Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Грузияда ҳукумат Саакашвилини йўқ қилмоқчилиги айтилди. Бош вазир буни уйдирма деб атади
Грузиянинг собиқ президенти, ҳозирда турмада ушлаб турилган Михаил Саакашвилининг адвокати Ника Гварамия ҳукумат сиёсатчини йўқ қилишни режалаштираётганини айтди. Унинг таъкидлашича, турмада очлик эълон қилган Саакашвили соғлиғи ёмонлашгани сабабли турма шифохонасига ўтказилиши ва у ерда уни бартараф этиш мақсадида тартибсизликлар уюштирилиши режалаштирилмоқда.
1 октябрда ҳибсга олинган сиёсатчи ҳозирда Рустави шаҳридаги турмада сақланмоқда ва 24 кундан бери туз тотишдан бош тортмоқда. Грузия соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида ташкил этилган шифокорлар консилиуми Саакашвилини шаҳар шифохонасига ўтказишни тавсия қилган. Бироқ Грузия адлия вазирлиги собиқ президентни Тбилисидаги турмалардан бирининг шифохонасига ўтказишга розилик берган.
Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили Гварамиянинг Саакашвилини йўқ қилишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги сўзларини “уйдирма ва иғво” деб атади.
“Бу буткул уйдирма ва иғво. Аҳоли Саакашвилининг тарафдорлари келаси шанбада ўтадиган сайловлар олдидан саросима кўтаришга уринаётганларини яхши фаҳмлайди. Келаётган ҳафта оғир кечади, бошқа ёлғон баёнотлар ҳам пайдо бўлади”, деб айтган бош вазир журналистларга.
Унинг таъкидлашича, Саакашвили президент бўлган даврда турмаларда ҳақиқатан одамлар ўлдирилган ва қийноққа солинган.
“Саакашвили тарафдорлари ҳафта давомида бу одам қандай қийинчиликларни бошдан кечираётганини кўрсатишга уринади. Аммо унинг овқатланишига ҳеч ким қаршилик кўрсатмаяпти. Шифокорлар Саакашвили соғлиғи ортидан тўлиқ назорат олиб боришмоқда. Шу сабабли собиқ прокурор Гварамиянинг (Саакашвили вақтида Гварамия адлия вазири ва бош прокурор ўринбосари лавозимларини эгаллаган) баёнотлари саҳналаштирилган томоша кўрсатишга яна бир уриниш ҳисобланади. Бироқ у муваффақиятсизликка учрайди”, деб қўшимча қилган Гарибашвили.
Грузия бош вазири зарурат ҳолатида Саакашвили шаҳар шифохонасига эмас, балки турма шифохонасига кўчирилишини яна бир маротаба таъкидлаб ўтган. У ерда собиқ президентга барча зарурий муолажалар ўтказилгач, у яна турмага қайтарилади.
Саакашвили Украинадан Грузияга 29 сентябрда яширинча келган. У 1 октябрда Тбилисида қўлга олинган. Сиёсатчи ўз ватанида бир нечта жиноий ишлар бўйича айбланувчи ҳисобланади.