Жаҳон | 15:22 / 05.09.2021
37936
3 дақиқада ўқилади

Толиблар Кобулда аёллар намойишини кўздан ёш сиздирувчи газ орқали тарқатишди

Кобулда толиблар ўз ҳуқуқлари таъминланишини талаб қилган ҳолда намойишга чиққан аёллар тарқатиб юборилди.

Фото: Getty Images

Маълумотларга кўра, ўнлаб намойишчилар президент саройига кирмоқчи  бўлганида толиблар кўздан ёш сиздирувчи газ, шунингдек, қалампир баллонлари ва электрошокерлар қўллашган.

Акция иштирокчиларидан бири Reuters агентлигига толиблар аёлларнинг бошларига ургани ҳақида ҳам гапирган.

Tolo News хабарига кўра, «Толибон» акцияни ўтказиш вақтида назорат издан чиқиб кетгани ва тартибсизлик юзага келгани ҳақида маълумот тарқатган.

Афғонистонда толиблар Кобулда ҳокимиятни қўлга олишидан кўп вақт ўтмай Ҳиротда ҳам шу каби акциялар бўлиб ўтганди. Аёллар ишлаш ҳуқуқи, шунингдек, давлат бошқарувида иштирок этишлари таъминланишини талаб этишмоқда.

«Толибон» яқин кунларда ҳукумат таркибини эълон қилиши кутилаётганди. Аммо ҳаракат ичида бўлиниш юзага келгани туфайли бу муддат кечикмоқда. Янги ҳукумат таркибида раҳбарлик лавозимларига аёллар тайинланиши эҳтимоли деярли йўқ, ҳолбуки толиблар Кобулни эгаллагач берган илк баёнотларида шундай бўлишини ваъда қилишганди.

«25 йил олдин толиблар келишганида улар менинг мактабга боришимга йўл қўйишмаганди», дейди журналист Азита Назимий Tolo порталига.

Кўпчилик Афғонистондаги янги режим ҳам толибларнинг 1996-2001 йиллардаги бошқарувидан фарқ қилмаслигидан хавотирланмоқда.

Ўшанда мамлакатда шариат қонунлари қўлланган. Қизлар таълим олиши тақиқланган, аёлларга ишлаш, замонавий либосларда юриш ва кўчага маҳрамисиз чиқиши мумкин бўлмаган.

Турмуш ўртоғига хиёнат қилган аёллар тошбўрон қилиб ўлдирилган, ўғирлик қилганларнинг қўли кесилган, болаларни ўғирлаганлар омма олдида дорга осилган. Айрим ҳолатларда тирноғини бўяган қизларнинг бармоқлари кесилган.

Бу сафар ҳокимиятга келиши биланоқ «Толибон» ўз позициясини «юмшатгани» ҳақида маълум қилди: ҳаракат вакиллари аёллар ҳуқуқларини «афғон нормалари ва ислом қадриятлари» доирасида ҳурмат қилишга ваъда беришди, ўтган ҳафтада эса аёл шифокорлардан ўз ишларига қайтиш сўралди.

Толиблар янги ҳукуматда аёллар ҳам бўлиши мумкинлигини истисно этмаганди, аммо улар асосий лавозимларни эгаллай олишмайди, масалан, вазирлик лавозимига эришиш улар учун имконсиз.

Мавзуга оид