Ўзбекистон | 22:07 / 27.10.2021
14935
3 дақиқада ўқилади

“Очиғи, ўшанда роса алам қилганди” — Бухоролик тадбиркор президент селекторида 28 йил олдинги ҳолатни эслади

27 октябр куни президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича селектор ўтказди.

Фото: ЎзА

Йиғилиш давомида Бухоро вилоятидаги “Mergan Teks” МЧЖ раҳбари Иброҳим Ҳамроев сўзга чиқди ва ўз тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ вазиятни эслади.

“Бундан 28 йил олдин Ўзбекистоннинг энг олис қишлоқларидан бирида корхона очдим. У ерда “половая тряпка” деган маҳсулот ишлаб чиқардим. Тўғрисини айтсам, маҳсулотим жуда сифатсиз эди, қоп-қора эди ва бироз ҳиди ҳам бор эди. Шу маҳсулотимни хориж давлатларидан бирига экспорт қилмоқчи бўлдим.

Намунани олиб, чет элга чиқдим, аммо ҳеч кимга ўтказа олмадим. “Бу маҳсулотинг бироз қўланса ҳид чиқараркан, нарироққа ол”, дейишди. Очиғи, ўшанда роса алам қилганди, хўрлигим келганди.

Тақдир экан, орадан 28 йил ўтиб яна ўша давлатга бордим. Бу сафар битта жомадон эмас, тўрттасида намуна олиб бордим – шим, кўйлак ва бошқа маҳсулотлар. Бу мен учун шу қадар катта фахр ва ифтихор эдики, тасвирлаб бера олмайман.

Ҳурматли президент, сиз бундан беш йил олдин: “Энди пахтани четга шундай сотиб юбормаймиз, балки ўзимиз қайта ишлаб, тайёр маҳсулот қилиб сотамиз”, деган эдингиз. Тўғрисини айтсам, ўшанда кўпчилик, шу қатори мен ҳам бунга ишонмаган эдим. Орадан кўп ўтмай пахта тозалаш корхоналарини хусусий тадбиркорларга бердингиз, бу биз учун тасаввур қилиб бўлмайдиган нарса эди”, – деди Иброҳим Ҳамроев.

Тадбиркор ўз чиқишида пахта етиштиришга бўлган қарашларда ҳамон муаммолар борлиги, кластерлар ва фермерлар сувни тежовчи технологияларни қўллашда сусткашликка йўл қўяётганини ҳам таъкидлади.

“Албатта, ҳозир ҳамма кластерлар ҳам етарлича ишлай олмаяпти. Томчилаб суғориш технологияларини жорий этишда оқсаяпмиз. Биз шу муаммони ҳал этиш учун ҳаракат қиляпмиз, фермерга электр токи етказиб бериш бўладими ёки бошқа ёрдам керакми, ҳаммасини бажаряпмиз.

Ўтган давр мобайнида бир нарсага амин бўлдим, бизнинг ерларимиздан 70 центнер ҳосил олса бўларкан. Қизиқ томони, анъанавий тарзда пахта экиб, гектаридан 30 центнер оласизми ёки сувни тежовчи янги технологияни қўллаб, 70 центнер ҳосил оласизми, харажати тенг, ҳосил эса 2–2,5 баравар кўп бўларкан. Мен дафтаримга ёзиб қўйганман – ҳар икки ҳолатда ҳам нефт, кимёвий ўғит ва бошқа харажатлар тенг сарфланаркан”, – деди Иброҳим Ҳамроев.

Шавкат Мирзиёев йиғилиш давомида қишлоқ хўжалигида янги технологиялардан фойдаланиш зарурияти ҳақида гапирди.

“Бухоронинг ерида деҳқончилик қилиш осон иш эмас. Бу ерда уч марталаб шўр ювиш керак. Шундай экан, ривожланишни истайдиган бўлсак, замон билан тенг юришимиз ва технологиялардан албатта фойдаланишимиз шарт. Бу ишларни бажара олмаганлар ортда қолиб кетаверади”, – деди президент.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид