Жаҳон | 07:29 / 25.08.2021
19354
1 дақиқада ўқилади

Порошенко ўзига уюштирилган ҳужумда Зеленскийни айблади

Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко Киев марказида устига кўкдори (зелёнка) қуйиб юборилишига амалдаги президент Владимир Зеленский алоқадор эканини айтди. Воқеа 24 августда Украина мустақиллиги куни муносабати билан ўтган тадбир вақтида юз берган.

“Айтмоқчи эмасдиму, бироқ айтишга мажбурман. Владимир Александрович, тушунаман – қўрқинчли. Тушунаман, сиз кўнгиллилар, ҳарбийлар, ҳақиқий ватанпарварлардан Путиндан кўра кўпроқ кўрқасиз. Бизни кўкдориларингиз билан тўхтатишга ҳаракат қилманг. Бунинг уддасидан чиқа олмайсиз”, деб айтган Порошенко ўз тарафдорлари олдидаги чиқиши вақтида.

Аввалроқ Порошенко устидан кўкдори қуйиб юборилгани маълум қилинганди. Полиция ушбу ҳужумни содир этган, 1999 йилда туғилган йигитни қўлга олган. Унга нисбатан безорилик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Таъкидланишича, у 5 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид