Жаҳон | 08:24 / 18.08.2021
11397
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи толиблар билан мулоқот олиб боришга тайёрлигини маълум қилди

Европа Иттифоқи “Толибон” Афғонистондаги урушда ғалаба қозонганини тан олади, бироқ унинг ҳокимиятини тан олмоқчи эмас. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи масалалар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель иттифоқ давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Афғонистон бўйича видеоанжуманида маълум қилди.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи миграция ва гуманитар инқирозларнинг олдини олиш учун толиблар билан мулоқот бошлашга тайёр. 

“Толибон” урушни ютди, шу сабабли биз миграция ва гуманитар инқирознинг олдини олиш учун Кобулдаги янги ҳокимият кимлар бўлишидан қатъи назар, улар билан мулоқот қилишимиз лозим. Гап фақат мулоқот ҳақида бормоқда, “Толибон”ни тан олиш ҳақида эмас”, деб айтган Боррель.

Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни давом эттиради. “Афғонистон халқи инсонпарварлик ёрдамига ўта муҳтож, бундай ёрдам ҳеч нарсага қарамай кўрсатилмоқда. Бу иқтисодий ёрдамга тааллуқли эмас, унинг ажратилиши Афғонистоннинг янги ҳокимияти хатти-ҳаракатларига боғлиқ бўлади”, деб қўшимча қилган ЕИ вакили.

Боррелнинг айтишича, Европа Иттифоқининг ҳозирдаги устувор вазифаси “иттифоқ билан ҳамкорлик қилган афғон фуқароларини эвакуация қилиш ҳисобланади”.

15 август куни “Толибон” Афғонистон пойтахти Кобулга кириб, мамлакат раҳбариятига ҳокимиятни тинч йўл билан топширишни таклиф қилди. Шундан кейин Афғонистон президенти Ашраф Ғани истеъфога чиқиб, мамлакатни тарк этди, толиблар эса бутун мамлакат бўйлаб назорат ўрнатганини эълон қилди.

Мавзуга оид