Жаҳон | 20:00 / 28.07.2021
5595
2 дақиқада ўқилади

Эквадор Жулиан Ассанжни фуқароликдан маҳрум этди

WikiLeaks ташкилоти асосчиси Жулиан Ассанж Эквадор суди қарори билан 2021 йил 26 июлда ушбу давлат фуқаролигидан маҳрум этилди. Ассанж Эквадор фуқаролигини 2018 йил январда олган эди.

Фото: Getty Images

Ассанжнинг адвокати Карлос Поведа суд қарорини шубҳа остига қўйган ва унинг устидан апелляция беришини айтган. Унинг таъкидлашича, суд Ассанжни фуқароликдан маҳрум этиш учун тақдим қилинган исботларни тегишлича баҳоламай ва текшириб ўтирмай, бор-йўғи 20 дақиқа ичида қарор чиқариб қўйган. Бундан ташқари, ҳозирда Британиядаги турмада сақланаётган Ассанж суд жараёнида қатнашиш имконидан маҳрум этилгани сабабли унинг ҳуқуқлари бузилган.

Эквадор ташқи ишлар вазирлиги суд “ишни кўриб чиқишда мустақил ҳаракат қилгани ва барча тартиб-қоидаларга амал қилганини” таъкидлаб ўтган.

Ассанж 2019 йил апрелда Эквадор ҳукумати томонидан сиёсий бошпанадан маҳрум этилгандан кейин мамлакатнинг Лондондаги элчихонаси биносида ҳибсга олинганди. У бу ерда Швецияга экстрадиция қилиниши мумкинлиги хавотири остида 2012 йилдан бери яшириниб келган. Собиқ журналист ҳозирда Белмарш турмасида сақланмоқда. 

Ассанжга АҚШда давлат департаментининг ўта махфий ҳужжатларини ошкор қилиш айблови қўйилмоқда. 4 январ куни Британия суди уни АҚШга бермасликка қарор қилган. Бироқ Лондон суди июлда Вашингтонга ушбу қарор бўйича шикоят беришга рухсат берган. Ассанжга АҚШда 175 йилгача қамоқ жазоси хавф солмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид