Спорт | 09:21 / 30.08.2021
14326
7 дақиқада ўқилади

Абрамовга ишонгани, «Бунёдкор»га фойда бериш учун кетгани ва Ўзбекистонга қайтгани ҳақида. Жалолиддинов катта интервью берди

Ўзбекистон миллий жамоаси ва Тошкентнинг «Локомотив» клуби футболчиси Жасур Жалолиддинов ҳали 19 ёшда. Одатда бу ёшда ўзбек футболчиларининг аксари захирадан майдонга тушишни бошлаган бўлади. Аммо Жасур шу ёшида шунчалик кўп нарсани кўрдики, бу савдолар кўплаб фаолиятини тугатиб кетган футболчиларнинг бошига ҳам тушмаган.

Жалолиддинов Sports.uz сайтида интервью берди. Суҳбат давомида футболчи қандай қилиб алдангани, нега «Бунёдкор»дан кетгани, Абрамов билан муносабатлари ва нега Ўзбекистонга қайтгани ҳақида гапирди. Қуйида интервью давомида айтилган сўзлар унинг ўз тилидан келтирилади.

Нега «Андижон»?

«Андижон»га ўтишимдан аввал Журъатбек Қувватов билан гаплашдим. Ўйлашимча, яхши пул тўланди. Аниғини айтмайман, лекин бешдан тепа, ўндан паст (катта эҳтимол 5-10 минг доллар атрофида). «Андижон»да ярим мавсум ўйнашни мақсад қилгандим ва шундай бўлди. Хориж клубларига ёки Ўзбекистоннинг кучлироқ жамоаларидан бирига ўтиш ниятида бўлганман. Журъатбек Қувватов «Шартномани олиб, хоҳлаганингни ёз, мен розиман», деб айтди. ПФЛ регламентига кўра, ярим йиллик шартнома тузиш мумкин эмаскан. Шунинг учун бир йиллик шартнома туздик. Клуб мен хоҳлаган вақтда мени қўйиб юборишига ишонгандим.

Отабек Ғуломхўжаев жамоадан кетгач, Журъат ака сен ҳам кетасанми, деб сўради. «Андижон»га ўтишимнинг сабаби фақат мураббий эмасди, мен жамоага ёрдам бермоқчиман, деб жавоб бердим. Ваъдамга мувофиқ, «Навбаҳор» билан ўйиндан кейин менга рухсат беришларини сўрадим. Мендан рози эканликларини айтиб, омад тилашди».

Бахт ҳақида

«Мен ўзимни бахтли ҳисоблашим мумкин, чунки ёшлигимдан обрў орттирдим, кўп орзуларим ушалди. Бўлиб ўтган барча воқеаларни Аллоҳдан келган синов деб ҳисоблайман. Қийинчиликларга қарамай, ўзимни бахтли дея оламан».

Россияда нима бўлганди?

«Россияга кетишимни билгач, буни интизор бўлиб кута бошладим, ҳаяжонландим. 2-3 ой тўлиқ «Локомотив» билан машғулотлар олиб бордим. Дастлабки ҳафталарда ростдан ҳам кучим етмаётгани, улар биздан жисмоний жиҳатдан анча кучли эканини ҳис қилдим. «Тамбов»га ўтишимдан аввал, «Локомотив»га қўшилганимга 3 ойлар вақт бўлиб қолганди, ўзимда кучайишни сеза бошлаганман. Чунки мураббийлар мен билан индивидуал тарзда кўп ишларди. Мени энг кўп хурсанд қилган нарса шуки, ҳеч ким мени эътиборсиз қолдирмаган. Худди кейинги ўйинда майдонга тушиши керак бўлган футболчидек тайёрлашар эди.

Бир куни агентларим менга клуб янги директори шартномани бузишни таклиф қилаётгани, лекин қолиш имконияти ҳам борлигини айтишди. Агентларим билан маслаҳатлашгач, кетишга қарор қилдим. Улар мени «Ал-Айн»га олиб бормоқчи эди. Айтишларига кўра, жамоа раҳбарига ёққанман, фақат мураббий мени олиб келишни хоҳламаган. Ҳали ёшлигим ва кўп ўйин амалиётисиз қолиб кетганим бунга сабаб бўлса керак. Кейин менга Испанияга ўтишимни айтишди. 4 ой ўйнаб, кейин «Ал-Айн»га келамиз, дейишди. Шундан сўнг мен уларга ишонмай қўйдим. Бундай бўлишини билганимда «Локомотив»да қолган бўлардим».

