Ўзбекистон | 11:52 / 16.10.2021
2166
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Паркентда Узумчилик маркази ташкил этишни таклиф қилди

Паркент туманида Ризамат Мусамуҳамедов номидаги Узумчилик илмий-амалий маркази ташкил қилинади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда маълум қилди.

“Тошкент вилояти бир вақтлар ўзининг ноёб боғдорчилик мактаби билан нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам шуҳрат қозонган. Вилоятдан етишиб чиққан, “Ризамат” узум навининг муаллифи Ризамат Мусамуҳаммедов, лимоннинг ўндан ортиқ серҳосил навларини яратган Зайниддин Фахриддинов, “Юсупов” номли машҳур помидор навининг муаллифи Карим Юсупов, боғдорчилик илмининг ҳақиқий жонкуяри, академик Маҳмуд Мирзаев, атоқли соҳибкор, Ўзбекистон Қаҳрамони Тожибой Ризаев сингари заҳматкаш инсонларнинг меҳнатлари, халқимиз учун бугунги кунда ҳам ўз мевасини бермоқда.

Хусусан, Ризамат ота Мусамуҳамедовнинг узумчилик соҳасидаги натижалари Франция, Болгария, Венгрия, Италия каби кўплаб давлатларда ҳам, бугун кенг қўлланаётгани барчамизга ифтихор бағишлайди. Ана шундай уста соҳибкорнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида, Паркент туманида Ризамат Мусамуҳамедов номидаги Узумчилик илмий-амалий марказини ташкил қилсак, ҳар йили халқимиз, хорижий меҳмонлар ва сайёҳлар иштирокида Узум сайли ўтказиш анъанасини йўлга қўйсак, ҳар томонлама тўғри бўлади. Бу таклиф ҳам сизларга маъқулми?  

Бугунги кунда вилоят ҳаётида ўзининг самарали меҳнати ва ибратли фаолияти билан эл-юрт ҳурматини қозонган Сайдали Раҳмонов, Алим Тўйчиев, Жонсаид Турдиев, Александр Фармонов сингари қаҳрамонларимиз, Абдуҳошим Муталов, Туроп Холтоев, Умматқул Мирзақулов, Зокиржон Алматов, Сайфулла Асатов, Абдумажид Шодиев, Алиназар Эгамназаров, Виктор Пак, Фарида Ибрагимова, Усмон Жўраев каби муҳтарам фахрийларимиз Тошкент вилоятининг шон-шуҳрати ва обрўсини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётганини алоҳида таъкидламоқчиман”, деди президентликка номзод.

Мавзуга оид