Ўзбекистон | 10:25 / 18.09.2021
20717
11 дақиқада ўқилади

Сардоба тошқинидан талафот кўрган 100 дан ортиқ фермерларнинг зарарлари ҳалигача тўлаб берилмаяпти

Сардоба сув омбори тўғони бузилиб кетиши натижасида Сирдарё вилояти Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларидаги боғдорчилик билан шуғулланувчи юзлаб фермерларнинг дарахт кўчатлари ва уларнинг ҳосиллари оқиб кетган, ер майдонлари вайрон бўлган. Орадан бир ярим йил ўтган бўлса-да, тахминан 20 миллиард сўм зарар ҳалигача қопланмаган.

Сардоба сув омбори... Бу номни эшитишимиз билан хаёлимизга нафақат сирдарёликлар, балки бутун халқимиз ва ҳатто қўшни қозоғистонликларнинг жабр чекишига сабаб бўлган техноген офат келади. Афсуски, бу офат келтирган зарарлар ҳали ҳам фуқароларимиз сарсон бўлишига сабаб бўлмоқда.

Kun.uz'га келиб тушган мурожаатда Сардоба сув омбори тўғони бузилиб кетиши натижасида боғдорчилик билан шуғулланувчи юзлаб фермер хўжаликларининг дарахт кўчатлари, уларнинг ҳосиллари оқиб кетган, ер майдонлари вайрон бўлгани айтилади.

Сирдарё вилояти Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларидаги фермерлар орадан 1,5 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, уларнинг зарарлари қоплаб берилмаганини маълум қилди. Олий Мажлис Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, прокуратура, туман ва вилоят ҳокимликлари-ю, уларнинг қишлоқ хўжалиги бошқарма ва бўлимлари – фермерлар бу ишларнинг ортидан мурожаат қилмаган ташкилоти қолмаган ҳисоб.

Рашид Мирзоқулов

«11 йиллик боғим оқиб кетди. 7,4 гектар майдондаги олхўри ва бошқа мевалардан иборат боғимни сув оқизиб кетди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари келиб боғларимни кўриб акт қилишган ва боғни бузиб қайтадан қилиш кераклигини ҳақида хулоса бериб кетган. Баҳолаш ташкилотлари 412 миллион сўм зарарни ҳисоблаб чиқариб берди. Барча ҳужжатларни тўплаб, дастлаб Сардоба тумани ҳокимиятига, кейин Сирдарё вилояти ҳокимлигига ҳужжатларни топширдим. Эрта-индин дейишади, лекин ҳозиргача пулдан дарак йўқ”, – дейди «Рашидбек боғи» фермер хўжалиги раиси Рашид Мирзоқулов.

21 йилдан бери фермерлик қилаётган Маҳбуба Очилова 12 гектарли боғи бир неча кун 3 метрлик сув остида қолган. Фермер 10 мингдан зиёд бодом, ёнғоқ ва бошқа мева кўчатларини сув ювиб кетганини айтади.

“Консалтинг ташкилотлари келиб 12 гектар боғ учун 286 миллион сўм зарар ҳисоблаб берганди, кейин вилоятдан келиб текширишгач 176 миллион сўмга тушиб қолди.

Маҳбуба Очилова

Сардоба тумани раҳбарларининг бирортаси президентнинг айтган гапларини бажармаяпти. Булар президент айтган гапларини 50 фоизни ҳам бажарадиган бўлса, Ўзбекистон яшнаб кетарди. Деҳқон нима қилсин, далада иш қилсинми ёки раҳбарларнинг орқасидан қувиб юрсинми? Ернинг аҳволи жуда ёмон бўлиб қолди, уни тўғрилаш учун катта тракторларни олиб келиш керак, бунга эса пул керак. Мутасаддилар ўтган йили кузда берамиз деди, кейин баҳорда деди. Мана орадан 1,5 йил вақт ўтди, ҳалиям пул йўқ. Ҳамма нарсамиздан айрилдик, тошқин вақтида устимизда қандай кийим бўлса, ўша кийимда қолдик”, – дейди «Норин гули» фермер хўжалиги раиси Маҳбуба Очилова.

Бундан ташқари, бир йилдан ортиқ вақт мобайнида зарарга ишлаётган, талфот кўрган фермерлар солиқ органлари томонидан безовта қилиниб ҳам туради.

«Тошкентда комиссия келганида ҳам, вилоят ва туман раҳбарлари ҳам навбатма-навбат зарарлар қоплаб берилишини айтган эди. Ҳокимликларнинг қишлоқ хўжалиги бошқарма ва бўлимлари орқали етказилган зарарни баҳолатганимизда, бу ўтмайди, баҳолаш марказлари орқали баҳолатинглар, дейилди. Гулистондаги хусусий баҳолаш марказлари томонидан қарз-ҳавола қилиб баҳолатдик, лекин ҳалиям пул тўлаб берилмаяпти. Вилоят ҳокимлигида шунча кутдилар, яна кутасизлар-да, дейишяпти. Ҳозир фермерларни ерлари яроқсиз ҳолга келган, бирор кўчат ёки экин экаман, деса унмайди.

Мурод Нажмиддинов

Бунинг устига, солиқдагилар тинмасдан солиқларни тўла, дейди. Президентимиз томонидан тадбиркорларнинг солиғи ва кредитларини музлатиб қўйинглар дейилган. Лекин ўзи талафот кўрган ерда, молиявий зарарда бўлсак-да, бўйнимизга катта солиқларни илиб эртага пулни олиб қолсангиз тўлайсизлар-да деган гапни гапиришяпти”, – дейди «Ҳасанбой анорзори» фермер хўжалиги раҳбари Мурод Нажмиддинов.

«Сув омборидаги барча зардоб сувлар ерларимизга бориб тўпланиб қолган, бедазоримни бир ой сув босиб ётди. Бундан ташқари, 1,5 гектар олма боғим яроқсиз ҳолга келди. Қаерга борсанг, «Отангга бор, онанга бор», «Инсоф билан баҳоламайсанми, ўзи шу маҳсулотинг бормиди», – дейишади. Тошқиндан кейин вилоят ва республика ишчи гуруҳи аъзолари келиб, далани сув босгани, қандай зарар етганини ўз кўзлари билан кўриб далолатнома тузиб кетишган. Шунга ҳам ишонишмаса, нимага ишонишади?

Зокир Юнусов

Бунинг устига, солиқдан телефон қилиб қўйишмайди: Ака, солиқларни тўланг, деб. Ердан икки йилдан буён даромад қилмаётган бўлсам, молларимни сотиб солиқ тўлайманми? Болаларимни боқаманми, солиқ тўлайманми ёки ерга ишлайманми?» – дейди «Чўлдаги бедазор» фермер хўжалиги раҳбари Зокир Юнусов.

Ҳолатга изоҳ олиш учун Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан боғландик. Сирдарё вилояти молия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Нуриддин Усмонов Сардоба тошқинидан зарар кўрган ҳудудлардаги аҳолига тегишли турар жойлар ва барча зарур шароитларни яратиш учун ҳозирги кунга қадар давлат бюджетидан 1,7 триллион сўмдан зиёд маблағ сарфланган. Бошқарма масъули 120 дан ортиқ фермерлар баҳолаш ташкилотлари орқали зарарларини баҳолатиб келгач, ҳукумат комиссия пул ажратиш тўғрисида қарор қабул қилишини билдирди.

«Етказилган зарарларни қоплаш бўйича ҳукумат комиссияси томонидан тизим яратилган. Унга кўра, ушбу зарарлар биринчи навбатда туман ва шаҳар комиссиялари томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, етказилган зарарлар миқдори натура кўринишида аниқланади ва вилоят комиссиясига олиб чиқилади. Вилоят комиссияси ҳам ўрганганидан кейин, бу ҳужжатлар ҳукумат комиссиясига олиб чиқилади ва тегишли зарарлар қоплаб берилади.

Нуриддин Усмонов

Ҳақиқатан бугунги кунда боғдорчилик ва полиз экинлари етиштириш билан шуғулланувчи фермерларнинг зарарлари ҳали қоплаб берилмаган. Бизга келиб тушган дастлабки маълумотларга кўра, 2 минг гектар майдондаги 125 нафарга яқин фермерлар техноген офатдан зарар кўрган. Бу бўйича ҳам ҳукумат комиссияси ва вилоят ҳокимлиги томонидан топшириқлар берилиб, зарарлар натура кўринишида аниқланган. Биз фермерларга ҳар бир кўчат, унинг ҳосили ва бошқа етказилган зарарларни бугунги бозор нархларида баҳолаш учун мустақил консалтинг ташкилотлари мурожаат қилиши кераклигини айтганмиз.

