Ўзбекистон | 09:00 / 20.07.2021
13571
4 дақиқада ўқилади

“Бошида қийин, лекин ишни йўлга қўйгач, ҳаммаси сиз учун ишлайди” – Балиқчи фермерлар фаолиятига назар

Балиқни бежизга етти хазинанинг бири дейишмайди. Дастурхонимизни безаб турувчи ушбу тотли неъмат инсон соғлиғига қанчалик даражада фойдали эканлиги ҳаммамизга маълум. Балиқчилик бизнесини эса энг сердаромад соҳалардан бири, десак муболаға бўлмайди. Чунки Ўртачирчиқ туманида балиқчилик билан шуғулланган фермерлар билан суҳбатлашиб, бунга амин бўлдик.

Илк манзилимиз Ўртачирчиқ туманидаги Тошкент вилояти сув омборида ўз фаолиятини ташкил этган “JAHONGIR AGRO BIZNES” фермер хўжалиги бўлди. Хўжалик раҳбари Санжар Саломов йўлга қўйган тадбиркорлиги ҳақида маълумот берди.

“Фермер хўжалигимизда ўтган йили 330 тоннадан ортиқ балиқ етиштирилган. Бу йилги режамиз камида 400 тонналик натижага эришишдир. Биз фақат бир турдаги – зоғора балиқ етиштирамиз. Уларни 146 та балиқ қафас мосламалари (садок)да боқамиз. Ушбу балиқчилик иншоотини Ипотек банк қошидаги Ипотека лизинг ташкилотидан 3 йилга лизинг асосида олдик. Бошида 10 дона балиқ қафас мосламалари (садок) олган бўлсак, кейин бу миқдорни ошириб, ишни кенгайтирдик.

Бу ишларни йўлга қўйишимизда Ипотека банкининг ажратган маблағлари жуда катта ёрдам берди. 2018 йилда 2 млрд.сўм кредит олган бўлсак, уни ўз вақтида қайтариб бердик. 2019-2020 йилларда яна 6 млрд.сўмлик маблағ олиб, тадбиркорлигимизни ривожлантиришга эришдик”, - деди Саломов. 

Пресс-тур давомида Ўртачирчиқ тумани, Ўртасарой ҚФЙдаги “GOLDEN FISH GROUP” МЧЖ’га ҳам бордик. Корхона раҳбари Сергей Лагутин ОАВ ходимларига етиштирилаётган ноёб балиқ турлари ва корхона фаолияти билан яқиндан таништирди.

“Ушбу корхона фаолияти ноёб балиқ (осётр, лосось, форель) турларини интенсив ҳамда ёпиқ сув айланма тизими (УЗВ)да етиштириш, инкубацион цехда балиқ личинкалари ишлаб чиқариш, балиқни қайта ишлаш, балиқ икраси ишлаб чиқариш ҳамда экотуризм йўналишлари ташкил этишга қаратилган.

Балиқларга махсус чип ўрнатилган, уларнинг соғлиғини текшириш учун УЗИ текширувлари ҳам ўтказилади. Балиқ сақланадиган ҳовузларда кислород таъминоти етарли бўлиши учун махсус технологик мосламалар ҳам ўрнатганмиз. Бу ишни йўлга қўйиш бошқа бизнес турлари каби машаққатли, вақт ўтиб ҳаммасини йўлга қўйиб олгач, балиқ сизга даромад келтира бошлайди”, - деди Лагутин.

Корхонани молиявий қўллаб қувватлаш мақсадида Ипотека банк томонидан 33 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ажратилган. Ушбу лойиҳанинг жами қиймати 54,3 млрд. сўмга тенг. “GOLDEN FISH GROUP” МЧЖ ўз фаолиятини 40,9 гектар ер майдонида жойлашган ҳовуз ва бино-иншоотларда амалга оширади.

Корхонада:

  • интенсив бассейнларда осётр етиштириш – 400 тонна;
  • икра ишлаб чиқариш – қора икра 0,5 тонна, қизил икра 5 тонна;
  • инкубацион цехда балиқ личинкалари ишлаб чиқариш - 1 млн.дона (осётр ва лосось туркумига мансуб балиқ личинкалари);
  • қайта ишлаш – 100 тонна (тайёр ва ярим тайёр балиқ махсулотлари - котлет, фарш, дудланган балиқ);
  • музлаткич омборхона – ҳажми 30 тонна;
  • садок усулида балиқ етиштириш – 60 дан зиёт турли ўлчамдаги садокларда 700 тонна лосось оиласига мансуб балиқлар етиштириш;
  • экотуризм йўналишида – 20 гектар майдонда балиқ овлаш, от спорти, теннис майдонлари ташкил этилган.

Корхона бассейнларида етиштирилаётган 400 тонна осётр балиқлари асосан қора икра учун парваришланади ҳамда 1 та осётр балиғидан вазнига нисбатан 20 фоиз қора икра олиниб, ички бозорга қайта ишланган ҳолда тақдим этилади.

«Ипотека-банк» АТИБ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид