Ўзбекистон | 21:37 / 15.07.2021
49817
3 дақиқада ўқилади

Янги Ўзбекистон университетида кимлар грантда ўқиши мумкинлиги маълум қилинди

6 тоифадаги ёшлар Янги Ўзбекистон университетида грант асосида ўқиши мумкин. Контракт миқдори қарийб 50 млн сўм бўлиши ҳақидаги маълумот олийгоҳ расмий сайтидан олиб ташланди. Университет интерьери қандай бўлишини кўрсатувчи суратлар тақдим этилди.

Фото: Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар агентлиги

Янги Ўзбекистон университетида иқтидорли талабаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш учун давлат грантлари татбиқ этилади. Бу ҳақда Kun.uz'га Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, давлат грантлари қуйидагиларга берилади:

  • халқаро даражадаги тегишли дастурлар (International Baccalaureate, Advanced Placement, International Advanced Levels) дипломи ёки сертификатига эга Президент мактаблари битирувчилари;
  • университетга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган Халқаро математика олимпиадаси (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (IChO), Халқаро биология олимпиадаси (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (IOI) ғолиблари;
  • университетга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар фарзандлари;
  • агентлик тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун ажратиладиган қабул параметрларига мувофиқ кириш имтиҳонлари асосида ушбу мактаблар битирувчилари;
  • университетга кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган Ўзбекистон фуқаролари.

Университетда таълим жараёни 2021/22 ўқув йилидан бошланади ҳамда давлат ва инглиз тилларида, кредит-модул тизими асосида олиб борилади.

2021/22 ўқув йили учун аризалар қабули 15 июлдан 31 июлга қадар, онлайн шаклда, newuzbekistanuniversity.uz сайти орқали амалга оширилади.

Шунингдек, Янги Ўзбекистон университети Мюнхен техника университети (TUM International GmbH) билан ҳамкорлик қилади, Массачусетс Технология институти (J-WELL Abdul Latif Jameel World Education Lab) билан ўқув дастурлари ишлаб чиқиш, алмашиш ва малака ошириш доиралари бўйича ва Кембриж университети (Cambridge Assessment International Education) билан кириш имтиҳонларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, кеча бу янги ОТМда ўқиш учун бир йиллик контракт тўлови қарийб 50 млн сўм бўлиши эълон қилинган эди. Бу ижтимоий тармоқларда салбий қарши олингач, университет расмий сайтидан бу ахборот олиб ташланди.

Янги Ўзбекистон – давлат олий таълим муассасаси саналади. Университет кампуси қаерда қурилиши ҳозирча маълум эмас.

Илова қилинаётган суратлар – университет лойиҳаси сифатида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан Kun.uz'га тақдим этилди.

Президент қарорига асосан, янги бино қурилгунга қадар, университет Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бўш майдонларида вақтинчалик жойлашади.

Мавзуга оид