Бугунги кунда фермер хўжаликлар томонидан қисман баҳолаш ишлари амалга оширилган. Қолган 80 фоизга яқин фермер хўжаликлари ҳали баҳолаш ишларини охирига етказишмаган ёки бошламаган бўлишлари ҳам мумкин. Баъзилари дастлаб тузилган далолатномани ҳам баҳолаш ҳужжати сифатида кўраётган бўлиши мумкин. Молия вазирлиги етказилган зарарни пул кўринишида қоплаб беради, шунинг учун дастлаб аниқланган натура кўринишидаги зарарлар миқдорини мустақил баҳолаш ташкилоти орқали суммасини тақдим қилиши керак бўлади. Барча фермерлар томонидан баҳолаш ишлари якунига етганидан кейин биз ушбу ҳужжатларни ҳукумат комиссиясига тақдим қилиб, давлат бюджетидан пул сўраймиз. Молия вазирлиги томонидан пул ажратилгач барча зарарларни қоплаб берамиз”, – дейди Нуриддин Усмонов.

Шунингдек, Нуриддин Усмоновнинг айтишича, 2021 йилда ушбу ҳудудлар тошқиндан зарар кўрган балиқчилик хўжаликларига 93 миллиард сўм, чорвачилик хўжаликларига 8,7 миллиард сўм зарар тўлаб берилган. Эсингизда бўлса жорий йилда Kun.uz сирдарёлик балиқчиларнинг муаммоларини бир неча бор ёритган эди.

Сўзимиз аввалида зарар кўрган ва фойда олмаётган фермерларни шу ҳолида ҳам солиқчилар безовта қилаётгани ҳақида ҳам айтгандик. Ушбу масалага Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати изоҳ бериб, Сардоба тошқинидан зарар кўрган фермерларга ҳеч қандай солиқ имтиёзлари берилмаганини маълум қилди.

Яна бир масъул ташкилот - Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши эса жорий йилнинг май ойида кўрилган зарарлар юзасидан далолатнома тузиб, уни баҳолатиш бўйича фермерларга ҳуқуқий тушунтириш бериш билан чекланган.

«Фермер хўжаликларининг ер майдонларида экилган экинлари ва боғлари сув тошқини натижасида зарар кўрганлиги, бироқ кўрилган зарарлар миқдори бўйича далолатномалар тузилмаганлиги аниқланиб, мурожаатни ўрганиш давомида ҳар бир фермер хўжалиги бўйича сув тошқини натижасида кўрилган зарарлари юзасидан далолатномалар тузилиб, ишчи гуруҳга тақдим этилган.

Ўрганиш натижасига кўра, фермер хўжаликларига ишчи гуруҳ томонидан тузилган далолатнома асосида етказилган зарар миқдорини баҳоловчи ташкилотлар орқали баҳолаш лозимлиги ҳақида ҳуқуқий тушунтириш берилган».

Шунингдек, Кенгаш Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларидаги боғдорчилик фермер хўжаликларига сув тошқини натижасида етказилган зарар миқдори ва уни қоплаб бериш масаласи қўшимча ўрганилишини маълум қилди.

Фермер ва деҳқон хўжаликларини ўз ташкилотига мажбурий тартибда аъзо қилиб олган кенгаш шунча вақтдан бери фермерларга фақат тавсия бериш билан чекланиб келгани, тегишли Ҳукумат комиссиясига бу ҳақда эслатиб қўйиш хаёлларига ҳам келмагани бу ташкилотнинг фермерлар учун қанчалик фойдасиз эканини кўрсатиб турибди.

Бундан ташқари, Сардоба тошқинидан талафот кўрган фермерларга зарарларини қоплаш бўйича қандай амалий ёрдам бера олишини сўраб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан боғладик. Афсуски, вазирлик матбуот хизмати саволларимизни очиқ қолдирди.

Маълумот учун, 2020 йил 1 май куни имзоланган «Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармойиши асосида “Сирдарё вилоятидаги «Сардоба сув омбори» тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси” ташкил этилган. Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ҳукумат комиссиясига қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида етказилган зарарлар ўрнини қоплаш чораларини кўриш вазифаси топширилган.

Яқинда тадбиркорлар билан мулоқот ўтказган президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорларнинг ислоҳотчи эканлиги, халқни рози қилиш учун тадбиркорларга кўмакчи, елкадош бўлиш лозимлигини таъкидлаган.

Бундан ташқари, Сардобадаги тошқиндан сўнг Сирдарёга ташрифи давомида президент бир неча бор фермерларнинг зарарлари тўлиқ қоплаб берилиши ҳақида гапирган. Аммо масъуллар давлат раҳбарининг кўрсатмаларини тез ва осон унутишган кўринади.

Хулоса қилишни ҳукумат вакилларига қолдирамиз ...

Фаррух Абсаттаров, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов

Мавзуга оид