Жаҳон | 08:44 / 10.10.2021
9278
3 дақиқада ўқилади

Австрия канцлери истеъфога чиқди. У журналистларни сотиб олишда айбланаётганди

Австрия канцлери Себастьян Курц ўз лавозимидан истеъфога чиқиши ҳақида эълон қилди. Бир неча кун муқаддам мамлакат прокуратураси унга қарши коррупция айблови бўйича суриштирув бошлаганди.

Фото: Reuters

Прокуратура у ва унинг атрофидагилар Австриядаги таблоидлардан бирига унинг сиёсий фаолиятини ижобий бўёқларда тасвирлаш эвазига давлат ҳисобидан тўлов қилишганини гумон қилмоқда.

Тергов фикрига кўра, улар давлат маблағларига сўровномаларнинг ҳукмрон партия фойдасига сохталаштирилган натижаларини сотиб олган.

Бундан ташқари, иқтисодиёт ва коррупция ишлари бўйича прокуратура Курцни вазирлар маҳкамаси раҳбарининг коалициясини пароканда қилган ва муддатидан сайловлар ўтказилишига олиб келган «Ибица иши» бўйича гумонланувчилар рўйхатига киритган. Қайд этилишича, Себастян Курц аввалги тергов вақтида ёлғон гувоҳлик берганликда гумон қилинмоқда.

6 октябрь куни коррупция иши бўйича суриштирув доирасида Курцнинг бир неча маслаҳатчилари иш кабинетларида тинтувлар ўтказилгани маълум бўлганди. Гумонланувчилар рўйхатидан маслаҳатчи Штефан Штайнер, ОАВ билан ишлаш бўйича масъул Гералд Фляйшманн, молия вазирлиги бош котиби Томас Шмидт, бир неча нафар матбуот котиблари ва собиқ расмий шахслар ўрин олган.

Прокуратура баёнотида нашр номи келтирилмаган, аммо Австрия матбуоти маълумотларига кўра гап Osterreich таблоиди ҳақида гап кетган. Ушбу газетага эгалик қиладиган ҳолдинг Курц учун фойдали бўлган сўровнома ташкиллаштириш учун давлатдан маблағ олмаганини билдириб чиққан.

Шанба куни Себастьян Курц телевидение орқали чиқиш қилган ҳамда мамлакатда сиёсий инқироз ва хаос юзага келишининг олдини олиш учун лавозимини тарк этишини маълум қилди.

Жума куни Курцнинг партияси ҳисобланган Австрия халқ партияси ва «Яшиллар» партиясини ўз ичига олган Австрия ҳукумати ҳалокат ёқасига келганди. «Яшиллар» етакчиси Вернер Коглер Курцга қарши суриштирув ишлари бошланиши уни ҳукумат бошқаруви учун номуносиб шахсга айлантирганини маълум қилди.

«Бизга барқарорлик керак», деди 35 ёшли Себастьян Курц истеъфоси ҳақидаги чиқишида ва мамлакат пандемия билан курашаётган чоғда Австрияни сиёсий инқироз ҳолатида қолдириш катта масъулиятсизлик бўлишини қўшимча қилди.

Себастьян Курц канцлер лавозимига мамлакат ташқи ишлар вазири Александр Шалленбергнинг номзодини таклиф этди, шу билан бирга, у Австрия халқ партияси раиси лавозимини сақлаб қолади ва унинг парламентдаги фракциясига раҳбарлик қилишда давом этади.

«Яшиллар» ҳозирча Шалленбергни канцлер лавозимига тайинлаш бўйича таклифга жавоб бермади.

Курц прокуратура айбловларидаги ҳолатларга йўл қўйганини инкор этган ва журналистларни сотиб олиш бўйича айбловларни ёлғон деб атаган.

Мавзуга оид