Вадим Абрамов алдаганмиди?

«Вадим Абрамовнинг сўнгги интервьюсини кўрдим. Мен ҳақимдаги саволга у «бола ҳамма нарсани билади, нега жим турганига ҳайронман», деб жавоб берибди. Мен жим турганим йўқ, шунчаки ҳеч ким бу ҳақда сўрагани йўқ. Айнан Вадим Карленовичдан ёмонлик кўрмаганман. Мураббийлик томондан менга жуда катта ёрдам кўрсатган. Унинг олдига келганимда «Сизга катта раҳмат, лекин агентлар билан шартномани бузмоқчиман», деб айтганман. Вадим Карленович шартномани бузиш учун 1,5 млн доллар жарима кўрсатилганини айтди. Мен ўзим ҳаракат қила бошладим ва икки ҳафтадан сўнг келишувни бекор қилдим».

Мураббийлар

«Мен фаолиятим давомида кўплаб яхши мураббийлар билан ишладим. Фаолиятимдаги энг катта омадимдан бири айнан яхши мураббийларга учраганим. Мени катта футболга Миржалол Қосимов олиб кирган. Кейин Абрамов билан ишладим. Икки миллий жамоа мураббийидан кўп нарса ўргандим».

Ота-онаси бўлганида...

«Ота-онам бўлганида бунақа кўп алданмаган бўлармидим? Бундай деб ўйламайман. Мен кўпчилик ўйлагандек алданганим йўқ. Бувиларим, тоғаларим ота-она қиладиган ишни қилганлар. Фаолиятимдаги танловни эса ўзимга қолдиришган. Абрамов менга ишонгани, имкон бергани учун фақат «Локомотив»га ўтишимни айтганман, чунки ишонардим. Майли, нима бўлса, бўлди. Бўлиб ўтган воқеаларни ҳаётий тажриба деб қабул қила қоламан. Шу ёшимда футбол шартномалари, агентлар ҳақида жуда кўп нарсани билиб улгурдим ва бу менга мактаб бўлади».

«Бунёдкор»дагилар қачон кетасан, дейишарди

«Бунёдкор»дан кетишим қандай бўлган? Ўша вақтда жамоада молиявий қийин ҳолат бўлиб қолди. Айтишдики, «Локомотив» (Москва)дан қизиқиш бор ва бу «Бунёдкор» учун жуда ҳам фойдали трансфер бўлади. Клубга шу тарзда фойдам тегса, кетаман дедим. Улуғбек ака Мирзаев ҳам ростдан хоҳлайсизми, деб сўраган. Мен ҳа деб жавоб берганман. Шундан сўнг менга ҳеч ким шартнома қай тартибда тузилишини ҳам айтмаган. Аввал «Бунёдкор» билан шартномамни бузиб, эркин агент сифатида москваликларга бориб қўшилишимни билмаганман. Мен учун катта пул тўланиши, бу клубнинг футболчилар олдидаги 3-4 ойлик қарзини бирданига узиши учун етарли бўлишини айтишди. Йигитлар ҳазиллашиб қачон кетасан, дейишарди. Мана энди мухлисларнинг ўзи айтсин, мен бу вазиятда клубдан қочиб кетдимми ёки ёрдам бердимми?» деган футболчи.

Маълумот учун, Жасур Жалолиддинов Тошкентнинг «Бунёдкор» клубидан Москванинг «Локомотив» клубига ўтиб, бирорта ўйинда майдонга тушмай қайтиб келганди. Бу трансфер кўплаб можароларга сабаб бўлди. Трансфердан «Бунёдкор» умуман фойда кўрмагани, ўртада турган агентлар эса 900 минг евродан кўпроқ пул ишлаб олгани ҳақида хабарлар чиққанди. Россияда иши юришмагач, Жалолиддинов аввалига «Андижон»га, кейин эса Тошкентнинг «Локомотив» клубига ўтди.

Мавзуга оид