Жаҳон | 14:53 / 03.10.2021
63623
9 дақиқада ўқилади

Афғонистон: толиблар озод қилиб юборган собиқ маҳбуслар аёл ҳакамлар учун «ов бошлади»

«Толибон» бошқарувида аёл бўлиш ҳуқуқсизликни англатади

Аёл судьялар Афғонистондаги аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда биринчилардан бўлишган. Улар қонунларга амал қилинишини таъминлаш учун мамлакатдаги энг ожиз қатламлар учун адолат тикланишига интилишган. «Толибон» бошқарувга қайтгач улар - 220 нафардан ортиқ афғон аёл судьялари ўзлари қаматганларнинг қасосидан қўрқиб яширинишга мажбур бўлишмоқда. Шундай аёлларнинг олти нафари BBC’га ўз тарихини айтиб берди. Уларнинг барчасининг шахси хавфсизликни таъминлаш мақсадида сир тутилади.

Судья Маъсума ўз фаолияти мобайнида аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича юзлаб эркакларга ҳукм чиқарган.

Аммо толиблар у яшайдиган шаҳарни эгаллагач, минглаб жиноятчилар қамоқхоналардан чиқариб юборилди. Унга таҳдидлар кела бошлади.

Унинг телефон рақамига кунига ўнлаб нотаниш рақамлардан матнли ва овозли хабарлар келади.

«Биз толиблар қамоқхоналардаги барча маҳбусларни қўйиб юборгани ҳақида эшитганимизда ярим тун эди. Биз зудлик билан қочишга тушдик, уйимизни ва бутун ўтмиш ҳаётимизни ортда қолдирдик», дейди Маъсума.

Толиблар ҳокимиятга келишгач, Афғонистонда фақат эркаклардан иборат янги ҳукумат шакллантирилди

Сўнгги 20 йил мобайнида Афғонистонда 270 нафар аёл судьялик лавозимларида ишлаган. Уларнинг барчасини юзидан танишади.

«Шаҳардан чиқиб олишда мен паранжи кийдим, мени ҳеч ким таниб қолмасин деб. Бахтимга биз «Толибон»нинг барча назорат-ўтказув пунктларидан муаммосиз ўтиб олдик», дея ҳикоя қилади у.

Улар кетишидан кўп вақт ўтмай қўшнилари уларнинг уйига «Толибон»нинг бир неча аъзоси келиб кетгани ҳақида ёзишган.

Маъсуманинг айтишича, қўшнилар келганларнинг ташқи қиёфасини тасвирлаб берганидан кейин уни ким излаётганини тушунган.

Толиблар аёлларга қандай имкониятлар тақдим этилиши борасида бир қарорга келинмаганини айтишмоқда

Толиблар ҳокимиятни эгаллашидан бир неча ой муқаддам Маъсума «Толибон» аъзоларидан бири рафиқасини ўлдиргани бўйича ишни олиб борганди.

Маъсума уни қотилликда айбдор  деб топиб, 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

«Ҳукм эълон қилингач, қотил менга қарата шундай деди: «Мен қамоқдан чиққанимда, сен билан ҳам хотинимга қилган  ишимни такрорлайман», дея ҳикоя қилади Маъсума.

У ўша вақтда бу таҳдидни жиддий қабул қилмаган. Аммо «Толибон» ҳокимият тепасига келгач, улар қамоқхоналардан чиқариб юборган маҳбуслар унга кўп марта қўнғироқ қилишган.

«У мени топишини ва қасд олишини айтди», дейди Маъсума.

BBC ўтказган текширувга кўра, ҳозирда Афғонистонда камида 220 нафар собиқ аёл судьялар таъқибчилардан яширинишга мажбур бўлмоқда.

Агентлик корреспонденти турли вилоятлардан бўлган олти нафар собиқ судья билан гаплашган ва уларнинг барчаси деярли бир хил тарихни гапирган.

Уларнинг барчаси аввал ўзлари қамоқхоналарга жўнатган «Толибон» аъзоларидан ўлим таҳдидларини олишган. Тўрт нафари аниқ номларни тилга олган - улар ўз рафиқасини ўлдиргани учун қамалган шахслардир.

Барча аёл судьялар сўнгги ойда камида бир мартадан ўз телефон рақамини ўзгартиришга мажбур бўлган. Улар том маънода ертўлаларда яшашади ва ҳар бир неча кунда бир манзилдан бошқасига кўчиб ўтади.

Уларнинг барчаси аввал яшаган уйларига улар кетганидан кейин толиблар келиб тинтув ўтказгани ҳақида айтишган. Уларнинг қўшнилари ва яқинларини уларнинг қаердалиги бўйича сўроқ қилишган.

Бундай айбловларга жавобан толибларнинг вакили Билол Каримий BBC билан суҳбатда шундай дейди: «Аёл судьялар бошқа ҳар қандай одам сингари қўрқувсиз яшаши керак. Ҳеч ким уларга таҳдид қилмаслиги керак. Бизнинг махсус ҳарбий бўлинмаларимиз бундай шикоятларни текшириши ҳамда қоидабузарлик ҳолатлари аниқланганда чора кўриши лозим».

У шунингдек, толибларнинг Афғонистон бўйлаб барча собиқ давлат хизматчилари учун «умуммиллий афв» эълон қилингани ҳақида эслатган. Амнистияга кўра, агар улар кетишни истаса бунга тўсқинлик қилинмаслиги, агар қолишни исташса, таъқиб қилинмасликлари назарда тутилган.

