Жаҳон | 11:23 / 04.10.2021
5247
3 дақиқада ўқилади

Грузияда Саакашвили мухолифат етакчиларини ўлдиришни режалаштиргани айтилди

Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвилининг таъкидлашича, мамлакатнинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ватанига қайтгач, иғволар уюштиришни ва мухолифат етакчиларини ўлдиришни режалаштирган. У шу йўл билан амалдаги ҳукуматни жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида ёмон қилиб кўрсатмоқчи бўлган.

Ираклий Гарибашвили

Гарибашвилининг айтишича, Саакашвили 3 октябрда сайловларнинг дастлабки натижалари эълон қилингандан кейин “кўчаларга 10 мингга яқин тарафдорини олиб чиқиб намойишлар ўтказишни, сўнгра улар давомида юзага келадиган тартибсизликлар вақтида қотилликлар содир этишни ва шу йўл билан амалдаги ҳукуматни қонунийликдан маҳрум этишни кўзлаган”.

“Бу махсус хизматларимиз берган маълумотлардан аён бўлди. Уларнинг (Саакашвили ва унинг тарафдорларининг) режаси қуйидагича бўлган: авжи паллада 10 мингга яқин одамни сафарбар қилишмоқчи бўлган, шунда полиция Саакашвилини қўлга олишга ва эҳтимол махсус техника қўллашга мажбур бўларди. Версиялардан бирига кўра, улар шу тўполон вақтида мухолифатнинг бир нечта етакчисини ўлдирмоқчи бўлган. Бу уларнинг раҳбариятимизни ёмонотлиқ қилиш учун мақсад қилган режаларидан бири бўлган. Шундан кейин хорижда бу ерда мухолифат етакчилари ўлдирилаётгани намойиш қилинарди. Ана ўшанда хорижий давлатларда ҳукуматимиз истеъфога чиқиши ва навбатдан ташқари сайловлар ўтказилиши талаб қилинган бўларди”, деб тушунтирган ушбу режани Гарибашвили.

У Тбилиси Саакашвилининг Грузияга келмоқчи бўлаётганидан ва унинг Киевдан Грузиягача ҳаракатланишининг бошидан охиригача хабардор бўлганини айтган.

“Биз у қайси квартирада яширинаётганини билгандик ва уни қўлга олиш учун қулай фурсатни кутдик”, деб қўшимча қилган Грузия бош вазири.

Унинг таъкидлашича, Грузияда бир нечта жиноий ишлар бўйича айбланаётган Саакашвили устидан суд жараёни “энг юқори стандартлар” бўйича ташкиллаштирилади.

“Фикримча, унга жуда қулай бўлади. Бизда демократия. Бу мутлақ шаффоф жараён бўлади. Даставвал унинг адвокати бор, унинг олдига ташриф буюрувчилар келмоқда, ҳеч қандай муаммо бўлмайди”, деб таъкидлаб ўтган бош вазир. 

Аввалроқ Гарибашвили ўз интервьюси давомида Саакашвили Украинага қачон қайта олиши мумкинлигини айтганди. Унинг таъкидлашича, собиқ президент Грузияда унга чиқарилган қамоқ жазосини тўлиқ ўтагачгина мамлакатни тарк эта олади.

1 октябрда Саакашвили Грузияга қайтганини ва Батумида эканини маълум қилган. У ватанида ўзига қамоқ жазоси хавф солаётганини била туриб бунга борган.

Шу кун кечки пайт Грузия бош вазири Саакашвили ушланиб, турмага етказилганини маълум қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид