Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сардоба тошқинидан зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига солиқ имтиёзлари берилади – Қонун лойиҳаси
Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилаётган лойиҳада Сардоба тошқинидан зарар кўриб, бир ярим йилдан буён пулини ололмаётган сирдарёлик фермерларга солиқ имтиёзи берилиши назарда тутилмаган. Молия вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, депутатлар тошқиндан зарар кўрган бошқа фермерларга ҳам имтиёз қўллаш бўйича таклиф киритиши мумкин.
Кеча, 24 сентябрь куни Қонунчилик палатаси навбатдаги мажлисида «Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси билан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари 2020 йил 1 майдан 2022 йил 1 ноябрга қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилиши белгиланяпти.
Kun.uz ушбу лойиҳада Сардоба тошқинидан зарар кўрган бошқа тадбиркорлар, хусусан, деҳқон ва фермер хўжаликларига ҳам солиқ имтиёзлари берилиши борасида савол билан Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси, депутат Мағфират Хушвақтовага мурожаат қилди.
Лойиҳа учун масъул бўлган Қонунчилик палатаси вакилининг айтишича, бу каби масалалар йиғилишда депутатлар томонидан ҳам кўтарилган. Лекин қонун лойиҳаси муаллифи бўлган Молия вазирлиги Сардоба тошқинидан зарар кўрган бошқа турдаги тадбиркорлар ва фермерлар ҳолати ўрганилганини ҳамда уларга етказилган зарар қопланиб, тегишлича имтиёзлар берилганини билдирган. Шу сабабли лойиҳада фақатгина балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига солиқ имтиёзларини бериш назарда тутилмоқда.
Kun.uz билан гаплашган Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори биринчи ўринбосари Умид Ҳамроевга кўра, ушбу лойиҳа Ҳукумат комиссияси протоколи асосида ишлаб чиқилган.
«Ҳақиқатан депутатлар биздан бошқа соҳаларга ҳам имтиёзлар бериладими, деб сўради. Биз Ҳукумат комиссияси топшириғи асосида Сирдарё вилоятидаги ушбу хўжаликларга етказилган зарарни ўрганиб, солиқ имтиёзини қўллаш бўйича таклиф ишлаб чиқдик. Молия вазирлиги бошқа хўжаликларга ҳам солиқ имтиёзини қўллаш бўйича таклиф беролмайди, бизда бундай ваколат йўқ. Бунинг учун маҳаллий депутатлар ёки Олий Мажлис депутати қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ўша фермерларга ҳам солиқ имтиёзини қўллаш бўйича таклиф киритиши керак. Қонун лойиҳаси энди биринчи ўқишда қабул қилинди, таклифлар бўлса ўрганиб чиқилиб, бошқа фермерларга ҳам солиқ имтиёзини қўллаш назарда тутилиши мумкин», – деди Молия вазирлиги вакили.
Шунингдек, Умид Ҳамроев ушбу лойиҳада давлат ташкилотлари ва юридик шахсларнинг ётоқхоналари ҳам ер солиғидан озод қилинишига доир банд киритилганини қўшимча қилди.
Бундан ташқари, лойиҳада Сурхондарё вилояти бўйича Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларида янгидан ташкил этган ҳолда шу ҳудудларда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари 2024 йил 1 январга қадар ер солиғи, мол-мулк солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун даромад солиғини тўлашдан озод қилиш назарда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 сентябрь куни Kun.uz'га мурожаат қилган сирдарёлик 100дан ошиқ боғдорчилик ва полиз экинлари экиш билан шуғулланувчи фермерлар Сардоба тошқини 2 минг гектар атрофидаги ҳосилларни оқизиб, ерларни ўнглаб бўлмас ҳолга келтирганини маълум қилган. Бир ярим йилдан буён зарарлари қоплаб берилмаган фермерлар, шунингдек, солиқчилар тинмай безовта қилаётганини ҳам таъкидлаганди.
Мавзуга оид
10:03 / 01.05.2025
Қоракўл ҳокими 600 млн сўм пулни тўламаслик учун фермерга босим қиляпти – Фермерлар кенгаши вакили
13:29 / 22.04.2025
Ҳокимларнинг гаровида қолаётган соҳа. Мақбуллаштириш жараёнидаги бедодликлар – уч фермер мисолида
11:19 / 02.04.2025
Юқори ҳосил олган фермерлар уч карра кам ер солиғи тўлайди
15:49 / 01.04.2025