Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Грузияда сайловлар олдидан Саакашвили тасвирланган “қонли” баннерлар пайдо бўлди
Грузияда шаҳарлар ва туманлар раҳбарлари ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловлари арафасида пойтахт Тбилисида мамлакатнинг собиқ президенти Михаил Саакашвили, собиқ бош вазир Георгий Гахария ва мухолифатнинг бошқа вакиллари тасвирланган баннерлар пайдо бўлди. Эътиборлиси, баннерда қон излари ҳам тасвирланган.
Плакатларда, шунингдек, Саакашвили партияси “Ягона миллий ҳаракат” етакчиси Ника Мелия, мухолиф телеканал “Мтавари архи” бош директори Ника Гварамия, Грузия миллий хавфсизлик кенгаши котиби Гига Бокерия, “ТВ Пирвели” телеканали бошловчиси Нодар Меладзе суратлари ҳам бор. Плакатда қизил рангдаги фонда грузинчада “Миллий ҳаракат”га йўқ, ёвузликка йўқ, сотқинликка йўқ” деган ёзув ҳам бор.
Саакашвили партиясига қарши ушбу кампанияда дастлаб ҳукмрон “Грузия орзуси – демократик Грузия” партияси гумон қилинган. Бироқ партия раиси Ираклий Кобахидзе бу айбловларни рад этган ва ушбу баннерлар “миннатдор” халқнинг золим мухолифатга “совғаси” деб киноя қилган.
Кейинроқ аниқланишича, баннерлар чиқарилиши бизнесмен Михаил Габричидзе томонидан молиялаштирилган.
“Одамлар “Ягона миллий ҳаракат”нинг қонли йилларини, улар Грузияда қандай қон тўккани, одамларни қандай қўрқитгани, мол-мулкни мусодара қилгани, қийноққа солиб, мажруҳ қилганини ёдда тутишлари лозим”, деб айтган Габричидзе.