Немисларнинг ғазабини келтирган «Оқсоқ хоним» – америкалик жосус аёл тарихи
Британия разведкаси таркибида ишлаган америкалик жосус Виржиния Ҳолл кўп операцияларни ёлғиз бажарган. Ўзини сездириб қўймаслик учун қиёфасини қойиллатиб ўзгартирган. Ҳоллни қўлга ололмаган немислар, уни Иккинчи жаҳон урушидаги энг хавфли агентлардан бири деб атаган.
Виржиния Ҳолл асли америкалик бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Францияда Буюк Британиянинг Махсус операциялар махфий бошқармаси ва Америка стратегик офиси таркибида жосус бўлиб ишлаган. Бу икки ташкилотнинг мақсади – Европа ҳудудларида немисларга қарши жосуслик қилиш, разведка ва саботаж ўтказиш, Франциядаги қаршилик гуруҳлари билан бирлашиб, уларни қурол-яроғ билан таъминлаб туриш бўлган.
27 ёшида оёғидан ажралади
Виржиния Ҳолл 1906 йил 6 апрелда АҚШнинг Мэриленд штатида бадавлат оилада туғилади. Мактабдан кейин Колумбия университетига қарашли Barnard коллежида ўқиб, француз, итальян ва немис тилларини ўрганади. Янги билимларни ўрганишга қизиқиш Ҳоллни Вашингтон университетининг иқтисод факултетига етаклайди. Ўқишини Европада давом эттиришни хоҳлаган Ҳолл Франция, Германия ва Австрияда таълим олади. Шундан кейин иш фаолиятини бошлайди. 1931 йил Польшанинг Варшава шаҳридаги Америка элчихонасида консуллик хизмати ходимига айланади. Ҳолл иш билан Туркияга жўнатилганда бахтсиз ҳодиса юз беради. Измирда овга чиққанда ўзининг чап оёғига тасодифан ўқ узиб юборади, шифокорлар унинг оёғини кесиб ташлаб, ўрнига ёғоч оёқ қўйишга мажбур бўлишади. Ўшанда у энди 27 ёшда эди.
Ёғоч оёқ сабаб ушалмаган орзу
Виржиния Ҳолл бир неча тилни биладиган ва Европа ҳақида кенг билимга эга аёл бўлган. Турли давлатларда консуллик ходими сифатида ишлаган Ҳоллнинг энг катта орзуси АҚШ элчиси лавозимига тайинланиш эди. Бироқ Ҳолл аёл киши экани, бунинг устига ногиронлиги сабаб бу армон бўлиб қолди. Ҳоллнинг Ташқи ишлар вазирлигига топширган имтиҳони варақалари сирли равишда йўқолади. Ўзи ҳам ногиронлар аравачасидан фойдаланишига қарамай, президент Франклин Рузвелт бу хизматга имконияти чекланганларни қабул қилишга қарши чиқади.
Бундан ранжиган Ҳолл 1940 йил кўнгилли сифатида хизмат қилиш учун Франция фронт чизиғига жўнайди. Бу ерда тез ёрдам машиналарини ҳайдаб, ҳужум майдонларидан ярадорларни йиғади ва уларга ёрдам беради. Бу пайтда немислар ва французлар ўртасида жанг кетаётганди.
Британия разведкасига зарур айғоқчи
Немислар Францияни таслим қилгандан кейин, Ҳоллнинг бу ерда қиладиган иши қолмайди. У Лондонга бориб Британияга ёрдам беришга қарор қилади. Поездда Британия разведкаси офицери Жорж Белловс билан учрашиб қолади. Агент қисқа суҳбатда Ҳоллнинг Британия Махсус операциялар махфий бошқармасига керакли одам эканини пайқайди.
Бошқарма раҳбарлари хизматга аёл кишини ва хорижликларни олишни хоҳлашмасди. Бундайларни душман ҳудудига юбориш тақиқланганди. Аммо ташкилот 6 ойдан бери Францияга 1 нафар ҳам айғоқчи киргиза олмаётганди. Чунки Францияда немисларнинг 3-ҳужуми бошланиб, яшаб қолиш имконияти 50га 50 бўлган вазиятда деярли ҳеч ким у ерда жосуслик қилишни истамасди. Ҳолл бу имкониятдан фойдаланишга қарор қилади ва Францияга жўнайди. Бу билан у Махсус операциялар махфий бошқармасининг Лондондан жўнатилган илк аёл хизматчисига айланди. Бутун уруш давомида бошқарманинг Франция бўлимига жами 41 нафар аёл жосус жўнатилиб, уларнинг 26 нафари тирик қолган. Шулардан бири Ҳолл эди. У Францияда норозилик ҳаракатларини ташкил қилиш, агентларни пул, қурол ва материаллар билан таъминлаш, ярадор агент, учувчиларга хавфсиз турар жой топиб бериш ва тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини бажаради.
