ўтаган, бу жараёнда тузалиш йўлига ўтган тақдирда жазонинг ўталмай қолган қисмини манзил колониясида ўташ имкони берилиши ёки тайинланган жазо ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилиши мумкин.

Шунингдек, айрим ҳолларда маҳкумлар шартли равишда жазонинг қолган қисмини ўташдан озод қилинади.Шу сабабли ҳам озодликдан маҳрум қилинган шахслар белгиланган жазо муддатидан олдинроқ қамоқдан чиққан ҳолатлар учраб туради.

Коррупцион жиноятлар оғир жиноятлар сирасига киришини инобатга олган ҳолда, бундай моддалар билан айбланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексида кўзда тутилган енгилликлар қўлланмайди. Буни кўрган бошқа мансабдор ўзига тегишли хулоса чиқаришига умид қилинмоқда.

Бундан ташқари, президент фармони билан коррупцион жиноятга қўл урган шахсларга нисбатан жавобгарликни оғирлаштириш масаласи ҳам қўйилган. Қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали ҳамда амалиётни ўрганган ҳолда ушбу вазифани ҳам бажарамиз, деб ўйлайман», дея Икром Муслимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Олий суд мулозимига кўра, коррупцияга оид жиноятларнинг аниқ рўйхати шакллантирилиши кутилмоқда.

«Президент фармонида Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаб бериш вазифаси қўйилган. Бу нима беради, деган савол туғилиши мумкин. Афсуски, фуқароларимиз коррупция деганда, кўпроқ пора олиш ва пора бериш, бу жараёнда воситачилик қилишнигина тушунишади. Аслини олганда, давлат хизматчиси ўзи эгаллаб турган лавозими ёки моддий мансабдор шахснинг моддий жавобгарлигида бўлган мулклардан ноқонуний бойлик орттириш йўлидаги ҳар бир ҳаракати коррупцион жиноятни келтириб чиқаради.

Масалан, айбдорга ишониб топширилган ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш (Жиноят кодексининг 167-моддаси) ЖКнинг иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар туркумига киритилган. Пора олиш, бериш ва ушбу жараёнда воситачилик қилиш бошқарув тартибига қарши жиноятлар туркумига киритилган. Шу билан бир қаторда, хўжалик соҳасидаги жиноятлар туркумига кирувчи ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишда ҳам давлат органи вакилларининг аралашуви коррупцион жиноятларни келтириб чиқаради.

Президент фармонида белгиланган топшириққа кўра, қонун лойиҳаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали коррупцион жиноятларнинг аниқ рўйхати белгилаб берилиши кутилмоқда. Натижада нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, балки фуқаролар ҳам коррупцион жиноятлар деганда қандай жиноятлар назарда тутилишини аниқ тасаввур қилиш имконига эга бўлишади», дейди Икром Муслимов.

Эслатиб ўтамиз, 6 июль куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича президент қарори имзоланган эди. Қарор билан Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри ташкил этилиши, унга киритилган шахслар давлат хизматига қабул қилинмаслиги, сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзод кўрсата олмаслиги ва бошқа тақиқларга дучор бўлиши белгиланган эди.

Мавзуга оид