Толиблар қамоқхоналардан минглаб маҳбусларни чиқариб юборишган ва энди улар судьяларга таҳдид солмоқда

Аёл судьялар аввалги замонда ўз оилаларининг асосий боқувчиси бўлишган. Аммо эндиликда уларга маош тўлаш тўхтатилган, банк ҳисоблари музлатилган ва уларнинг барчаси ўз қариндошлари ҳисобига яшашга мажбур бўлишмоқда.

Ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида судьялик қилган Сана аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича ишларни кўриб чиққан.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатларнинг аксари бўйича «Толибон» аъзолари суд қилинган.

Ҳозирда у камида 12 кишилик катта оиласи билан бирга яшириниб яшашга мажбур бўлмоқда.

Унинг оиласидаги эркаклардан бири фақат бир марта уларнинг собиқ оилавий уйига борган. Аммо у нарсаларни йиғиштираётганида уйга қуролланган толиблар кириб келишган.

«Мен эшикни очдим. Мендан бу судьянинг уйими деб сўрашди. Мен унинг ҳозирда қаердалигини билмаслигимни айтганимда, калтаклай бошлашди. Бурним ва оғзим қонга тўлди», дея ҳикоя қилади Сананинг қариндоши.

Шундан кейин у шифохонага тушиб қолган.

Human Rights Watch маълумотларига кўра, Афғонистондаги аёллар ва қизларнинг 87 фоизи ўз ҳаёти мобайнида зўравонликка учраши мумкин.

Аммо аёл ҳакамлар ҳамжамияти мамлакатда аёллар ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган қонунларга риоя этилиши учун иш олиб боришган, аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари муқаррар жазо тайинланадиган жиноят сифатида эътироф этилишига эришишган.

BBC’нинг ҳар олти нафар суҳбатдоши «Толибон» мамлакатда ҳокимиятни қўлга олгунича ҳам ўз фаолияти давомида турли таъқибларга дуч келишгани ҳақида айтишган.

«Мен ўз мамлакатимга хизмат қилишни истадим, шу сабабли судьяликни танладим. Оилавий масалалар бўйича судда «Толибон» аъзоси бўлган эри билан ажрашишни истаган аёллар билан боғлиқ ишларни кўрдим», дейди собиқ ҳакамлардан яна бири Асма.

У ўз иши ҳамиша хавфли бўлганини таъкидлайди: «Бир марта толиблар суд залига граната улоқтиришганди».

Унинг ҳамкасбларидан бири ишдан уйга қайтишда йўқолиб қолган. Унинг жасади топилганида ҳеч кимга қотиллик бўйича айблов эълон қилинмаган. Толиблар бу ишга алоқадорликни рад этишган.

Толиблар ўқувчи қизлар мактабларга қайтишига рухсат бермади

Афғонистоннинг янги ҳукумати аёллар ҳуқуқи масаласида қанчалик қаттиққўллик кўрсатиши ҳақида айтишга ҳали эрта. Аммо ҳозирча истиқболлар умидбахш кўринмаяпти.

Янги ҳукумат таркибида бирорта аёл кишига ўрин берилмади. Мактабларда фақат эркак ўқитувчилар фаолиятига рухсат берилган, аёлларга - йўқ.

«Аёлларнинг ишлашига рухсат бериш шартлари ҳали ҳам муҳокама жараёнида», деган «Толибон» вакили BBC’га берган изоҳида.

Барча олти судья мамлакатдан кетишга ҳаракат қилгани, аммо бунинг учун пуллари бўлмаганини айтиб ўтган. Шунингдек, уларнинг оила аъзоларининг айримларида паспорт ҳам йўқ.

Муқаддам Афғонистонда судья бўлиб ишлаган, ҳозирда Буюк Британияда яшаётган Марзия Бабакархайл барча собиқ аёл судьялар зудлик билан эвакуация қилиниши кераклигини айтади.

Унинг сўзларига кўра, биринчи навбатда пойтахт Кобулдан узоқда, Афғонистоннинг чекка вилоятларидаги қишлоқларда яшовчилар ҳақида қайғуриш керак.

«Қишлоқда яшовчи судьялардан бири менга қўнғироқ қилганида юрагим ларзага келди. «Марзия, биз нима қиламиз? Қаерга борамиз? Улар бизни ўлдиришади», деди у», дея ҳамкасбларидан бири билан бўлган суҳбатни эслайди у.

«Кобулда, ҳеч бўлмаганда оммавий ахборот воситалари ва интернет билан боғлана олишади. Судьяларнинг ҳамон овози бор, аммо қишлоқ ҳудудларида ҳеч нарса йўқ», дейди Марзия Бабакархайл.

Собиқ аёл судьялар уларни шунчаки ўлдириб юборишларидан қўрқишмоқда

Бир неча мамлакатлар, жумладан Янги Зеландия ва Буюк Британия ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилган. Аммо бу ёрдам қачон бўлиши ва қанча судья олиб кетилиши мумкинлиги номаълум.

Судья Маъсума ёрдам жуда кечикиши мумкинлигидан хавотирда: «Мен доим ўзимга савол бераман, бизнинг айбимиз нима? Таълим олганимиз айбимизми? Аёлларга ёрдам бериб, жиноятчиларни жазолаганимиз айбми? Мен ватанимни севаман. Аммо мен ҳозир бу ерда асирликдаман. Мен фақат ҳар куни яна озодликда бўлишимизни сўраб ибодат қиламан».

Мавзуга оид