«Бир бўлак совун мени жуда хурсанд қилган бўлар эди»
New York Times мухбири сифатида Францияда ўзини танитиши Ҳоллга маълумотлар йиғиш, одамлар билан интервьюлар қилиш ва ҳарбий режалар учун керакли ҳужжатлар тўплаш имконини берган. У ўзини сездириб қўймаслик учун тез-тез қиёфасини ўзгартириб туришга мажбур бўлган. 1941–1942 йилларнинг қиши Ҳолл учун жуда оғир ўтади. Чунки бу пайтда немислар англиялик жосуслар изига тушишган ва бир неча кишини қўлга олишганди. Ҳолл Махсус операциялар махфий бошқармасига ёзган хатида шундай дейди: «Менга бир бўлак совун жўнатсангиз, ўзимни жуда хурсанд ва тоза ҳис қилган бўлар эдим».
Ёғоч оёқда босиб ўтилган 50 километр
Ҳолл 1941 йил октябрда қўлга олинган 12 жосус Франциянинг Маузак қамоқхонасида сақланаётганини билиб қолади. У қамоқдагилардан бирининг рафиқаси билан маҳбусларни озод қилиш режасини тузади. Аёл эрига овқат олиб келиш билан бирга, калит ясаш учун асбоблар ҳам келтириб берган. Шундай қилиб, 1942 йилда маҳбуслар қамоқдан қочишга муваффақ бўлишади. Бундан ғазабланган немислар Ҳоллнинг изига тушишади. У 50 километрни пиёда босиб ўтиб, Испания чегарасига ўтиб олади. Чегарадан ноқонуний ўтгани учун бу ерда уни қамоққа олишади, бироқ АҚШ элчихонаси ёрдами билан Ҳолл озод бўлади.
Кекса аёл кўринишидаги айғоқчи
Лондонга қайтгач, махсус хизматдагилар унга Францияга қайтиб боришига рухсат беришмайди. Шу сабаб у Америка стратегик офиси билан боғланди. АСО Ҳолл учун сохта француз гувоҳномасини тайёрлайди ва 1944 йил уни Францияга жўнатади. АСО мақсади – Франциядаги «Мақуис» деб номланган қаршилик гуруҳларини қуроллантириш ва ўқитиш эди. Улар шу йўл билан «Мақуис»ларнинг 1944 йил июнда Нормандияга бостириб кириши, саботаж ва партизанлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлашлари мумкин эди.
Ҳолл Францияга кекса аёл қиёфасида қайтди. У Париж жанубини кекса сут сотувчи бўлиб кезади. Немис аскарлари гуруҳига пишлоқ тайёрлаб сотади. Шу билан бирга, юз кишидан иборат бир нечта қаршилик гуруҳларини қурол билан таъминлайди.
1943–1944 йиллар оралиғида Виржиния Ҳолл ва унинг қаршилик гуруҳлари 4та кўприкни вайрон қилишган, бир нечта темир йўлларни кесиб, ўнлаб юк поездларини издан чиқаришган. 150 немис аскарини ўлдириб, 300 нафарини асирга олишган.
Ҳолл урушдан кейин ҳам АҚШ учун фойдали шахс эди. У 1947 йилда Марказий разведка бошқармасига ишга киради ва разведка таҳлилчиси сифатида совет иттифоқининг Европа мамлакатларига кириб боришига оид муҳим маълумотларни тўплайди. Кейинчалик Европада коммунизм тарқалишининг олдини олиш учун тузилган махфий хизматда фаолият юритади. Марказий разведка бошқармаси Ҳоллни ўз тарихидаги энг оператив 5 ходимдан бири деб эътироф этган.
Мавзуга оид
16:21 / 06.10.2024
Урушда немислар томонида туриб жанг қилган сотқин гуруҳлар
16:28 / 23.08.2024
Молотов-Риббентроп пактига 85 йил: советлар нега ҳитлерчилар билан ҳамкорлик қилганди?
15:52 / 09.06.2024
Иккинчи жаҳон урушидаги энг йирик сотқинлик – генерал Власов нега ўз армияси билан немислар томонга ўтиб кетганди?
16:45 / 09.09.2023