Нурдинжон Исмоилов президент сайлови натижасига баҳо берди
“Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси президенти этиб сайлангани – мамлакатимизнинг барча фуқаролари ғалабасидир”, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов.
Исмоилов парламент сайтида эълон қилинган мақоласида шундай ёзади:
“Ўзбекистон халқи жамиятимизда рўй бераётган шахдам ва давомли ютуқларни, кўламдор ижобий ўзгаришларни, оддий фуқароларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, бағрикенглик, юксалаётган турмуш даражаси ва одамларнинг ҳаёт фаровонлиги ортиб бораётганлигини мамнуният ила Президент Шавкат Мирзиёев номи билан боғлиқ улкан воқелик дея, эътироф этадилар. Сайлов натижалари мазкур самимий эътирофнинг амалий исботи бўлди”.
Спикер, Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари лавозимидаги бундан кейинги фаолияти ҳам “дастлабки йилларда асос солинган истиқболли режалар, кенг кўламли ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлаши” ҳамда “келажакда мамлакатни янада ривожлантиришда ўзининг ёрқин ифодасини топиши”га ишонч билдирган.
“Бугун Ўзбекистон халқаро ҳамжамият томонидан қудратли, гуллаб-яшнаётган, мустақил, очиқ ва демократик давлат дея эътироф этилмоқда. Бу Шавкат Мирзиёевнинг турли даврларда амалга оширган ва унга ҳақли равишда чинакам миллий етакчи сифатида обрў-эътибор келтирган кўп йиллик самарали фаолияти натижасидир”, – таъкидлайди Исмоилов.
Спикернинг фикрича, Ўзбекистон халқининг амалдаги президентига яна бир бор ишонч билдиргани – бу “барқарор тараққиёт учун, Янги Ўзбекистоннинг нурли истиқболи учун берилган овозлардир”.
Қуйи палата раҳбари Мирзиёев 80,1 фоиз овоз тўплаганига муносабат билдираркан, бу сайловчилар томонидан ҳозирги сиёсат “астойдил қўллаб-қувватланиши”, президенти эришган “юксак эҳтиромнинг яна бир тасдиғи” бўлганини қайд этган.
У Шавкат Мирзиёевнинг “ватанимиз олдидаги улкан хизматлари, етакчилик иқтидори ҳамда заковати”ни эътироф этиб, уни “такрорланмас бурч ва масъулият соҳиби” деб таърифлайди.
“Давлатимиз раҳбарининг айнан бошқарувдаги ўзига хос қобилияти, танлаган йўли Ўзбекистоннинг тинимсиз ривожланиб боришига имкон бермоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар демократик ҳуқуқий давлатчиликни қарор топтириш ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш йўлидан оғишмай олға боришни таъминлайди.
Шавкат Мирзиёевнинг янги президентлик муддати мамлакатимизда кескин институционал ислоҳотларни амалга ошириш, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини бундан-да мустаҳкамлаш, қатор ижтимоий муаммоларни адолатли тарзда ҳал этиш ва энг асосий кўрсаткич – халқ розилигига эришишдек эзгу, кўламдор мақсадлари ушалишига имконият беради.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, биз барчамиз мамлакатимизнинг тан олинган етакчиси атрофида жипслашишимиз керак. Шуни чуқур англаган ҳолда парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари умумхалқ эътирофи, ишончига ва эъзозига сазовор бўлган Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган юртимизни юксакликка элтувчи йўлни тўлиқ қўллаб-қувватланишини таъминлашга азм-у қарор қилган”, – дея хулоса қилган Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов.
Мавзуга оид
18:24 / 22.11.2022
Қонунчилик палатаси спикери минглаб мактаблар Wi-Fi билан таъминланмаганини танқид қилди
11:20 / 25.09.2019
Нуриддинжон Исмоилов Евросиё мамлакатлари парламентлари спикерларининг 4-йиғилишида иштирок этди
14:11 / 27.11.2018
Нуриддинжон Исмоилов Нурсултон Назарбоев билан учрашди
15:48 / 26.11.2018