Жаҳон | 09:29 / 18.07.2021
8098
3 дақиқада ўқилади

Европадаги табиий офат Австрияга етиб борди. Германия ва Чехия ўртасида темир йўл алоқаси тўхтатилди 

Австрия Германия, Белгия ва Нидерландия ортидан Европада ҳукм сураётган ёмон об-ҳаво исканжасида қолди. Мамлакатнинг икки региони - Залцбург ва Тиролда кучли ёмғирлар тошқинларга олиб келди.

Залцбургнинг Халляйн шаҳрида Котбах дарёси ўзанидан чиқиб кетди. Бунинг оқибатида шаҳар марказидаги биноларга талафот етган. Аҳолига ўз уйларида қолиш ва ертўлаларга тушмаслик тавсия қилинган. Фавқулодда хизматлар маълумотларига кўра, табиий офат оқибатида ҳеч кимга зарар етмаган. 

Тиролда эса сув сатҳи кўтарилиши 30 йиллик рекордни янгилади. Бу ерда кучли ёмғирлардан кейин Бриксенталер Ахе ва Келхзауэр Ахе дарёлари ўз қирғоқларидан тошди. Бунинг оқибатида Брукхойзль ва Хёрбрунн шаҳарлари жабр кўрди.

Австриянинг табиий офатларни назорат қилиш хизмати мамлакатнинг баъзи ҳудудларида тошқинлар юз бериши хавфидан огоҳлантирган. Федерал ерларнинг аксарияти учун шторм огоҳлантириши берилган.

Шунингдек, Германияда ёмон об-ҳаво давом этмоқда. Бу ерда табиий офат қурбонлари сони 143 нафарга етди. Бавария шарқида фавқулодда ҳолат режими киритилди.

Тошқинлар сабабли Германия шарқидаги Саксон Швейцариясида Бад-Шандау ва Чехиянинг Дечин шаҳарлари ўртасида темир йўл алоқаси 18 июл туш вақтигача тўхтатиб қўйилди. Таъкидланишича, бу Ҳамбург-Берлин-Дрезден-Прага йўналиши бўйича қатновчи поездларга ўз таъсирини кўрсатган.

Маълумотларга кўра, 17 июлда Дрезден яқинидаги Саксон Швейцариясида ёғингарчилик бир квадрат метрга 100 литр сувни ташкил қилган. Айниқса, Нойштадт, Зебниц, Бад-Шандау, Райнхардтсдорф-Шена ва Гориш шаҳарларига катта талафот етган. Дрездендаги мутасадди идоралар вазият “оғирлиги, бироқ уни бошқариш мумкинлиги”ни айтган. Одамларга ертўлалаларга, метро ва ерости автотураргоҳларига тушмаслик ва йўлларда эҳтиёт бўлиш тавсия қилинган.

Европанинг марказий қисмидаги тошқинлар жорий ҳафта ўртасида давомли ёмғирлардан кейин бошланди. Германиянинг Шимолий Рейн-Вестфалия ва Рейнланд–Пфалц ерларида дарёлар ўз ўзанларидан чиқиб, шаҳарлар ва қишлоқлар сув остида қолди. Охирги маълумотларга кўра, Германияда табиий офат оқибатида камида 143 киши ҳалок бўлган, мингдан кўпроқ одам бедарак йўқолган. Тошқинлардан қўшни Нидерландия ва Белгия ҳам жабр кўрган. Жумладан, Белгияда табиий офат оқибатида камида 27 киши ҳалок бўлган. Мамлакатда 20 июл қурбонлар хотирасига миллий мотам куни деб эълон қилинган.   

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид